2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ОХ, СЕНИНГ ЁШЛИГИНГ МЕНДА БЎЛСАЙДИ»

Тонг саҳарда ҳамкасбларимиз билан йўлга отландик. Бир тарафда кўм-кўк сув, бир тарафда келбатли тоғлар. Улар орасидан ўтиб, «Тонг» болалар оромгоҳига етиб бордик.

Оромгоҳ Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига қарашли бўлиб, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган. Жазирама иссиқ кунларда бу каби салқин жойлар жонингизга ором беради. Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг спорт йўналиши бўйича мусобақага тайёр турган беғубор олам эгаларидаги қувонч кишига кайфият бағишлайди. «Соғ танда – соғлом ақл», деган нақлга амал қилиб, кимдир курашиш учун махсус либос кийган, кимдир қўлига қўлқоп тақиб жангга тайёр, баъзилари арқон тортишда ютқазиб қўймаслиги учун олдиндан машқ қиляпти. Буларнинг барчаси спортни ривожлантириш билан бир қаторда, болаларнинг соғлом бўлиб улғайишига ҳисса қўшади. Шу орада кўзлари катта-катта, қорамағизгина қизалоқ олдимизга югуриб келди ва ҳамкасбларимиздан бирини маҳкам қучоқлаб олди. Кимгадир ўхшатган ёки ота-­онасини соғинган деб ўйладик. Кейин билсам, биз билан бирга борган хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича вакиллари тез-тез уларникига бориб, қадрдон бўлиб кетган экан. У билан суҳбатлашдик. 9 ёшли қизалоқ оромгоҳ ҳақида ўз фикрларини айтиб берди.

– Ҳарбийлар оиласида туғилганман, ҳар йили ёзда оромгоҳда бўламан. Бу ернинг овқатлари мазали, янги ўйинлар ўргандим, республикамизнинг турли ҳудудларидан келган тенгдошлардан  дўстлар орттирдим. Тарбиячи опалар самимий, ҳар куни қизиқарли машғулотлар билан бандмиз. Вақтимиз унумли ўтади. Кейинги йил яна келаман, – дейди Моҳира.

Оромгоҳда малакали мураббийлар томонидан спорт машғулотларининг сифатли ўтиши ташкил этилган тадбирдан ҳам кўриниб турибди. Айниқса, «Узунликка сакраш», «Стол тенниси» каби йўналишларга болаларнинг қизиқиши ўзгача экан.

Мусобақа якунида диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланган ғолибларнинг кайфияти янада кўтаринки бўлди. «Дадам уйимизга ишхонасидан олиб келган совринларни кўриб, ҳавасим келарди. Энди мен ҳам уйга диплом билан бораман», дейди ғолиблардан бири.

Жараённи кузатиб туриб, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси Дилбар Ҳусанова шоирнинг бир сатрини ёдга олиб «Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди», деди беихтиёр.

Болажонлар қувончига хайрихоҳ тарзда ҳавас ила айтилган бу сўзлар ҳамон қулоғимизда жаранглаб турибди.

Шоҳсанам ОДИЛЖОН қизи

 

Информеры