2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

НАМУНАЛИ ОИЛАЛАР ҚИММАТБАҲО СОВҒАЛАР БИЛАН ТАҚДИРЛАНДИ

Халқ орасида миш-миш тарқалганига анча бўлди. Яшнобод туманидаги Олмос маҳалла, ҳарбийлар шаҳарчаси, ҳаммаси янги уйлар, роса обод бўлган, бир бориб кўриш керак...

Қунт қилганлар зипиллаб бориб-келиб, таассуротларини баҳам кўраяпти. Ҳафсала қилмаётганлар энди боради. Яқинда пойтахтимизнинг Яшнобод туманида жойлашган Олмос маҳалласида истиқомат қилаётган ҳарбий хизматчилар оилалари ўртасида «Намунали ҳарбий оила» ва «Намунали ҳудуд» танлови ўтказилди. Бунинг овози, ибрати бошқа ҳудудларга ҳам тарқалди.

Танлов ҳарбий хизматчилар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантириш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ҳамда ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг бўш вақтини унумли ўтказиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, уларнинг ҳуқуқий билим ва савиясини ошириш мақсадида ташкил қилинди. Мингдан ортиқ хонадон истиқомат қиладиган шаҳарчадаги хонадонларнинг тозалиги, саранжом-саришталиги, оила бекасининг ўз қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда олиб бораётган қўшимча касаначилик, тикувчилик, тадбиркорлик каби меҳнатлари маҳсули, фарзандларининг ўқиши, спорт ва маданият соҳасида эришган ютуқлари ҳам инобатга олинди.

Узоқ давом этган ўрганишлар, таққослашлар, муҳокама ва натижалар асосида шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар – Зафар Раимов оиласи биринчи, Улуғбек Авулов оиласи иккинчи, Нодир Ўсаров хонадони учинчи ўринга муносиб топилди. «Намунали ҳудуд» йўналишида эса маҳалла фаоллари Малоҳат Бадалова, Дилором Холиқова, Умида Деҳқоновага «Энг кўркам ҳудуд» номинацияси бўйича ташаккурномалар топширилди.

Совриндорларга фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва қимматбаҳо совғаларни мудофаа вазирининг ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов, Республика Мудофаа саноати бўйича қўмита раиси ўринбосари Ҳотамжон Юсупов топширди. Шундан сўнг намунали оила соҳибларининг хонадонларида бўлиб, уларнинг турмуш тарзи, уй тутуми билан танишиб, фарзандлари билан суҳбат қилинди. Мудофаа вазири ўринбосари барча ғолиблар сержантлар таркибидан бўлганини эътироф этиб, келгусида фақат офицерлар ўртасида ана шундай танлов ташкил қилиш бўйича вазифа қўйди. Нима бўлганда ҳам Олмос маҳалласи нафақат юртимиздаги ҳарбий шаҳарчалар ўртасида, балки бошқа маҳаллалараро ҳам ўзининг орасталиги, ташаббускорлиги, оилалар ободлиги, ҳуқуқбузарликлар камлиги билан намуна бўлиши кераклигини таъкидлади.

Танлов сўнгида йиғилганлар учун Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Абдулла ЎКТАМҚУЛОВ

 

Информеры