2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТААССУРОТЛАРГА БОЙ КУН

Тошкент вилоятида жойлашган Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли ҳарбий қисмда Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни муносабати билан қатор тадбирлар ўтказилди.

Шулардан бири Ўзбекистон халқ ёзувчиси, давлат мукофоти лауреати Муҳаммад Али билан учрашув тарзида бошланди.

Шайх Муҳаммад Имом Ғаззолий айтадилар: «Башар ўз ерига, гарчи у тақир саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат Ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқда бўлганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа, камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади». Шунинг учун ҳам ўзини Ватанига мансуб дея билгувчи инсон унга садоқатли бўлади, уни кўз қорачиғидек асраб­авайлайди ва шу аснода эларо ҳурмат-эҳтиромга эришади.

Тадбирда сўзга чиққан ёзувчи Ватан ҳақида гапирар экан, бепоён юрт манзараларини тингловчи қалбидан чуқур жой оладиган ёрқин бўёқларда, гўзал ташбеҳлар, чиройли ва содда жумлалар билан изоҳлаб берди. Юрт ҳимояси аждодлардан мерос муқаддас вазифа эканлигини алоҳида таъкидлаб, эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини асраш йўлида жасорат кўрсатган улуғ аждодларимиз ҳақида сўзлади. Буюк саркардалар, темурий шаҳзодаларнинг ҳаётидан ҳикоя қилувчи ибратли ривоятлардан келтирди.

Учрашув Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижроси бўйича ҳарбий қисмда қилинаётган ишларга бағишланган кўргазмали машғулотларга уланиб кетди.

Шунингдек, тадбир доирасида маданият маркази бошлиқлари ҳамда кутубхоначилар ўртасида «Мен – ғолиб» шиори остидаги «Энг илғор маданият маркази бошлиғи», «Энг яхши кутубхона» кўрик-танловининг дастлабки босқичи ўтказилди. Чиқишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди ва фаол иштирок этганлар муносиб рағбатлантирилди.

Шу куни аскарлар ўртасида ўтказилган «Энг яхши китобхон» беллашуви ҳам қизиқарли ва баҳс-мунозараларга бой бўлди.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры