2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ҲАЛИ БУНАҚАСИ БЎЛМАГАН!»

дейди блогер Муслим МИРЗАЖОНОВ

Мудофаа вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Жиззах вилоятида жойлашган «Фориш» тоғ полигонида медиа-тур ташкил этилди

Марказий ҳарбий округнинг кўплаб халқаро ҳарбий ҳамкорлик машғулотларига мезбонлик қилган «Фориш» тоғ полигонида ҳадемай V Халқаро армия ўйинларининг «Ҳарбий-тиббий эстафета» йўналиши бўйича мусобақалар ўтказилади.

Ана шу мусобақалар олдидан республикамиз телерадиоканаллари («Ўзбекистон 24», «Ёшлар», «UzReport», «Sevimli TV»), интернет нашрлари («ЎзА», «Daryo.uz», «Kun.uz», «Gazeta.uz») ҳамда таниқли блогерлар (Даврон Тожиалиев, Исроил Тиллабоев, Ғайрат Йўлдош, Муслим Мирзажонов ва бошқалар)дан иборат жами 30 дан ортиқ ОАВ вакиллари мазкур полигонда хорижлик ҳарбийларни кутиб олиш учун яратилган шароитлар, халқаро армия ўйинларига кетаётган қизғин тайёргарлик ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлиги билан яқиндан танишдилар.

– Ҳали бунақаси бўлмаган, – дейди блогер Муслим Мирзажонов. – Тан олиш керак, Мудофаа тизимида шу кунгача ҳар томонлама мукаммал ташкил этилган бундай медиа-турни кўрмаган эдим.

Журналистлар саволларига Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икрамов, Мудофаа вазирлиги тиббий таъминот бошқармаси бошлиғи полковник Носиржон Фозилов ва бошқа масъул офицерлар жавоб берди.

V Халқаро армия ўйинлари Россия, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Эрон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Мўғилистон, Ўзбекистон каби давлатлар ҳудудларида ўтказилади. Жами 32 йўналиш бўйича 85 давлатдан 6 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашади.

Ўзбекистон мезбонлик қилаётган Халқаро армия ўйинларининг «Ҳарбий-тиббий эстафета» йўналишида жами 11 та давлат – Арманистон, Ангола, Россия, Озарбайжон, Вьетнам, Замбабве, Беларусь, Мьянма, Тожикистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ҳамда Венесуэла кузатувчи мақомида иштирок этади.

Ҳарбий шифокорлар ва тиббий бўлинмалар ўқ отиш, махсус тиббий машқларни (биринчи ёрдам, ярадорни жанг майдонидан олиб чиқиш ва ҳ.к.) бажариш бўйича беллашадилар. «Ҳарбий-тиббий эстафета» баҳслари 2 та: яккалик ва жамоавий биринчилик бўйича ўтказилади. Турнир регламентига кўра, мусобақада ҳар бир делегация 20 нафар қатнашчидан, 3 кишилик маъмурият таркибидан ташқари, эркаклар жамоаси 7 та, аёллар жамоаси 10 та иштирокчидан иборат бўлиши лозим.

Журналист ва блогерлар тоғ-дала-ўқув майдонида Қуролли Кучларимизда мавжуд бўлган энг замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан бевосита танишдилар, ўқ отиш машғулотида қатнашдилар. «Аскарча тушлик» ва қўл жанги намойиши уларда унутилмас таассурот қолдирди.

Ўйлаймизки, оммавий ахборот воситалар ходимлари медиа-турдан сўнг мамлакатимизда ўтказиладиган Халқаро армия ўйинлари ҳақида кенг оммани хабардор этиш ва уни ёритиб боришда жонбозлик кўрсатади.

Муҳаммаджон ХЎЖАЕВ

 

Информеры