2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТАНИ СОҒЛИК – ТУМАН БОЙЛИК

Ҳар томонлама соғлом оилалар юртимиз таянчидир. Соғлом онадан соғлом фарзанд дунёга келади. Шу мақсадда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари учун Тошкент вилояти, Қибрай тумани тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги 27-оилавий поликлиникада бепул тиббий кўрик ташкил этилди.

Окулист, хирург, гинеколог ва кардиолог каби малакали шифокорларнинг кўригидан ўтган оналар ва болаларга шахсий гигиена, бола парвариши ва репродуктив саломатлик бўйича зарур кўрсатма ва тавсиялар берилди.

– Шифокорларнинг ҳар бир саволимизга хушмуомалалик билан жавоб бериб, тўғри ташхис қўйишлари бизни хурсанд қилди. Кўрик давомида фарзандларимда ҳам, менда ҳам ҳеч қандай касаллик аниқланмади. Бундан буён ҳам соғлом турмуш тарзига амал қиламиз, – дейди ҳарбий оила бекаси Мунира Рўзиқулова.

Олий тоифали хирург Ализулқайнар Раззоқов тиббий-техник жиҳозларнинг етарлича эканлигини, керакли муолажалар учун зарур дори воситалари вақтида етказиб берилаётганини таъкидлаб ўтди.

Бу каби тиббий кўрикларнинг тез-тез ўтказилиши турли касаллик ва вирусларнинг олдини олиш билан бир қаторда эртанги кунга ишончни ҳам оширади. Йилдан-йилга аҳоли ўртасида тиббий маданиятнинг ўсиб боришига сабаб бўлади. Педиатрлар ёзда катта сув ҳавзаларидан болаларни эҳтиёт қилишни, сувдан юқадиган касалликлар хавфи ва улардан қандай сақланиш усуллари ҳақида оналарга тушунтириш ишларини олиб борди.

 Тани соғлик – туман бойлик, деб бежиз айтмаган халқимиз. Ҳар томонлама соғлом оилалар юртимиз равнақига ҳисса қўшадиган келажак пойдеворидир.

Шоҳсанам ОДИЛЖОН қизи

 

Информеры