2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БИТТАДАН КУМУШ ВА БРОНЗА

Жанубий Кореянинг Чунчхон шаҳрида таэквондо бўйича «Chuncheon Open» халқаро турнири бўлиб ўтди. Унда юртимиз спортчилари, жумладан Мудофаа вазирлиги спорт клуби (МВСК) вакили ҳам иштирок этди.

2020 йили Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпиада ўйинлари яқинлашган сари унга саралаш мусобақалари ёки рейтинг улашувчи турнирлар тобора авж олмоқда. «Chuncheon Open» халқаро турнири ҳам «Токио – 2020»га рейтинг очколарини тақдим этиши билан таэквондочилар учун аҳамиятли эди. Мазкур мусобақада юртимизнинг 4 нафар вакили қатнашди ва икки нафари совриндор бўлди.

Мусобақани қизлар бошлаб берди. Ҳамюртимиз Мадинабону Маннопова қуръага кўра ўз вазн (-49 кг) тоифасидаги баҳсларга иккинчи босқичдан қўшилди. У дастлаб мезбонлар вакилидан, чорак финалда эса хитойлик рақибасидан устун келди, бироқ ярим финалда Хитой Тайпейи вакиласига ютқазиб қўйди. Бу натижа М. Манноповага турнирнинг бронза медалини тақдим этиш билан бирга Токио ёзги Олимпиадаси йўлида жамғараётган рейтинг очколарини 7.2 га кўпайтириш имконини ҳам берди.

Эртаси куни +73 килограмм вазн тоифасида даянга чиққан ҳамюртимиз Светлана Осипова дастлаб Голландия, кейин Австралия таэквондочисини мағлуб этиб, финалга йўл олди. Олтин медаль учун кечган жангда эса мусобақа мезбонларидан бирига 3:4 ҳисобида имкониятни бой берди ва мусобақани кумуш медаль билан якунлади.

Дастлабки икки вакилимиз бронза ва кумуш медалларни қўлга киритгач, юртимиз спорт мухлислари қолган икки иштирокчимизнинг ҳеч бўлмаса биридан олтин медаль кута бошлашди, чунки бунинг учун асослар етарли эди. Хусусан, МВСК аъзоси Никита Рафалович Жанубий Кореяга ўтган йили Вьетнамда ўтказилган қитъа биринчилигида барча рақибларини мағлуб этган халқаро тоифадаги спорт устаси, яъни Осиё чемпиони сифатида борганди, зеро у 2018 йилги Осиё ўйинларининг ғолиби ҳам эди. Қолаверса, Жанубий Корея даянлари ҳам Никита учун бегона эмасди, у бу ердан икки марта (2014 йил, «Коrea  Open», кумуш медаль; 2014 йил, ХVII Осиё ўйинлари, кумуш медаль) совриндор бўлиб юртимизга қайтганди. Аммо бу спорт, озгина хотиржамликка берилиш ҳам спортчини жазолайди. Никитанинг Жанубий Кореяда яна совриндор бўлиши учун «бир қадам етишмади», яъни 74 кг.гача вазн тоифасида даянга чиққан таэквондочимиздан ярим финалда омад юз ўгирди. «Chuncheon Open»даги тўртинчи иштирокчимиз Шоҳруҳ Ражабов (+87 кг) ҳам айнан ярим финалда баҳсларни тўхтатди. Совриндор бўлмаса-да, спортчиларимиз Токио Олимпиадаси йўлида ўзларига керакли бўлган қимматли рейтинг очколарини ишлашга муваффақ бўлишди.

Р. ЭРМУҲАММАД

 

Информеры