2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МУСОБАҚА ОЛДИДАН СЎНГГИ КЎРСАТМАЛАР БЕРИЛДИ

Қуролли Кучларимизнинг жанговар шайлиги, нуфузи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Буни давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ҳарбий ислоҳотлар, халқаро майдонларда ўтказилаётган мусобақалар натижасида кўришимиз мумкин. Жорий йил «АрМИ – 2019» Халқаро армия ўйин­ларида 36 та давлатдан жами 221 та жамоа иштирок этяпти. Уларнинг сафида Ўзбекистон вакиллари ҳам бор.

3 август куни бошланадиган «АрМИ – 2019» баҳсларида ҳарбий хизматчиларимиз 6 йўналишда кузатувчи, «Мерганлик марраси», «Эльбрус ҳалқаси», «Хавфсиз маршрут», «Қуролсоз уста», «Дала ошхонаси» каби 14 та йўналиш мусобақаларида иштирокчи сифатида қатнашмоқда. Улар шу кунларда Россия, Хитой, Ҳиндистон, Беларусь, Қозоғистон, Эрон ҳамда юртимизда сўнгги тайёргарлик машғулотларини олиб боришмоқда.

Москва вилоятидаги «Алабино» дала-ўқув майдонида «Танк биатлони» ва «Дала ошхонаси» мусобақасида иштирок этувчи ҳарбийларимиз беллашув ўтказиладиган ўқув жойлари билан яқиндан танишиб, шартлар бўйича пухта тайёргарлик кўрмоқда. Ҳар бир давлатнинг дала-ўқув майдони, иқлими, ҳаво босими бир-биридан маълум маънода фарқ қилади. Шу боис мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган ҳарбий хизматчилар дала-ўқув майдонининг мусобақа бўлиб ўтадиган ҳар бир нуқтасини синчиклаб ўрганиб чиқмоқда.

Москва вилоятидаги «Патриот» паркида «Танк биатлони» мусобақаси учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Қуръа натижаларига кўра, ҳамюртларимиз иштирокидаги баҳслар 4 , 6 , ва 8 август кунлари бўлиб ўтади. Йигитларимиз кўк рангли танкда учинчи йўлак бўйлаб биринчилик учун курашади.

Халқаро армия ўйинларининг диққат марказида турган «Танк биатлони» мусобақаси икки гуруҳда ўтказилмоқда. Биринчи гуруҳда 12, иккинчи гуруҳда эса 13 та жамоа иштирок этаётир. «АрМИ – 2019» низомига кўра, ҳар бир гуруҳдан алоҳида ғолиблар аниқланади. Биринчи гуруҳда мусобақа ташкил қилинганидан буён иштирок этиб келаётган жамоалар ўрин олган бўлса, иккинчи гуруҳдан «Танк биатлони» мусобақасида илк бор қатнашаётган мамлакатлар ҳарбийлари жой олган. Жамоалар мусобақа давомида ҳаракатланиши учун жанговар техникаларни қабул қилиб олди.

* * *

2015 йилдан буён ўтказилиб келинаётган Халқаро армия ўйинларининг «Қўшинлар разведкаси аълочиси» мусобақасида иштирок этиш учун Ҳиндистонга йўл олган ўзбек разведкачилари ҳам сўнгги тайёргарликлардан ўтмоқда.

«Қўшинлар разведкаси аълочиси» мусобақаси бу йил Ҳиндистоннинг Ражастон штати Жайсалмер шаҳрида бўлиб ўтади. Мусобақада юртдошларимиз Ҳиндистон, Россия, Хитой, Арманистон, Қозоғистон, Зимбабве ва Беларусь жамоалари билан куч синашади.

 Мазкур мусобақада иштирокчилар суқулиб кириш ва пистирма, махсус разведкачи курси, разведкачи тўсиқларидан ўтиш, ўқотар қуролдан якка ва гуруҳ таркибида нишонга отиш, эвакуация ва жойлашув каби бешта шартни бажаришади. Ҳозирда ҳарбийларимиз мусобақа бўлиб ўтадиган жойларни ўрганиш ишларини олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, «АрМИ – 2018» Халқаро армия ўйинларининг «Қўшинлар разведкаси аълочиси» мусобақасида Ўзбекистон жамоаси Россия ва Хитой жамоаларидан кейин фахрли 3-ўринни эгаллаган эди.

Мусобақа бўлиб ўтадиган давлатларда жамоамизнинг яшаш шарт-шароити, «АрМИ – 2019» мусобақасига кўрилаётган тайёргарлик жараёни Мудофаа вазирлигининг масъул офицерлари томонидан узлуксиз назорат қилиб борилмоқда. Уларга нуфузли мусобақа олдидан сўнгги кўрсатмалар бериляпти.

Маълумот учун, бу йилги Халқаро армия ўйинлари дунёнинг 10 давлатида ўтказиляпти.

Шунқор БЎРИЕВ, Исломжон ҚЎЧҚОРОВ  Россия Федерацияси,

Москва вилояти, «Алабино» дала-ўқув майдони

Информеры