2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ХХХ БУТУНЖАҲОН ЁЗГИ УНИВЕРСИАДАСИ

ЎЗБЕКИСТОН МАРКАЗИЙ ОСИЁ БЎЙИЧА БИРИНЧИ

Италиянинг Неаполь шаҳрида талаба ёшлар ўртасида юбилей – ХХХ Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинлари якунланди. Ўзбекистон спорт делегацияси бу галги «Кичик Олимпиада»нинг 2 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза, жами 8 та медалига эгалик қилиб, Осиё мамлакатлари орасида олтинчи, Марказий Осиё минтақасида эса энг юқори кўрсаткични қайд этди. Ушбу муваффақиятда армия Олий спорт маҳорат мактаби тарбияланувчиларининг ҳам муносиб улуши бор.

Халқаро талабалар спорт федерацияси (FISU) шафелигида 18 ёшдан 26 ёшгача бўлган талаба-спортчилар ўртасида ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинадиган мазкур мусобақа борган сари оммавийлашиб, даражаси ҳам ошиб бормоқда. Бу галги мусобақада дунёнинг 112 та мамлакатидан қарийб 6 минг нафар спортчи қатнашди ва 18 та спорт тури бўйича 222 та медаллар шодаси учун ўзаро баҳс олиб боришди. Ўзбекистонлик талаба-спортчилар ушбу нуфузли мусобақанинг 8 та спорт тури бўйича баҳсларида қатнашишига қарамай, якунда 8 та медаль билан норасмий умумжамоа ҳисобида 19-поғонани эгаллади. Вакилларимиз эришган муваффақият нечоғлиқ салмоқли эканлигини Германия, Испания, Канада, Чехия, Венгрия, Португалия, Голландия, Дания, Хорватия, Австрия каби давлатлар биздан ортда қолганидан ҳам англаш мумкин. Биз билан доимий рақобатда бўлувчи қўшни қозоғистонликлар эса бу гал битта олтин, 5 та кумуш, битта бронза, жами 7 та медаль билан 25-поғонадан жой олишди.

Ўзбекистон вакилларининг «Неаполь – 2019»даги муваффақиятида армия Олий спорт маҳорат мактаби тарбияланувчиларининг, яъни Мудофаа вазирлиги спорт клуби (МВСК) ­аъзоларининг ҳиссаси катта бўлаётгани, хусусан икки нафар дзюдочи бронза медалини қўлга киритгани ҳақида газетамизнинг олдинги сонида тўхталиб ўтгандик. Бир неча кундан сўнг МВСКнинг яна бир аъзоси, таэквондочи Ниёз Пўлатов «Кичик Олимпиада»да дзюдочи клубдошларидан ҳам кўра юқорироқ натижа кўрсатди. Таэквондо WTF бўйича ўтказилган баҳсларда 63 кг.гача вазн тоифасида даянга чиққан Ниёз дастлаб Хорватия, кейин Италия таэквондочисини мағлуб этди. Чорак финалда эса туркиялик Меркан Долмакдан устун келди. МВСК аъзоси ярим финалда хитойлик Ву Йичаога қарши баҳс олиб борди ва 5:3 ҳисобида ғалаба қозониб, финалга чиқди. Афсуски, ҳал қилувчи баҳсда эронлик Сороуш Аҳмадга имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан кифояланди. Қизиғи, Пўлат ўтган йили Индонезияда ўтказилган ХVIII Осиё ўйинларида ҳам кумуш медалга эгалик қилганди. МВСКнинг бошқа икки нафар таэквондочиси – Шаҳбоз Шофайзиев ва Нигора Турсунқуловадан эса Италияда омад юз ўгирди.

«Универсиада – 2019»га борган МВСК енгил атлетикачилари – Шоҳруҳ Давлатов, Дмитрий Мельситов, Нурхон Муҳитдинова ва камондан отувчи Юнус Сармамбетов ҳам Неапольда ўз имкониятлари даражасида қатнаша олишмади. Натижада Италияга борган 14 нафар МВСК аъзоларидан 3 нафари совриндор (битта кумуш, 2 та бронза) бўлди.  

Ниёз Пўлатов бошлаб берган ўзига хос ҳарбийча шиддатни мусобақанинг ўнинчи куни юртимиз теннисчилари давом эттиришди. Эътиборлиси, эркаклар ўртасидаги ҳам яккалик, ҳам жуфтлик баҳсларининг финал ўйинлари ўзбек ўғлонлари иштирокида ўтди ва терма жамоамиз ҳисобига қўша-қўша медалларни тортиқ этди.

Мусобақадаги иштирокини иккинчи даврадан бошлаган теннисчиларимиз – Ҳумоюн Султонов ва Санжар Файзиев тандеми дастлаб Таиланд, сўнг Жанубий Африка жуфтлигини мағлубиятга учратди. Чорак финалда Хитой Тайпейи жуфтлиги доғда қолдирилди. Теннисчиларимиз ярим финалда хитойлик Хао Ву ва Шуаи Ху жуфтлигига қарши кортга чиқди ва 7/6 (2), 6/2 ҳисобларида муваффақият қозонди.

Финал ўйини эса янада оғир кечди. Биринчи сетда теннисчиларимиз Жанубий Корея вакиллари Сеочанг Хонг ва Санхуи Шин жуфтлигини қийинчилик билан енгди – 7:5. Иккинчи сетда эса рақиблар устун келди – 4:6. Ҳисобнинг бундай тус олиши олтин медаль Жанубий Корея вакилларига кетишини билдирарди. Аммо теннисчиларимиз тушкунликка тушишмади, ҳужумга зўр бериб, ҳал қилувчи сетни ўз фойдаларига ҳал этишди – 10:5. Шу тариқа Санжар ва Ҳумоюн терма жамоамизга «Кичик Олимпиада»нинг олтин медалини тақдим этди. Бу медалнинг қиймати ғоят юқори бўлди. Биринчидан, у Ўзбекистоннинг Универсиада ўйинлари тарихидаги теннис бўйича илк олтин медали эди. Иккинчидан...

Эртаси куни теннис бўйича йигитлар ўртасидаги яккалик баҳслари финалида Ҳумоюн Султонов Хитой Тайпейи вакили Тсенг Чун­Хсинга қарши кортга чиқиб, биринчи сетда тай-брейкда ғалаба қозонган бўлса, иккинчи ва учинчи сетларда 6:3, 6:1 ҳисобида рақибига имкониятни бой бериб қўйди ҳамда терма жамоамизга кумуш медални тортиқ этди. Шу тариқа, «Неаполь – 2019»нинг теннис бўйича эркак­лар ўртасидаги баҳсларида вакилларимиз биттадан олтин ва кумуш медални қўлга киритиб, умумжамоа ўртасида ҳам 1-ўринни эгаллади ва Ўзбекистон ҳисоби яна битта олтин медалга бойиди. Ҳа, мусобақа тартибига кўра, теннис баҳсларида умумжамоа ҳисобида очколар бўйича ғолиб чиққан жамоага ҳам олтин медаль берилади.

Ўзбекистон делегацияси XXX Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларини 2 та олтин ва 2 та кумуш ҳамда 4 та бронза, жами 8 та медаль, норасмий умумжамоа ҳисобида 19-ўрин билан якунлади. Бу натижа Осиё мамлакатлари орасида олтинчи, Марказий Осиё минтақаси бўйича эса энг яхши кўрсаткич демакдир.

XXX Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларининг тантанали ёпилиш маросимидан кейин мусобақанинг рамзий байроғини Неаполь шаҳридан Хитойнинг Чэнду шаҳри қабул қилиб олди. XXXI Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларига 2021 йил 8 – 19 август кунлари Чин юрти мезбонлик қилади.

Расул ЖУМАЕВ

 

Информеры