2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МАРДЛАР ЮРТИДАГИ МАРД ЎҒЛОН

Маҳаллада алп келбатли, ҳаммага фойдаси тегадиган йигит улғайса, халқ орасида уни мард йигит бўлипти дейишади. Қизи бор аёллар, «қани энди, шу йигит куёвинг бўлса» деса, яна бири «шундай ўғлинг бўлса-да» деб ширин орзулар билан дуо қилишади. Дарҳақиқат, оилада ўғил фарзанд дунёга келса, бизни асрайдиган инсон туғилди, деб бутун қавм қувонар экан. Оталар, наслимни давом эттиргувчи зурриётим деб элга ош беради. Бир онанинг кўз нури, бир отанинг ғурури, бир муслимага суянч бўлувчи мардлар сафи кенгайгани сайин кўнглимиз қувончга тўлади. Йигит киши бўлиб туғилиш ҳар қандай мукофотдан улуғ лекин юртга қилинган меҳнатлари эъзозланиб, «Мард ўғлон» номли юксак давлат мукофоти билан тақдирланса, унинг масъулияти ва қувончи ўзгача бўлса керак. Бугун газетамиз орқали «Мард ўғлон» мукофоти соҳиби, шартнома бўйича хизмат қилиб келаётган  оддий аскар, Алишер Шербоев билан яқиндан танишиб оласиз.

– Алишер ака, ўзингиз ҳақингизда гапириб беринг!

– Мен 1992 йилда Сурхондарё вилояти, Музработ туманида туғилганман. Ёшлигимдан спортга қизиқишим баланд бўлганлиги сабаб, 6 ёшимдан тўгаракларга мунтазам қатнай бошладим. Спортга иштиёқим мени кўпроқ меҳнат қилишга ундарди. Бугун эса машқлардаги меҳнатларим ўз самарасини бермоқда.

– Йигит кишига 40 ҳунар ҳам оз дейишади. Спортнинг бошқа турлари билан ҳам шуғулланасизми?

– Албатта. Масалан, йўналишим қўл жанги бўлса ҳам армияда кўплаб спорт машқларини бажарганман. Фақат жисмоний турлари билан эмас, шахмат-шашка каби ақлий спорт билан ҳам шуғулланаман. Бу менга ўзгача янги кайфият бағишлайди.

– Тобора Ғолиблик шоҳсупаларингиз баландлаб бормоқда, лекин биринчиси бош­қача барибир. Ўша пайтдаги ҳаяжонларни эслайсизми?

– Қанча машқ ва синовлардан ўтиб 2008 йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган кўл жанги бўйича Ўзбекистон чемпионатида 3-ўринни қўлга киритдим. Мен учун катта натижа эди ўша маҳаллар. Камчиликларимни билиб олдим, кўпроқ меҳнат қилсам яхши спортчи бўлишимга ишондим. Биринчиликни ололмаган бўлсам ҳам хурсанд эдим. Кейин яқинларимдан суюнчи ҳам олганман. Сўнг Қашқадарёда бўлиб ўтган халқаро турнирда ҳам 3-ўринни эгалладим. Бироқ аввалги машқларимдан анча ўсиш бор эди менда.

– Ҳарбий хизматдаги хотиралар билан ўртоқлашсангиз...

– Ҳарбий хизматга бориш ҳар бир йигитнинг орзуси бўлса керак. Мен ҳам ёшлигимдан мақсад қилганман. Доим хизмат жараёнида устозлар эътиборига тушишга ҳаракат қилганман. Ўзимнинг иқтидоримни кўрсатишга интилганман. Кўп ютуқларга эришганман. Армия йигит кишини ҳар томонлама ҳаётга тайёрлайди, иродасини мустаҳкам қилади. Худо хоҳласа, фарзандларимни армияга жўнатаман. Юрти учун хизмат қилиш инсон учун катта шарафдир.

– Ғолиблик нашидасини биринчи бўлиб ким билан бўлишасиз?

– Аввало онам билан. Отам вафот этганлар. Оилада 7 фарзандмиз, мен кенжасиман. Шунинг учун эркалатиб, мусобақага кетаётганимда ҳам моддий, ҳам маънавий томондан қўллаб-қувватлашган. Албатта, шунча фарзандга бош бўлиш қийин, ютуқларимда онамнинг дуолари, хизматлари катта. Юксак марраларга чиққанимда мендан кўп қувонгувчим онамдир. Бугун меҳнатларининг роҳатини кўрсин, дейман. Кейин устозим, Бахтиёр Норовга айтаман. 2013 йилда Ўзбекистон чемпиони бўлдим, шунда устозим ва онамнинг қувончлари бир олам эди. Кейин уларнинг ҳар доим шундай қувонишлари учун ҳаракат қилдим. Орадан бир йил ўтиб жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритдим. Бугун икки карра жаҳон чемпиони бўлдим. Халқнинг, онам ва устозларимнинг олдида юзим ёруғ. Ҳамиша уларнинг ишончларини оқлашга ҳаракат қиламан.

– Юртимиз байроғи баланд ҳилпираганда юрагингиздан нималар ўтади?

– Байроғимизнинг юртимизда ҳилпирашини кўриб тинчлигимизга шукрона келтираман. Унинг чет давлатларда баланд кўтарилиши ва унга ўзингиз сабабчи бўлишингиз сўз билан ифодалаб бўлмайдиган ҳодиса. Йигит киши бўлганим учун кам йиғлайман, лекин байроқ кўтарилиб, мадҳиямиз жаранг сочганда кўз ёшларимни тўхтата олмайман. Айниқса, АҚШнинг Флорида шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида биринчи ўринни эгаллаганимда байроғимизни қучоқлаб йиғлаганман.

– Осиёдаги ўйинларга тайёргарлик қандай ўтмоқда?

– Марра баланд бўлгани сари ўзингизга талабингиз ошаверади. Осиёда ҳам биринчиликни қўлдан бой бермаслигим шарт дейман. Машқлар аввалгидан-да қийинлашиб, ортиб бораверди. Тошкент шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида ҳам биринчи ўринни эгалладим. Билдимки, ўз устида кўпроқ ишлаган инсон ўсиб бораверади.

– Сиз юртимиздаги минглаб йигитлар орзу қилган «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳибисиз, мукофотланганлар рўйхатида исмингизни кўрган вақтда кўз олдингиздан нималар ўтди?

– Ҳаётимда эришган ҳар бир ютуқнинг аҳамияти катта, лекин Президент томонидан мукофотланиш катта бахт мен учун. Ўз юртингда эътироф этилишинг, камтарона ютуқларингни эътиборга олиб, давлат раҳбари мукофот билан тақдирлаши, бундан буёғига мағлуб бўлишга ҳаққим йўқлигини англатади. Спортчи бўлганим учун баландпарвоз гапларни гапира олмайман, лекин амалий натижаларим билан мукофотга лойиқ бўлишга ҳаракат қиламан. Орзу қилган ака-укаларимизга ҳам танлаган йўналишларида кўпроқ меҳнат қилиб, ҳамиша ғолиблик нашидасини суриб яшашларини тилаб қоламан. Меҳнат қилган одам албатта роҳатини кўради.

Суҳбатингиз учун ташаккур! Ҳеч қачон ғолибликни қўлдан бой берманг!

Шоҳсанам НИШОНОВА суҳбатлашди.

 

;

Информеры