2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ПОЛИГОН – ТИНЧЛИККА ПОЙДЕВОР

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ ҳудудида жойлашган полковник Шавкат Нормирзаев командирлик қилаётган ҳарбий қисмда навбатдаги тактик ўқув машғулоти ўтказилди. Ҳарбий қисмга берилган «Тревога» сигналидан сўнг кўп ўтмай, Ватан ҳимоячилари қурол-аслаҳаларини олиб, ҳарбий техникаларни бир сидра назоратдан ўтказиб, дала-ўқув майдонига йўл олишга шай ҳолга келдилар. Хўш, биргина жумлада ифода қилинган мазкур воқеагача нималар содир бўлди?

Ҳарбий хизматчилар фавқулодда бериладиган кўрсатмаларга кўникиб қолишгани рост. Улар ҳар қандай вазиятда белгиланган қисқа фурсатда жанговар шай ҳолатга келадилар. Ватан ҳимоячилари тезкорликлари асносида ўзларининг жисмоний тайёргарликларини ҳам намойиш қиладилар. Вазифа олиш ва уларни бажаришга киришар экан, ўзларининг ҳарбий билим ва кўникмаларини яна бир бор синовдан ўтказадилар. Бу каби ҳолатлар бугунги кун ҳарбий хизматчиларининг кундалик тарзига айланган.

Машғулот иштирокчилари тезкорлик билан шахсий таркиб ҳамда ҳарбий техникаларнинг жанговар шайлигини текширдилар. Ташқи кўриниш, қурол-аслаҳалари, сафар анжомлари, жанговар техника ва ҳарбий автомобиллар созлиги, техник носозлик юзага келганда уни бартараф этиш йўлларигача назардан четда қолмади. Ниҳоят, сўзимиз аввалида айтганимиздек, ҳарбий техникалар колоннаси йўлга тушиб, белгиланган ҳудудга етиб келди ва ўз позициясини эгаллади.

Амалий машғулотлар давомида шартли душманнинг ҳужуми қурбонларсиз бартараф этилди. Муҳими, мақсадга эришилди. Ҳарбий хизматчилар жипсликда, бир-бирларидан ёрдамини аямасдан ҳар қандай мақсад қўрғонини забт этишларини яна бир бор исботладилар. Шиддат билан ўзгариб, кескинлашиб бораётган замонда тинчликни таъминлаш, уни асраб-авайлаш ўз-ўзидан бўладиган иш эмас. Бунинг учун ўқув машғулотларида фаол иштирок этаётган ҳарбий хизматчилар тинчликнинг пойдевори бўлган дала-ўқув майдонларида касб машаққатларини писанд этмай маҳорат, билим, тажриба ва кўникмаларини мунтазам ошириб боришлари лозим.

Бот-бот шукрона келтирилганидек, юртимизда осойишталик. Амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, эришилаётган саноқсиз ютуқлар асоси – тинчлик. Аммо бу хотиржамликка берилиш керак, дегани эмас. Нафақат ҳарбий хизматчилар, балки ҳар бир фуқаро сергак бўлиши, жамиятдаги жамики воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси билан яшаши шарт.

Азиз НОРҚУЛОВ

Информеры