2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«СОҚЧИ МИНОРАСИДАН ​ЮРТИМГА ТЕРМИЛГАНМАН»

Айни жазирама палла. Одамлар иссиқдан ўзларини соя-салқинга урган дамда баҳаво, сўлим Зомин туманида Республика ёш ижодкорларининг семинарида қатнашиш насиб қилди. Иссиқ кунларда кўпчилик беҳаловат бўлаётган бир паллада бу ҳақда ёзиш бир оз ноқулай, албатта. Аммо кундузи ҳам шундай кунда тўнини ташламаган ёзувчи Абулқосим Мамарасулов билан атайин эсдаликка суратга тушганимни мақтанмасликнинг иложи йўқ.

Мавзудан чалғимай, семинар таассуротлари тўғрисида алоҳида тўхталишнинг фурсати келар. Ҳозир эса Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон билан бир пиёла чой устида ҳарбий хизматчилар маънавияти, китобхонлигининг миллий руҳни юксалтиришдаги аҳамияти, шоирнинг хизмат таассуротлари ҳақидаги суҳбатимизни сиз, азизларга илингим келди.

– Армиямизда олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиликларни доим кузатиб бораман, диққат марказимда. Юрт ҳимоячилари – мустақиллигимизнинг таянчи. Китобхонлик юзасидан юртимизда жуда ҳам кўп ибратли ишлар қилинаяпти, жумладан, Қуролли Кучларда ҳам. Учрашувларга кўп борамиз. Ҳарбий қисмларнинг кутубхонаси бойиб бораётганидан хурсанд бўламиз. Чунки уларнинг якка-якка китоб олиб ўқишга ҳар доим ҳам имкониятлари йўқ. Аскарлар доим кўчага, шаҳарга чиқавермайди, – дейди Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон. – Шу маънода уларнинг алоҳида кутубхоналари бўлиши айни муддао. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ҳам қанчадан-қанча китоблар ҳарбий қисмларга туҳфа қилиняпти. «Ижод» жамоат фонди янги китобларни нашрдан чиқаряпти. Ҳарбий мавзудаги асарлар кўпаймоқда. Буларнинг барчаси Ватан ҳимоячиларининг руҳини кўтаради, савиясини оширишга хизмат қилади.

Мен ҳам ҳарбий хизматни ўтаганман. Муддатли ҳарбий хизмат 3 йил – узоқ муддат давом этарди. У ердаги кутубхоналарда ўзбекча китоб бўлмаган, асосан рус тилидаги адабиётлар эди. Уйдагилар билан боғланиб, китоб юборишларини илтимос қилардик. Етиб келганида байрамдек қаршилардик, кейин бир-биримиз билан алмашиб ўқирдик. Қаранг, қандай аҳволда мутолаага муштоқлик бўлган. Ҳозир эса барча имкониятлар муҳайё. Фақат фойдаланиш керак. Мен ҳаётни китобсиз тасаввур қила олмайман.

Китоб ўқишнинг ёши ёки касби, эрта-кечи йўқ. Ўша маҳаллар қайси соҳа вакили бўлмасин, албатта, китоб ўқирди. Мутолаага одамни болаликдан ўргатиб, тарбиялаб бориш керак. Армияга турли-туман ёшлар келади. Бирида бадиий асар таҳлилига имконият бўлса, бошқасида бўлмаслиги мумкин. Ҳарбий қисмлар ҳар хил жойда жойлашган, бири тоғда, бири даштда. Хўп, кутубхона муаммоси ҳал бўлди. Энди фақат ўғлонларда муттасил ўқишга кўникма ҳосил қилиш керак. Улар учун истаган китобини ўқиш имкониятини яратиш, тарғиб қилиш лозим.

Ҳарбий қисмларда мафкуравий ва тарбиявий ишлар бўйича ўринбосар лавозими бор. Бу лавозимдаги масъуллар билан кўп бора суҳбатлашганман. Улар ҳарбий бўлиш билан бирга ниҳоятда саводли, юксак маънавиятли одамлар. Дарҳақиқат, бунга алоҳида эътибор бериш шарт. Чунки улар шахсий таркибнинг интеллектуал мулкини, маънавий иммунитетини шакллантиришда муҳим аҳамиятли инсонлар ҳисобланади. Баъзи йигитларимиз сафарбарлик чақируви резервида, айримлари муддатли, қолганлари шартнома бўйича ҳарбий хизматни давом эттирадилар. Яъни умрини ҳарбий хизматга бағишлайди. Уларнинг доим китобга ошно бўлишини тилаб қоламан. Чунки юртпарварлик, элпарварлик, ҳаётда ўз ўрнини топишда, нима учун, ким учун хизмат қилаётганини билишда китобнинг аҳамияти жуда катта.

Ватан ҳимоячиларининг маошини қанча оширсангиз оширинг, истаганча имтиёз беринг, аммо юрагида миллатпарварлик кучли бўлмаса, орқасида кимлар турганини, халқ деган дарё борлигини ҳис қилмаса, армиянинг кучи биз кутганчалик қудратли бўлмайди. Ана шу йўлда ҳали яна катта ишлар қилиниши талаб қилинади. Бундан кейин ҳам миллий армиямиздан фахрланиб юриш насиб қилсин.

– Мулоҳазаларингизга эътирозим йўқ. Аммо кишилар орасида китоб ўқиган ҳарбий хизматчининг кўнгли юмшоқ бўлиб қолади, қабилидаги гап ҳам учрайди. Бунга сизнинг муносабатингиз қандай?

– Бундай иборалар нафақат бизнинг ўлкамизда, балки бутун дунёда бир таомилга айланган, гўё. Жангчи биринчи ўринда савашишни билиши керак, маърифат, маданият шарт эмас, каби тушунчалар қадим замонлардан мавжуд. Тарихда ҳам асосан уларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигига урғу берилган. Лекин ҳозир замон ўзгарди. Энди бизга маънавияти кучли аскар керак.

Франция ва Германия ўртасида қадимда юз йиллик уруш бўлган. Тўхтаб, тўхтаб давом этаверган. Немислар охири ғолиб келган. Шунда Франциянинг ҳарбий қўмондони «биз немис аскарларидан енгилганимиз йўқ, немис ўқитувчиларидан енгилдик», деган экан. Чунки мактабда уларнинг руҳини баланд қилиб тарбиялашган. Аскарлари нима учун, ким учун урушаётганини билиб, онгли равишда жанг олиб боришган ва муқаррар устунликка эришган.

Шу биргина ҳаётий мисолнинг ўзи маънавиятнинг, маърифатнинг, китобхонликнинг аҳамиятини англаб етишга кифоя, деб ўйлайман. Албатта, ҳарбийларда жисмоний ва жанговар тайёргарлик, касб маҳорати биринчи ўринда туриши керак. Бироқ маънавият бундан орқада қолмаслиги лозим. Ҳозирги замоннинг талаби шу.

– Анвар Обиджон аскар бўлганини билиб олдик. Ўша пайтлари ҳам ижод қилишга имкон топганмисиз?

– Ҳарбий хизматга қадар ҳам шеър ва насрий ёзганларим газета ва журналларда чиқиб турарди. Яширишга ҳожат йўқ, шеър ёзишни тўхтатмаган бўлсам-да, ижод қилишга кўп вақт бўлмаган. Ёзган шеърларимда хизмат қилган масканимдаги чиройли табиат манзаралари тасвирланган. Балки буни баҳонага йўярсиз, аммо ижод қилишда муҳит ҳам муҳим роль ўйнайди. Ўзингнинг миллатинг, она тилингда гапирадиган одамлар орасида яшаш билан бошқа муҳитда истиқомат қилишнинг фарқи жуда катта. Бундай шароитда ҳамиша ҳам илҳом келавермайди.

Она юртни соғиниб, қадрдонларни қўмсаб ёзилган кўплаб шеърлар бор. Соқчиларнинг минорасига чиққанимда, гўё, юртим кўриниб қоладигандек узоқ-узоқ термилардим. Ана шундай маҳаллар сатрлар қуйилиб келаверарди.

Ҳамма ўлканинг ўзига хос томонлари бор, барибир инсон боласи таъсирланаверади. Аммо қилаётган ишингдан фахрланмайсан, севиб, севиниб бажармайсан. Юртингда бўлса ҳамма нарса ўзингники, бевосита ўтмиш билан, миллат тақдири билан алоқадор – одамга ғурур, ифтихор, илҳом бағишлайди.

– Ҳарбий хизматчилар кўпроқ тарихий асарларга мурожаат қилганига гувоҳ бўламиз. Уларнинг барчаси ҳам ҳақиқатни акс эттирмаслиги мумкин. Ватан ҳимоячиларига қайси китобларни ўқишни тавсия қилган бўлардингиз?

– Китобхонга мавзуни белгилаб бериб бўлмайди. Улар ҳам турли-туман. Бири лирик шеърларни яхши кўради, бошқаси ишқ-муҳаббат ҳақидагиларни, бири тарихий, бири фалсафий асарлар ўқишни хуш кўради. Ҳикоя, роман, қиссаларни севиб ўқийдиганлар қанча?! Китобнинг зарурини, фикрни ўстирадиганини тарғибот қилиш керак фақат. Шуни ўқишинг шарт, деган билан хоҳламаса, ўқимайди. Тарғибот қилсангиз, асл маъносини англатсангиз, ўша мавзуга қизиқиши мумкин.

Энг муҳими – китоб ўқиш. Мутолаага кўниккан одам мавзуни ҳам, кераклисини ҳам ўзи топиб олаверади. Мунозаралар, фикр алмашишлар асносида саволларига жавоб топиб, қизиқиши ошиб бораверади. Юрт, Ватан тақдири, ўтмишимиз, келажагимиз билан боғлиқ китобларни, албатта, тарғибот қилиш керак.

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Азиз НОРҚУЛОВ ёзиб олди.

Информеры