2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АРҒУМОҚЛАР БАҲОНА БОШЛАНГАН УРУШ

ёхуд Хан сулоласининг Фарғонага барбод бўлган юриши

Фарғона (Паркана) минтақамизнинг энг қадимий маданий ўчоқларидан ҳисобланади. Милоддан аввалги II минг йилликдаёқ бу ерда деҳқончилик маданияти тараққий эта бошлаган. Қадимги Фарғона аҳолисининг келиб чиқиши ҳақида юнон тарихчилари Сирдарё (Яксарт, Танис)нинг юқори оқимларида скифлар (саклар) яшайдилар, деб хабар берган.

Хитойликлар Фарғонани Давон (Улуғ Ван) деб атаганлар. Хитой манбаларига кўра, Фарғона қўшини 60 минг кишидан иборат бўлган. Фарғоналик ҳарбийлар айниқса, от устида камондан ўқ отишнинг устаси бўлишган. Улар найзалардан ҳам фойдаланган. Фарғоналиклар ҳаётида от, айниқса, уларнинг аъло насли бўлмиш арғумоқлар алоҳида ўрин тутганини инобатга олиб, лашкарнинг жанговар қисмини отлиқлар ташкил этган, деб айтиш мумкин. Хоразмликлар асос солган от ва чавандозни зирҳга чулғаш ва душман билан юзма-юз курашда камондан моҳирона фойдаланиш тактикаси фарғоналиклар учун ҳам яхши таниш бўлган. Бy тактика билан хитойликлар айнан Фарғонада танишганлар. Фарғона ҳарбийлари мудофаа санъати борасида маълум бир тажриба ва салоҳиятга ҳам эга бўлганлар. Чунончи, мудофаани ташкил этишда шаҳарлар имкониятидан кенг фойдаланилган. Масалан, пойтахт Эрши (ҳозирги Марҳамат қадимий Эрши шаҳрининг ўрни ҳисобланади) ички ва ташқи деворлар билан ўралган. Шаҳарнинг ички қисмида узоқ муддатга етарли миқдорда озиқ-овқат сақланувчи омборлар ва бошқа керакли муассасалар бунёд этилган.

Милоддан аввалги 129-128 йилларда Фарғонага Хитой элчиси Чжан Цян келади. Унинг асл мақсади минтақанинг Бақтрия қисмида ҳукмрон юечжилар билан xунларга қарши иттифоқ тузиш бўлиб, йўл-йўлакай Фарғонага ҳам кирган ва шу тариқа биринчи бор бу ўлка билан танишган. Фарғона ҳукмдори уни яхши қабул қилиб, кетар чоғида унга йўл кўрсатувчи алоқа (почта) хизматчиларини ҳамроҳ қилиб беради. Чжан Цян сафарни тугатиб Хитойга қайтгач, Хан сулоласи ҳукмдорига ўз таассуротларини сўзлаб беради. Чунончи, у, «Агар уларни бўйсундириш тадбири эпланса, Хитой мулкини (ғарбга томон) яна қарийб 10 минг лига (тахминан 5.800 км) кенгайтириш мумкин», деб алоҳида таъкидлайди. Бундан руҳланган ҳукмдор аввалига ғарбий ўлкаларга жосусларни юбориб, у ерлик ҳукмдорлар орасига  ўзаро низо уруғини сочишни буюради.

Кейинчалик бу томонларга, хусусан Фарғонага ҳам элчилар юбориб туради. Шу  ўринда Хитой элчиси Чи Линнинг Фарғонада бўлиши диққатга сазовордир. У кумуш ва олтиндан ясалган кўплаб от ҳайкалчалари билан Фарғонага келиб, эвазига Фарғонанинг машҳур арғумоқларидан сўрайди. Оқсоқоллар кенгаши унга рад жавобини бергач, Чи Лин аламидан сўкина бошлайди ва олтин от ҳайкалчаларни улоқтириб чиқиб кетади. Шу тариқа икки томон ўртасига совуқчилик тушади. Аслида Хан сулоласи ҳукмдорининг мақсади ҳам худди шу бўлиб, Фарғонага бостириб кириш учун баҳона керак эди.

Милоддан аввалги 104 йилда 6 минг отлиқ аскар ва бир неча 10 минг пиёдадан иборат Хитой лашкари Фарғона водийсида жойлашган «Ю» шаҳрига ҳужум қилади. Мудофаачиларнинг мардонавор қаршилигига қарамай, узоқ жанглардан сўнг шаҳар душман қўлига ўтади. Аммо кўплаб аскарларини йўқотган оч-наҳор Хитой лашкари орқага қайтишга мажбур бўлади. Худди шу йили хитойликларнинг 20 минг отлиқдан иборат бошқа бир лашкари ўз сардори Шо Ие Хэу бошчилигида хунларга таслим бўлади. Аччиғи  чиққан Хан сулоласи ҳукмдори нима қилиб бўлса ҳам Фарғонага ҳарбий юришни давом эттиришни талаб қилади. Хитойнинг Фарғонага интилиши шу қадар кучли бўлганки, бу сафарги юришда 60 минг аскар, уларга хизмат қилувчи 100 минг ҳўкиз, 30 мингга яқин хачир, эшак, туя қўшин ихтиёрида бўлган. Лашкарнинг турли қисмларига бошчилик қилиш учун 50 нафар йирик қўмондон тайинланган. Фарғона аҳли оқар сувдан истеъмол қилишини олдиндан билган хитойликлар дарё сувини бўғиш бў­йича усталарни ҳам бирга олиб келганлар. Хуллас, хитойлик муаллиф тили билан айтганда, бу сафар (тахминан мил. ав. 102-101 йиллар) бутун подшоҳлик жунбушга келган эди.

Хитой қўшини аввалига халқнинг қаттиқ қаршилигига тўқнаш келади. Оғир жанглардан сўнг фарғоналиклар Эрши шаҳрига чекинадилар ва шу тариқа шаҳар қамали бошланади. Хитойликлар шаҳарни сув билан таъминловчи дарёни бўғиб қўяди. Пойтахт узоқ муддат сувсиз қолиб, бу ҳолат мудофаачиларга таъсир этмай қолмайди. Душман ташқи деворни бузиб, шаҳар ҳудудига кирганида ҳам ҳимоячилар ички қалъадан урушни давом эттираверадилар. Бу орада фарғоналиклар қудуқ қазиб сув чиқаришни ўйлаб топади. Иккинчи томондан Хоразм қўшини фарғоналикларга ёрдамга келгани ҳақида хабар тарқалади. Шунда хитойликлар сулҳ тузиш йўлига кирадилар. Келишувга биноан уларга бир неча арғумоқ ва 3 минг бош ўрта ва паст зот тойчоқ ҳамда бия насиб этади. Хитойликларнинг Фарғонага уюштирган иккинчи ва сўнгги юриши шу тариқа барбод бўлади.

Полковник Муҳиддин УМАРОВ, майор Илҳом МИРВАЗОВ,

Қуролли Кучлар академияси

 

Информеры