2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

САҲРОДА ТОБЛАНАЁТГАН МАРДЛАР

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ. Қорақалпоғистон саҳроси... Юртимизда энг жазирама иссиқ шу ерда кузатилмоқда. Цельсий бўйича ҳарорат 61 даража. Саҳро ўз номи билан саҳро. Қуёш қиздириб, мадорингизни олади. Оёқ ости иссиқ қум. Айнан шундай шароитда  капитан Дилмурод Гаипназаров командирлик қилаётган батальон шахсий таркиби «Тревога» сигнали бўйича кўтарилиб, белгиланган муддатда жанговар шай ҳолатга келтирилди. Эгалланган назарий билимларни амалиётда синашнинг айни фурсати...

Йўналиш аниқланиб, ҳаракатланиш бошланди. Шахсий таркиб кўзланган манзилга яқинлашганида, панада яшириниб турган шартли душман кучлари ўқ уза бошлади. Вазият анча чигал эди. Аммо шахсий таркиб ваҳимага тушиб қолмади. Улар совуққонлик билан батальон командири томонидан берилган кўрсатмаларни аниқ бажаришга киришди.

Кичик гуруҳларга бўлиниб, турли йўналишларда шартли душман зарбасини қайтаришга киришган ҳарбий хизматчилар кўп ўтмай вазиятни қўлга олди. Лекин шартли душман ҳали мустаҳкам оёқда турарди. Ёрдамга етиб келган қўшимча кучлар сиқувидан сўнг улар орқага чекина бошладилар. Шартли душман кучларини тўплаб олишига йўл қўймаслик учун улар устига артиллерия зарбалари амалга оширилди.  Шунингдек, жанговар вертолётлар ҳарбий хизматчиларимизни ҳаводан қўллаб-қувватлашга киришди ҳамда уларнинг захира кучлари ёрдамга келиши мумкин бўлган йўналишларни назоратга олиб, таъминот тизимини йўқ қилди. Қўшинларнинг ўзаро уюшқоқлик билан ҳамкорликда амалга оширган ҳаракатлари натижасида шартли душман тор-мор этилди. Шундан сўнг жароҳатланганларга биринчи ёрдам кўрсатилиб, ҳудудда тозалаш ишлари ўтказилди.

– Бугунги ўқув машғулотида гуруҳларни баҳолашда икки мезонга амал қилинди: тактик ҳаракатлар ва мўлжалга отиш бўйича. Шахсий таркиб бу икки мезонни ҳам аъло баҳога уддалади, – дейди батальон командири капитан Д. Гаипназаров.

Шу куни мен биринчи марта полигонда бўлиб, реал вазиятга яқинлаштирилган жанговар ўқув машғулотларига гувоҳ бўлдим. Ҳарбийларимизнинг жазирама иссиқ ёки совуқ, тоғ ёки чўл, умуман, ҳар қандай шароит ва вазиятда қўйилган жанговар топшириқни бажаришларига ҳеч нарса халақит бера олмаслигини, уларнинг шарафли хизматлари қанчалик машаққатли ва масъулиятли эканлигини англадим. Улар билан кун давомида бирга бўлиб, мудофаа салоҳиятимиз мустаҳкамлигини, тинчлигимиз ҳимояси ишончли қўлларда эканини англашдан фахр ҳиссини туйдим.

Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА

 

Информеры