2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

96 НАФАР ФУҚАРОГА ИШГА КИРИШ ЙЎЛЛАНМА БЕРИЛДИ

Яшнобод туманидаги Олмос маҳалласида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари учун бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда Халқ таълими, мактабгача таълим вазирликлари, турли корхона ва ташкилотлар, молия муассасалари, ҳарбий қисмлар ва қатор муассасалар ўзининг саккиз юзга яқин бўш иш ўринлари билан иштирок этди.

– 2011 йил Наманган давлат университетини тамомлаганман, – дейди сержант Ҳасанбой Аҳмаджоновнинг турмуш ўртоғи Муаззам Салимова. – Қибрай қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида тарих фанидан ўқувчиларга дарс берардим. Яқинда коллежда иш ўринлари қисқарди. Шунинг учун ярмаркага иш сўраб келдим. Яшнобод тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази менга ўз мутахассислигим бўйича иш таклиф қилди. Янги ўқув йилидан иш бошлашни режалаштиряпман.

– Мамлакатимизда бугун тадбиркорликка кенг йўл очилди. Бу йўналишда олиб борилган ислоҳотлар самараси ўлароқ жуда кўп хусусий корхоналар фаолият юритяпти.Туманимиздаги мана шундай корхоналар марказимизга бухгалтерия йўналиши бўйича мутахассислар кераклиги бўйича сўров йўллашяпти, – дейди Яшнобод тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази раҳбари Муҳаммадзоир Акбаров. – Бугун ярмаркада икки нафар ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғи айнан бухгалтерия соҳаси бўйича коллежда таҳсил олгани ва эндиликда шу соҳа бўйича ишлаш ниятида эканлигини билдирди. Уларни энг аввало, марказимиз ҳисобидан малака ошириш курсларида ўқитамиз. Кейин ишга жойлаймиз.

Шу куннинг ўзида 96 нафар ҳарбийлар оила аъзоларига ишга кириш учун йўлланма берилди. Энди улар муассаса ва ташкилотларга бориб, у ердаги шарт-шароитлар билан танишганларидан сўнг, меҳнат шартномаларини имзолашлари мумкин.

Меҳнат ярмаркасида туман адлия бўлими мутахассислари ҳам иштирок этди. Улар ишга жойлашмоқчи бўлган номзодларга меҳнат ҳуқуқлари бўйича маслаҳат бердилар.

 Г. ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры