2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

СТРАТЕГИК ТАФАККУР СИНОВИ

Қуролли Кучлар академияси халқаро андозалар даражасидаги олий ҳарбий таълим муассасасига айланди. Бу масканда хорижий делегация вакилларини кунда-кунаро учратиш мумкин. Тингловчилари ҳам ҳар қандай чет эллик мутахассис билан эркин мулоқотга, баҳсга кириша олади.

Ўтган йиллар давомида академияда олий қўмондонлик таркиби ҳамда бошқарув органларига мансуб офицер-кадрларни тайёрлаш, мудофаа қурилиши, ҳарбий фан муаммолари бўйича илмий тадқиқотлар олиб боришда улкан ишлар амалга оширилди. Академия битирувчилари Қуролли Кучлар қўшинларида раҳбарият таркибига мансуб лавозимларда давлат мудофаа қудратини ошириш ишида самарали фаолият олиб бормоқда.

Қуролли Кучлар академиясининг Ҳарбий хавфсизлик ва давлат мудофааси факультетида икки йиллик таҳсилни якунлаётган навбатдаги тингловчилар давлат имтиҳонларини топширишмоқда. «Миллий ғоя ва Ўзбекистон тараққиёти стратегияси» ва мажмуавий оператив-тактик фанлар ҳамда хорижий тиллар бўйича ўтаётган давлат имтиҳонларини кузатсангиз, ўзларига ишонч ва дадиллик билан жавоб бераётган битирувчиларни кузатиб, юқоридаги фикримизга ўзингиз ҳам амин бўласиз.

Тингловчиларнинг хорижий тиллардан имтиҳон топшириш жараёни. Улар чет тилида бемалол нутқ ирод қилиб, саволларга равон ва тез жавоб қайтаришар ҳамда кўргазмали қуроллар воситасида берилган топшириқларни осонгина шарҳлаётганди. Ҳа, ҳақиқий профессионаллар ана шундай бўлиши керак, деган фикрлар ўтди хаёлимиздан.

– Ўз соҳамизни яхши ўзлаштирганимиз келгуси хизмат фаолиятимизда албатта, қўл келади. Шу ўринда бизга таълим-тарбия берган фидойи устоз офицерлар, профессор-ўқитувчилар меҳнатини алоҳида тилга олишимиз жоиз. Улар сабаб, биз шу даражага етдик. Ўрганган билим, тажриба ва кўникмаларимизни амалиётда қўллаб, миллий армиямизнинг янада мустаҳкамланишига ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз, – дейди майор Жасур Авазов.

Ҳусниябону ЖЎРАЕВА

 

Информеры