2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КИТОБХОНЛИК ТАРҒИБОТИ

Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий қисмда Республика Маънавият ва маърифат маркази эксперти, фалсафа фанлар доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, Чирчиқ ҳарбий прокурорининг ёрдамчиси адлия капитани Гулчеҳра Турсунова, шаҳар жоме масжиди имом-хатиби Мусохон Бобоев, Мудофаа вазирлиги хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси Зулфия Мансурова иштирокида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда сўзга чиққан Ж. Шермуҳаммедова китоб ва китобхонлик ҳақида фикр юритар экан, мутолаа инсон кўнглига ёруғлик ва эзгулик улашувчи маёқ, олис йўлда ишончли ҳамроҳ, ҳаёт синовларини мардонавор енгишда беминнат маслаҳатчи эканлигини таъкидлади. Шунинг учун ҳам у шахс камолотида беқиёс ўрин тутишини ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб берди.

– Китоб – мўъжиза. Агар унинг маъно-мазмунини тушуниб ўқисангиз, ундаги сир-синоатга гувоҳ бўласиз, – дейди у. – Тўғри, орамизда соатлаб, ҳаттоки, кунлаб китоб ўқийдиганлар бор. Бироқ асарнинг бадиий, ирфоний, дидактик-психологик маъноларини, саҳифалараро сочилган нурни ўз қалбингизга сингдирмагунингизча мутолаа қилдим, деб айтолмайсиз. Шу маънода аскар болажонларим, маслаҳатим, доим китобни англаб, мағзини чақиб ўқинг.

Адлия капитани Гулчеҳра Турсунованинг маърузаси Қуролли Кучлар тизимида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, қонунчиликка киритилган охирги ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти, шу билан бирга, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида прокуратура органлари олдида турган масъулиятли вазифалар хусусида бўлди.

Куннинг иккинчи ярмида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Ошкора ва самимий руҳда ўтган мулоқотда оила бекаларининг муаммо ва таклифлари ўрганилди.

Чирчиқ ҳарбий прокурори адлия подполковниги

Отабек ХОЛБОЕВ, майор Улуғбек ҚУРБОНОВ.

Информеры