2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БОКСЧИЛАРИМИЗДА 7 ТА БРОНЗА

Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида бокс бўйича «Президент кубоги» халқаро турнири бўлиб ўтди. Мусобақада юртимиз, жумладан, Мудофаа вазирлиги спорт клуби (МВСК) вакиллари ҳам қатнашди ва совриндорлар сафидан жой олди.

Еттинчи маротаба ташкил этилган нуфузли турнирда жаҳоннинг 13 мамлакатидан 150 нафардан ортиқ эркак ва аёл боксчилар қатнашди. Эркаклар 8 та, аёллар 5 та вазн тоифасида ғолиблик учун жанг қилди. Мусобақада Ватанимиз спорт шарафини 10 нафар эркак ва аёл боксчи ҳимоя қилди. Уларнинг икки нафари МВСК вакили эди ва иккиси ҳам совриндор бўлди.

Боксчиларимиз турнирни кўтаринки руҳда бошлашди ва дастлабки жангларда аксарияти рақиб­ларини 5:0 ҳисоби билан мағлуб этишди. Лекин турнирнинг ҳал қилувчи босқичига келганда улардан омад юз ўгирди, яъни ярим финалга етиб келган 7 нафар боксчимиздан ҳеч бири финалга чиқолмади ва барчаси бронза медаль билан кифояланди. Жумладан, ўтган йили Индонезияда ўтказилган Осиё ўйинлари ғолиби, МВСК аъзоси Миразиз Мирзаҳалилов (-57 кг) ярим финалда мезбонлар вакили Ильяс Сулеймановга қарши рингга чиқмасдан туриб рақибига ютуқ тортиқ этди. Бу Миразиз эмас, балки терма жамоамиз бош мураббийлари – Тўлқин Қиличев, Баҳодир Эркаев, Равшан Хўжаев қарорига кўра рўй берди. Чунки боксчи йил давомида кўплаб жангларда иштирок этди, хусусан мазкур «Президент кубоги» халқаро турнирида ҳам иккита қийин жанг ўтказди. Шу сабабли мураббийлар унга дам беришга қарор қилишди ва Мирзахалилов бронза медаль билан кифояланди.

МВСК аъзоси Козим Мардонов (-81 кг) ҳам халқаро турнирнинг ярим финалигача муваффақиятли жанг қилди. У финалга ўтиш жангида мезбонлар вакили Бекзат Нурдаулетовга ютқазиб қўйди. Эслатиб ўтамиз, МВСК боксчиси ўтган йили ўтказилган «Қозоғистон биринчи Мудофаа вазири С.К. Нурмугамбетов хотирасига бағишланган халқаро турнир»да ҳам худди бу йилгидек қатнашиб, бронза медални қўлга киритганди.

Ҳамюртларимиз Фозилжон Абдумуродов (-52), Фазлиддин Мелибоев (-69 кг), Одилжон Асланов (75 кг), Ражаббой Атаназаров (-75 кг) ва Акмалбек Қосимов (-81 кг) ҳам «Президент кубоги» халқаро турнирининг ярим финалида рақибларига имкониятни бой беришди. Шу тариқа Ўзбекистон боксчилари Қозоғистондан 7 та бронза медаль билан қайтишди.

Р. ЭРМУҲАММАД

Информеры