2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЯНГИ ҚИЁФА КАСБ ЭТАЁТГАН ҲАРБИЙ ҚИСМ

Жорий йилнинг май ойида мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов бошчилигидаги сайёр қабул гуруҳи Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг Сурхондарё вилояти, «Какайди қўрғони»да жойлашган ҳарбий қисмга ташриф буюрган эди...

Мудофаа вазири ўринбосари ҳарбий қисмдаги мавжуд шарт-шароитлар билан танишаркан, ҳарбий қисмни замонавий қиёфага келтириш, ҳарбий шаҳарчада яшаётган ҳарбийлар оила аъзоларининг фаровон турмуш даражасини ошириш, уй бекаларига қўшимча иш ўринлари яратиб бериш ва бошқа муҳим масалалар юзасидан қатор вазифалар қўйган эди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментининг бир гуруҳ ходимлари мазкур ҳарбий қисмда жадал амалга оширилаётган ишларни кўриб, қўйилган вазифаларнинг аъло даражада бажарилаётганига амин бўлди.

Хусусан, ҳарбий қисмга ўзгача кўрк қўшадиган ландшафтли безаклар, турли хил субтропик ўсимликларни экиш ишлари авжида.

Гўзаллик салони, озиқ-овқат дўкони, тикувчилик цехи каби хизмат кўрсатиш шохобчаларининг иш бошлагани ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари учун айни муддао бўлди.

– Бу тикув цехи фаолиятини бошлаганига ҳали бир ой ҳам бўлмади, – дейди ҳарбий хизматчи Дилмурод Убайдуллаевнинг рафиқаси Дилдор Боймуродова. – Ҳарбий шаҳарчамизда яшовчи беш нафар уй бекасини тикувчиликка жалб этдим. Асосан ҳарбий кийимлар тикамиз. Чеварлар қисқа муддатда бир нечта буюртмалар қабул қилиб, кийимларни тайёр ҳолатда буюртмачиларга топширишмоқда. Август ойида олти дона замонавий тикув машинаси харид қиламиз.

Ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ёзги таътилни мароқли ўтказишлари учун информатика, адабиёт, математика каби фанлар ҳамда турли спорт тўгараклари ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳарбий қисм округ миқёсида ўтказилган энг намунали ҳарбий қисм кўрик-танловида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди.

А. АНВАРОВ

Информеры