2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТЎРТ НАФАР СПОРТЧИМИЗДА 6 ТА МЕДАЛЬ!

уларга ўзбекона тўнлар ёпилди

Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида таэквондо (WTF) бўйича «Kimunyong Cup G-1» халқаро турнири бўлиб ўтди. Унда Мудофаа вазирлиги спорт клуби (МВСК) вакили ҳам иштирок этиб, совриндор бўлди.

Ушбу мусобақадан бир ҳафта олдин Жанубий Корея­нинг бошқа бир шаҳри, яъни Чунчхонда «Chuncheon Korea Open G-2» халқаро турнири ўтказилган ва унда юртимизнинг 4 нафар вакили қатнашиб, икки нафари совриндор бўлганди. Ўша таэквондочиларимиз Сеул шаҳрига ҳам боришди ва бу сафар янада муваффақиятли қатнашиб, барчаси шоҳсупага кўтарилди. Зеро, Сеул шаҳридаги халқаро турнир «Токио – 2020» ёзги Олимпиадасига рейтинг очколарини тақдим этиши билан ҳам таэквондочилар учун ғоят аҳамиятли эди.

МВСК аъзоси, халқаро тоифадаги спорт устаси, 2018 йилги Осиё ўйинларининг ғолиби Никита Рафалович Чунчхон шаҳридаги турнирда совриндор бўлолмаганди, Сеулда эса бронза медалини қўлга киритди. Иккинчи ҳамюртимиз Шоҳруҳ Ражабов (+87 кг) эса финалгача муваффақият қозониб, фақат сўнгги баҳсда имкониятни бой берди ва кумуш медаль билан кифояланди.

«Kimunyong Cup G-1» халқаро турнирининг аёллар ўртасидаги баҳсларида қатнашган ҳамюртларимиз янада юқорироқ натижа кўрсатишди. Олдинги турнирда кумуш медални қўлга киритган юртдошимиз Светлана Осипова (+73) Сеулда барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медалга сазовор бўлди. Чунчхон турнирида бронза медалини қўлга киритган ҳамюртимиз Мадинабону Маннопова (-49 кг) эса Сеулда ҳам бронза медали билан тақдирланди.

Шу тариқа тўрт нафар таэквондочимиз «Chuncheon Korea Open G-2» ҳамда «Kimunyong Cup G-1» халқаро турнирларида битта олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза, жами 6 та медални қўлга киритди. Улар совриндор бўлиш билан бирга «Токио – 2020» ёзги Олимпиадаси йўлида қимматли рейтинг очколарини ҳам жамғариб олишди.

Халқаро турнирларда муваффақиятли қатнашган таэквондочиларимиз (WTF) Ислом Каримов номидаги Тошкент xалқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди. Уларга ўзбекона тўнлар ёпилди.

Р. ЭРМУҲАММАД

Информеры