2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БОЛАЛАРГА БЕРИНГ ДУНЁНИ!

Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус ғояси ижтимоий ҳаётимизда чин маънода гуриллаб турган моторнинг ўт олиб, ҳаракатланиб кетишига сабаб бўлмоқда. Айниқса, ёш авлодга бўлган эътибор, уларнинг таълим-тарбияси, мароқли ҳордиқ чиқариши йўлида кўзга кўринарли ишларнинг жадаллашувига олиб келди.

Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ва O‘zliDeP – Ўзбекистон либерал демократик партияси ҳамкорлигида ана шундай хайрли ва эзгу ишларнинг давоми сифатида болажонларга қувонч улашилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари, алоҳида истеъдод эгалари ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларидан иборат бир гуруҳ келажагимиз эгалари пойтахтимизнинг Бектемир туманида жойлашган «Grace Garden» дам олиш масканида ҳордиқ чиқаришди.

– Бугун болажонлар учун озгина бўлса-да, қувонч улаша олган бўлсак, демак, кунимиз бесамар кетмабди, – дейди тадбир ташкилотчиларидан бири майор Кенжабой Мусанов. – Ўзбекистон либерал демократик партияси депутати Алишер Мусанов билан бевосита ҳамкорликдаги мазкур акциямиз келгусида ҳам давом этади. Умуман олганда, келажагимиз эгалари бўлмиш ёш авлод вакилларига бўлган эътибор, ғамхўрлик барчамизнинг вазифамиздир.

Кун давомида болажонлар учун «Ўзбекистоннинг бахтли болалари» номли шоу-дастур намойиш этилди. Унда ҳар бир иштирокчи шоунинг қатнашчисига айланиб, эртак ва мультфильм қаҳрамонлари билан қизиқарли шартларни бажаришди.

Илиқ бассейн жажжи «пошшо»ларнинг шўх­шодон кулгисига тўлди.

И. НУРАЛИЕВ

Информеры