2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МИЛЛИЙ АРМИЯМИЗ – ШОНУ ШАВКАТИМИЗ!

Тинчлик – олий саодат

Дунё кезган инсонлар билан суҳбатлашишни яхши кўраман. Яқинда жуда кўп чет эл сафарида бўладиган курсдошим нотинчлик ҳукм сураётган давлат чегарасида бўлиб қайтибди. «Кўчада фақат қурол ушлаган ҳарбийларни кўрдим, – дейди у. – У ерларда кўзни яшнатадиган нарсанинг ўзи йўқ. Ҳаёт кечириш осон эмас. Лекин мана шундай шароитда ҳам одамлар яшаяпти. Сафарим давомида Ватанимнинг тошу гиёҳигача мен учун қадрли эканлигини ҳис қилдим, тинчлик бебаҳо неъмат эканлигига шукрона келтирдим». Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукур қил, деб бежиз айтишмас экан. Курсдошим билан бўлган ўша суҳбатдан сўнг ҳаёт завқи, фарзандлар камоли, меҳнатнинг роҳат-ҳузурини ҳис этиш, бу дунёда муносиб умр кечириш учун энг аввало юртда тинчлик ҳукм суриши кераклигини яна бир бор дилдан ҳис қилдим…

Шон-шарафга йўғрилаётган соҳа

Бугун кенг жамоатчилик Қуролли Кучларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, юрт посбонларига кўрсатилаётган эътибор, яратилаётган имтиёзлардан яхши хабардор. Президентимиз белгилаб берган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ўтган қисқа вақт ичида соҳада изчил ишлар амалга оширилди ва аниқ натижаларга эришилди. Энг биринчи навбатда ташқи сиёсатимизнинг мослашувчанлиги ва очиқлиги, қўшинларимиз билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантириш, Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитетини сақлаш энг устувор вазифа эканлиги ҳақидаги принциплар асосида Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси янгиланган ҳолда қабул қилинди. Қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, «Миллий армиямиз – бизнинг ғуруримиз, фахримиз» тамойили асосида мудофаа соҳасида ягона давлат сиёсатининг жамоатчиликка етказилиши йўлга қўйилди.

«Мен бахтли онаман, – дейди аскар онаси Дилфуза опа Тошмуҳаммедова. – Чунки бугун менинг ўғлим Ватан ҳимоячиси! Мен фарзандим туфайли «Аскар онаси» деган шарафга эришдим. Бундан кўксим тоғ, ғурурим осмон. Бундай эътироф нақадар ёқимли эканлигини фарзандлари миллий армия сафларида хизмат қилаётган оналар яхши билишади…»

«Ўғлим Бегзоджон яқинда Қуролли Кучлар академиясини тамомлади. Энди у офицер! – дея ўз ҳаяжонини ифодалаган яна бир муштарийимиз Одилжон Бекмуродов. – Бегзоджоннинг битирув тантанасига оилавий жам бўлиб бордик. Тўнғичим укаларига ибрат бўляпти. Бизнинг ишончимизни оқлаяпти. Нафақат укалари, балки қўни-қўшниларнинг болалари, жиянлари ҳам унга ҳавас қиляпти бугун. Унинг номини айрича меҳр билан тилга олаётган болаларга қараб юрагимни фахр ва ифтихор ҳисси чулғайди. Кўрсатганига шукур, дейман».

Бу хатлар республикамизнинг турли вилоятларида истиқомат қилаётган бахтиёр ота-оналардан келган. Қувонч ва ҳис-ҳаяжонга йўғрилган бу дил номаларида рўёбга чиққан орзулар сурури бор, қувонч бор, шукроналик бор. Бу ҳарбий соҳадаги ислоҳотларнинг маънавий самарасидан, юртимизда ҳарбийлик шон-шарафли касблардан бирига айланганидан далолат беради. Оналар, оталар қалбидаги ризолик – бу ишонч демак. Аслида ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам шу эди.

Кўнгилдан бошланган ободлик

Бугун армия ва халқ якдиллигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг сифат жиҳатдан бутунлай янги босқичга кўтарилишида жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг фаоллиги ва роли беқиёс бўлганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Амалга оширилган энг катта янгилик ҳудудларда ҳарбий-маъмурий секторлар ишининг йўлга қўйилгани бўлди. Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз бўйлаб қилаётган сафари давомида бевосита вилоятлардаги ҳарбий-маъмурий секторлар фаолияти билан ҳам яқиндан танишяпти. Бу йўналишда берилган вазифалар ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни назорат қилиш асносида ҳарбий қисмлардаги шарт-шароитларни кўздан кечиряпти, ҳарбий хизматчиларнинг машғулотларини кузатиб, аскар ва офицерлар билан мулоқот қиляпти.

«Ҳарбий қисмларда ўзгаришлар катта, – дейди яқинда Шарқий ҳарбий округга хизмат сафари билан борган ҳамкасбимиз ҳаяжон билан. – Ободликдан кўнглимиз кўтарилди. Жуда файзли масканга айланган. У ерда ҳарбийларнинг нафақат жисмоний, балки маънавий-маърифий тайёргарлигига ҳам етарлича эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўлдик. Ватан ҳимоячиларининг ҳар куни китоб ўқиши, ҳатто чет тилини ўрганиши учун ҳам имконият бор. Тўғриси, ҳарбий хизматчиларнинг мана шундай шароитда хизмат қилаётганига ҳавасим келди».

Ҳақиқатан ҳам бугун ҳарбий қисмлардаги шарт-шароит ва имкониятлар мақташга, эътироф этишга арзигулик. Бундан ҳарбий хизматчилар ҳам мамнун. Бу мамнуният уларнинг Ватан учун қилаётган фидойи хизматлари ва садоқатида акс этяпти. Қуролли Кучларимиз сафида шундай содиқ ўғлонларнинг борлиги эса тинч ва осуда ҳаётга, буюк келажакка бўлган ишончимизни мустаҳкамлаяпти.

Оилалар фаровонлиги асоси

Оиласидан кўнгли тинч, рўзғори обод бўлган инсоннинг ишида, хизматида унум бўлади. Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган эътибор замирида мана шу тамойил бор. Бу йўналишда босқичма-босқич амалга оширилган ислоҳотлар самараси ўлароқ ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий-маиший, яшаш ва хизматни ўташ шароитлари яхшиланди. Уй-жой таъминоти мукаммал равишда йўлга қўйилгани, айниқса, қувонарли. Бу борада бир қатор дастурлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар амалиётга татбиқ қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 30 мартидаги «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун уй-жой қуриш дастури тўғрисида»ги Қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари ҳамда якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Қарори фикримизнинг яққол далилидир. Президентимизнинг қарорига мувофиқ, 2018 йилда Республикамиз бўйлаб ҳарбий хизматчилар учун барпо этилган кўп қаватли уйлардаги 2190 та тайёр хонадон фойдаланиш учун топширилди. 2019 йилда бу кўрсаткич 1974 тани ташкил қиляпти.

Улар эртанги кун эгалари

2018 йил ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун хушхабарларга бой йил бўлди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 14 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ жорий йилдан бошлаб ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари олий таълим ва олий ҳарбий таълим муассасаларга квота асосида ўқишга кириши ва давлат гранти асосида таълим олиш имкониятини қўлга киритди. Аслида бу жуда катта имтиёз. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бу эътибор, ғамхўрликдан ота-оналар ҳам, фарзандлар ҳам хурсанд.

– Менга берилган имтиёздан фойдаланган ҳолда ўзим орзу қилган Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юртига ўқишга киришга мушарраф бўлдим, – дейди ана шундай ёшлардан бири майор Норбўта Ҳайдаровнинг фарзанди Ғиёсиддин Тўрақулов.

– Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг экономика ва менежмент факультетига ўқишга кирдим, – дейди сержант Дилфуза Маматханованинг фарзанди Ситораи Моҳи-хосса Қурбонова. – Диёра опам ҳам шу университетда таҳсил олади. Мен уларга ҳавас қилиб мазкур университет қошидаги академик лицейда таҳсил олдим. Инглиз тилида бемалол суҳбатлаша оламан. Чунки икки йил давомида репетиторга қатнаганман. Қолаверса, уйда опам билан фақат инглиз тилида гаплашамиз. Орзуим – малакали дипломат бўлиб, юртимизнинг чет эллардаги мавқейини янада мастаҳкамлаш ва Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишдир. Орзуимга етишишим учун имконият берган давлатимизга, шу билан бирга Мудофаа вазирлигига ўз ташаккуримни изҳор қиламан.

Ёниқ юракли ёшларнинг қувончига шерик бўлиш ҳам завқли. Орзулари осмон, ҳаракатлари чақмоқ бу ёшлар албатта Ватанимиз ишончини оқлайдилар.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры