2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

РАҚИБЛАР АНИҚЛАНДИ, КУРАШ ИККИ ЙЎНАЛИШДА

Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳридаги Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) штаб-квартирасида 2022 йили Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати («ЖЧ – 2022») ҳамда 2023 йили Хитойда ўтказиладиган Осиё кубоги («Осиё кубоги – 2023») мусобақаларининг 2-саралаш босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда футбол – биринчи рақамли спорт тури. Халқимизнинг кўпчилик қисми ушбу спорт турига ишқибозлик қилади. Шу боис ОФК штаб-квартирасидаги қуръа ташлаш маросимини юртимизда кўпчилик интиқлик билан кутди, десак, хато қилмаймиз.

Қуръа ташлаш жараёнида ОФК таркибидаги 40 та миллий терма жамоа 5 тадан 8 та гуруҳга тақсимланди. Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон «Д» гуруҳидан жой олди ва Саудия Арабистони, Фаластин, Яман ҳамда Сингапур миллий терма жамоаларига қарши икки йўналишда – ҳам «ЖЧ – 2022», ҳам «Осиё кубоги – 2023» йўлланмалари учун баҳс олиб борадиган бўлди.

Миллий терма жамоамиз бош мураббийи аргентиналик Эктор Купер Ўзбекистон футбол ассоциацияси расмий сайтига қуръа ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Қуръа бизга тақдим этган рақибларнинг барчаси ўзига яраша кучли жиҳатларга эга эканлигини таъкидлай оламан. Ҳеч бир рақибга беписанд қараб бўлмайди. Ҳар бир рақибни ҳурмат қилган ҳолда учрашувларга пухта ҳозирлик кўрамиз. Ўзбекистон терма жамоаси барча учрашувларда мазмунли ўйин намойиш этиб, якунда келгуси босқич йўлланмасини қўлга киритиш учун майдонга тушади.

«ЖЧ – 2022»га 2-саралаш босқич гуруҳ ўйинлари шу йил 5 сентябрда бошланиб, 2020 йил 9 июнда поёнига етади. Ўз гуруҳларида ғолиб чиққан 8 та терма жамоа ҳамда 2-ўрин соҳиблари орасида энг яхши натижа қайд этган яна 4 та, жами 12 та терма жамоа саралашнинг якуний босқич баҳсларига йўлланмани қўлга киритади, ўз навбатида, «Осиё кубоги – 2023» чиптаси соҳибига айланади. Осиё чемпионатида қатнашувчи 24 та терма жамоадан қолган 12 тасини аниқлаш учун эса алоҳида саралаш ташкил этилади. Демак, «ЖЧ – 2022»га 2-саралаш босқич гуруҳ ўйинларида ғолиблик ва 2-ўринни эгаллашга интилишдан ташқари иложи борича юқорироқ натижа кўрсатиш учун ҳам кураш боради.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси баҳсларни сафарда Фаластинга қарши бошлаб, сафарда Саудия Арабистонига қарши тугатади. Жорий саралаш миллий терма жамоамиз учун мундиал йўлидаги 6-уринишдир, аввалги бештаси муваффақиятсиз якунланган. Жаҳон чемпионати саралаш мусобақаларида миллий терма жамоамиз жами 94 та ўйин ўтказган. Бу ўйинларнинг 49 таси ғалаба, 19 таси дуранг ва 26 таси мағлубият (тўплар нисбати: 175:95) билан тугаган.

Савол: «ЖЧ – 2022» мезбони – Қатар-ку, нега миллий терма жамоаси саралашда қатнашяпти? Жавоб: «ЖЧ – 2022»га саралаш, ўз навбатида, «Осиё кубоги – 2023»га ҳам саралашдир. Қатар Осиё чемпионати йўлланмаси учун курашади. У гуруҳ ғолиби бўлса ёки энг яхши натижа қайд этган 4 та жамоадан бири бўлса, ўрнини ўша гуруҳдаги учинчи жамоа эгаллайди. Худди шунга ўхшаш савол ва жавобни Осиё чемпионати мезбони – Хитойга нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Хитой терма жамоаси «ЖЧ – 2022» йўлланмаси учун баҳсларга киришади.

 

 

ГРАН-ПРИДАН БИТТА СОВРИН

Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида дзюдо бўйича Гран-при турнири бўлиб ўтди. Унда терма жамоамиз аъзолари, жумладан, Мудофаа вазирлиги спорт клуби (МВСК) вакиллари ҳам иштирок этди.

Мусобақадан олдин Ўзбекистон терма жамоаси дзюдочилари Испанияда ташкил этилган халқаро ўқув-машғулот йиғинида қатнашди. Унда Япония, Жанубий Корея, Бразилия, Россия, Украина, Германия, Мўғулистон, Хитой каби 30 га яқин давлат дзюдочилари ҳам иштирок этди. Йиғиндан сўнг терма жамоамиз делегацияси Истанбул орқали Будапешт шаҳрига етиб борди. Испаниядаги йиғин Венгрия Гран-присига тайёргарлик вазифасини ўтаб берди. Ушбу мусобақанинг нуфузи шунда эдики, ғолиб жаҳон ва Олимпиада рейтинги доирасида 700 очкога ҳам эга бўларди. Шу боис қатнашчилар дастлабки босқичдан беллашувларга зўр беришди.

Мусобақада юртимизнинг 15 нафар полвони, жумладан, МВСК вакиллари – Сардор Нуриллаев (-66 кг), Ғиёсжон Бобоев (-73 кг), Давлат Бобонов (-90 кг), Яҳё Имомов (-90 кг), Шерали Жўраев (-100 кг), Муҳаммадкарим Хуррамов (-100 кг), Бекмурод Олтибоев (+100 кг), Диёра Келдиёрова (-52 кг) ва Гулноза Матниёзова (-70 кг) ҳам қатнашди.

Дастлабки кунги беллашувлар ҳамюртларимиз учун муваффақиятли кечди. Татамига чиққанларнинг аксарияти ярим финалга қадар яқин борди. Бироқ медаллар учун курашиш босқичлари яқинлашгани сайин дзюдочиларимиздан бирин-кетин омад юз ўгирди. Ҳа, Шаҳрам Аҳадовдан бошқа полвонларимиз мазкур Гран-при турнирида кўнгилдагидек қатнашолмади.

Ҳамюртларимиздан Шарофиддин Лутфуллаев (-60) ва Шаҳрам Аҳадов (-66) ўз вазн тоифасидаги баҳсларда ярим финалгача бўлган йўлни муносиб тарзда босиб ўтди, бироқ финал остонасида уларнинг иккиси ҳам мўғулистонлик рақибларига имкониятни бой бериб қўйди. Шундан сўнг бронза медаль учун курашга киришган икки дзюдочимиздан бири мақсадига эришди. Ш. Лутфуллаев Хитой Тайпейи вакили Юнг Веи Янга қарши татамига чиқди ва ютқазди. Ш. Аҳадов эса исроиллик Таль Фликерни мағлуб этди ва Гран-при турнирининг бронза медали билан бирга «Токио – 2020» ёзги Олимпиадаси учун қимматли 350 рейтинг очкосини ҳам қўлга киритди.

Расул ЖУМАЕВ

 

Информеры