2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КАТТА ШОВ – ШУВ!

Италияда бўлиб ўтган гандбол бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон кубоги баҳслари катта сенсация билан якунланди. Бош сабабчи Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бўлди.

Жаҳон кубоги баҳсларида Ўзбекистон шарафини Республика ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб-интернат ўқувчиларидан иборат жамоа ҳимоя қилди. Улар илк учрашувни гандбол Ватани ҳисобланмиш Дания мамлакати ёшлар терма жамоасига қарши ўтказди ва 30:9 ҳисобида ғалабага эришди. Бу барча гандбол мухлисларию мутахассисларни ҳайратга солди! Зеро, Дания миллий терма жамоаси амалдаги жаҳон чемпиони эди, ёшлари ҳам маҳорат бобида улардан қолишмасди.

Сенсация шу билан поёнига етмади. Истеъдодли мураббий Улуғбек Икромов шогирдлари 9 та жамоа иштирок этган гуруҳ босқич ўйинларида ушбу спорт турида жаҳоннинг етакчи давлатлари сирасига кирувчи Франция (22:16), Германия (28:9), Италия (22:15), Чехия (30:18), Польша (38:12), Венгрия (20:20), Туркия (34:15) каби мамлакат ёшлар терма жамоаларининг аксариятини йирик ҳисобларда мағлуб этиб, гуруҳдан кейинги босқичга чиқди.

Гандболчиларимиз ярим финалда яна Венгрия билан тўқнаш келди ва бу сафар гуруҳ босқичидан фарқли ўлароқ 28:18 ҳисоби билан ғалаба қозониб, финал йўлланмасини қўлга киритди.

Ҳал қилувчи финал баҳсида эса вакилларимизга яна таниш рақиб – Чехия ёшлар терма жамоаси қарама-қарши келди. Бу сафар гандболчиларимизга бироз омад етишмади – деярли тенгма-тенг кураш остида кечган ўйин 26:25 ҳисобида Европа вакилларининг ғалабаси билан якунланди.

Ҳа, жаҳоннинг 32 та давлатидан жамоалар ғолиблик учун баҳс олиб борган мусобақа якунида ёшлар терма жамоамиз кумуш медаль билан тақдирланишдики, бу нафақат юртимиз гандболи тарихида, балки жаҳон миқёсида катта сенсация бўлди. Баракалла йигитлар!

Р. ЭРМУҲАММАД

 

Информеры