2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КОМПЬЮТЕРНИ ҚАНДАЙ ҲИМОЯЛАЙСИЗ?

Тренер аудиторияга савол билан юзланди:

– Компьютерингизни турли таъсирлардан ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш учун учта муҳим вазифа нима?

Машғулот иштирокчилари иккита жавоб вариантини айтди-ю, тўхтаб қолди:

– Парол ўрнатиш, антивирус дастурини юклаб олиш...

– Компьютернинг ички ҳимояси, яъни «FireWall»ни ёқиш саволимнинг учинчи жавоби эди, – дея мутахассис машғулотининг асосий қисмини бошлади.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ўтказилган қизиқарли машғулотда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларига замонавий компьютер технологиялари ва глобал тармоқдаги фойдали дастурлар афзалликлари хусусида маълумот берилди.

– Ушбу тренингдан кўзланган мақсад, ҳарбий хизматчиларнинг компьютер саводхонлигини ошириш, уларни замонавий технологиялар борасидаги сўнгги янгиликлар билан таништириш ва интернет тармоғидан фойдаланиш маданиятини юксалтиришга қаратилган, – дейди Тошкент шаҳридаги Инҳа университети етакчи мутахассиси Файзулла Юсупов. – Офицерлар машғулот давомида  ахборот хавфсизлиги, транспорт логистикаси, «Microsoft» дастурлари юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Президентимизнинг аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган учинчи муҳим ташаббуси доирасида ўтказилган тадбирда ҳарбий хизматчилар ўқув жараёни халқаро таълим дастурлари асосида олиб борилаётган университетда талабалар учун яратилган шароит ва имкониятлар билан яқиндан танишди.

Д. РЎЗИҚУЛОВ

 

Информеры