2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ҲАРБИЙ-ТИББИЙ ЭСТАФЕТА» ТАНЛОВИ ОЛДИДАН...

«Фориш» тоғ-дала полигонидан репортаж

Халқаро армия ўйинлари... Бу мусобақада меҳмон бўлиб, кўплаб давлатлар ичидан зот айириб келишнинг ўзи чўнг музаффарият. Шундай нуфузли ўйиннинг ўзига хос мураккаб танловига мезбонлик қилиб, хорижлик ҳарбий хизматчиларда унутилмас таассурот уйғотиш эса ундан-да улкан масъулият, халқаро ишонч ва шарафдир!

Марказий ҳарбий округда жойлашган «Фориш» тоғ-дала полигонида V «Халқаро армия ўйинлари – 2019» доирасида «Ҳарбий-тиббий эстафета» танловини ўтказиш учун юксак даражада ҳозирлик кўрилган: яратилган мажмуавий шарт-шароитлардан ташқари полигонда Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ўзига хос анъана ва удумлари, меморий ва маданий турмуш тарзини ифодаловчи, асрлар давомида сақланиб келинаётган тарихий меросимизни акс эттирган.

Шунингдек, валюта айирбошлаш шохобчалари, book cafe, WiFi ҳудуди, спорт ўйингоҳлари, овқатланиш ва хизмат кўрсатиш расталари ҳам меҳмонлар хизматида.

Ўзбекистонга хуш келибсиз!

26 июль – 2 август кечаю кундуз. Иштирокчи давлатлар ва Ўзбекистон байроқчаларини ҳилпиратиб турган қўллар. Карнаю сурнай. Ўзбекона меҳмондўстлигу очиқ чеҳра. Нону туз... Халқаро армия ўйинларида иштирок этиш учун «Фориш» полигонига етиб келган Вьетнам Социалистик Республикасидан – 20 нафар, Мьянмадан – 17 нафар, Арманистондан – 18 нафар, Анголадан – 9 нафар, Зимбабведан – 17 нафар, Россия­дан – 31 нафар, Озарбайжондан – 21 нафар, Қозоғистондан – 19 нафар, Беларусдан – 17 нафар, Тожикистондан – 12 нафар ва Венесуэладан (кузатувчи мақомида) – 2 нафар ҳарбий хизматчилар Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, ўқувчи ёшлар томонидан ана шундай иззат-икром билан кутиб олинди...

Меҳмонлар дастлаб тиббий кўрикдан ўтказилиб, полигонда яратилган шароитлар билан танишиб чиқди.

Зиёрат қабул бўлсин!

Хорижлик ҳарбий делегация вакиллари Буюк ипак йўлининг асосий бўғинида жойлашган Самарқанд шаҳрини зиёрат қилди.

Рўйи замин сайқали Самарқанд – аҳолисининг сони ва ҳудудининг катталиги, саноат аҳамиятига кўра Ўзбекистоннинг Тошкентдан кейинги иккинчи ўринда турувчи шаҳри бўлиб, жаҳон туризмининг марказий шаҳарларидан бири ҳисобланади.

Ангола, Зимбабве, Россия, Озарбайжон, Арманистон, Мьянма, Қозоғистон, Беларусь ҳамда вьетнамлик ҳарбий хизматчилар дастлаб Регистон ансамблидан ўрин олган меъморий мажмуалар билан танишди. Шундан сўнг Мирзо Улуғбек расадхонаси, Амир Темур мақбараси ва қадимий Сиёб бозори меҳмонларни ҳайратга солди.

Саёҳат якунида тановул қилинган самарқандча палов уларга манзур бўлди.

– Мен Самарқанднинг гавҳари – Регистоннинг суратларини интернет тармоқлари орқали кўрганман, – дейди Ангола Республикаси вакили кичик сержант Алберто Авелино. – Менга бу эртакнома шаҳар ниҳоятда ёқди. Тарихий обидалар қаршисида кўплаб суратларга тушдим. Айниқса, самарқандча палов барчамизга манзур бўлди. Ватанингизга келганимдан мамнунман.

Шундан сўнг, хориж давлатлари делегация раҳбарлари ва тренерлар иштирокида бўлиб ўтган конференцияда мусобақа ўтказиладиган ҳудуд, кун тартиби, мавжуд шарт-шароитлар юзасидан томонлар келишиб олди.

Тайёргарлик машғулотлари...

Жамоалар «Ҳарбий-тиббий эстафета» халқаро танлови доирасида эркак ва аёл ҳарбий хизматчилар индивидуал маҳоратларини АК-74 автомати ва ПМ пистолетидан отиш, ТАЙФУН-К ҳарбий техникаси орқали тўсиқли йўлларни енгиб ўтиш, тиббий хизмат мутахассисларининг мажмуавий машғулотлари (тўсиқли йўлак ва шахсий маҳорат) ҳамда махсус ҳарбий техникани ҳайдаш маҳорати шартлари бўйича тайёргарлик машғулотларини ўтказди. Жаҳоннинг турли минтақаларидан ташриф буюрган меҳмонлар амалий тажрибаларига ишонч ҳосил қилибгина қолмай, юртимизнинг иқлимига ҳам мослашдилар.

– Қардош ўзбек халқининг нақадар тантилиги, меҳмондўстлигига яна бир бор амин бўлдик, – дейди озарбайжонлик ҳарбий хизматчи, катта лейтенант Гунтекин Мамедзода. – Бунинг учун мен, ўзбек халқига Озарбайжон халқи номидан раҳмат айтаман. Кайфиятимиз аъло даражада... Айни дамда отиш тайёргарлиги машқларини бажаряпмиз. Юз ва эллик метр узоқда жойлашган нишонни яксон қилиш тажрибали мерганларга мураккаблик туғдирмади.

* * *

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан ҳар оқшом мусобақа қатнашчилари учун маҳаллий ва ҳарбий эстрада гуруҳлари иштирокида концерт дастурлари уюштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, V Халқаро армия ўйинлари доирасидаги «Ҳарбий-тиббий эстафета» танловининг очилиш маросими 4 август куни бўлиб ўтади.

Алибек ОМОНТУРДИЕВ

Информеры