2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ЖОНАЖОН ЎЗБЕКИСТОНИМ, МАНГУ БЎЛ ОМОН!»

Пойтахтимиздаги ҳарбий қисмларнинг бири томонидан Юнусобод туманидаги 271-умумтаълим мактабида ана шу шиор остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Мудофаа вазирлиги қўшинларида жума  «Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни» этиб белгилангани боис, мазкур йўналишда турли тадбирлар, учрашувлар ташкил этиш анъана тусини олган. Президентимиз томонидан илгари сурилган беш  ташаббус ижроси доирасида ўтказилган тадбирда намойиш этилган ҳарбий анжом ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси, кўчма кутубхона, рассомлик, қўшиқлар ижроси мактаб ўқувчилари учун чинакам байрамга айланди.

Ҳарбий хизматчилар томонидан қўл жанги, футбол, стол тенниси, шахмат, шашка бўйича олиб борилган маҳорат сабоқлари болажонларга хуш кайфият улашиш баробарида спортга қизиқишларини оширди.

Мактаб ўқувчиларининг Ватанга садоқат, мардлик ва жасорат туйғуларини улуғловчи бадиий-мусиқий чиқишлари барчага манзур бўлди. Ёшларни тинчликнинг қадрига етиш, мустақиллигимизни қўз қорачиғидек асраб-авайлашга ундаган тадбирда фаол иштирок этган ўғил-қизларга ҳарбий қисм томонидан китоблар жамланмаси туҳфа этилди.

Д. РЎЗИҚУЛОВ

 

Информеры