2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«БЕМОРГА ИНСОН, ДЕБ ҚАРАШ КЕРАК»

Воҳанинг жазирама офтобида, ҳадсиз кенгликлардек юрагида орзулари мўл бўлган ўсмир қўлига ногаҳон тиббиёт ҳақидаги китоб тушиб қолади-ю, унинг келажакда, албатта, шифокор – жарроҳ бўламан, деган азми қарори янада қатъийлашади. Кун келиб эса у тиббиёт фанлари доктори, профессор, ажойиб адабиётшунос, ўзи ўқиган мактабнинг аълочи ўқувчиларига «Жуманазар Бекназаров» номли стипендия жорий этадиган таниқли олимга айланди...

Олим билан суҳбатимиз тиббиёт илмига тамаддун бўлган буюк аждодларимиз, туганмас меросимиз, бугунги тиббиётдаги ютуқ ва камчиликлар, миллатпарварлик, юртсеварлик каби олижаноб туйғуларни камол топтиришда эътибор бериш керак бўлган муҳим жиҳатлар борасида бўлди.

– Жуманазар ака, дастлаб ўсмирликдан шифокорликкача бўлган умр йўлига назар солсак, нима дейсиз?

– Мен Қашқадарё вилояти, Қамаши туманидаги 65-умумий ўрта таълим мактабида ўқиганман. Мактабда яхши ўқирдим. 4-синфгача Ойбекнинг, гарчи у қадар тушунмасам-да, «Олтин водийдан шабадалар», «Навоий» номли асарларини ўқиб чиққанман. Лекин мутолаага ростакамига банди бўлганман. Уйдаги барча адабиётлар билан таниш эдим. Эсимда, 6-синфда ўқиётганимда отам раҳматли бир китобни ўқиб, кейин тахмонга яшириб қўярди. Бир куни пойлаб туриб, яширилган жойидан олиб қарасам, бу «Ўткан кунлар» романи экан. Мириқиб ўқидим. Кейинчалик муаллифнинг дастхати туширилган Уйғуннинг «Танланган асарлар» ва яна бир неча асарлар билан танишиб, юрагимда адабиётга ҳавас уйғонган. Бора-бора Абдулла Орипов, Асқад Мухтор, Эркин Воҳидов каби шоир ва ёзувчиларнинг китобларига ошно бўлиб, сўзнинг қудратини, сеҳрини англаганман. Энди ўйласам, китоблар мени беморга инсон деб қарашга, унинг руҳиятини, қалбини англашга ўргатган экан. Ошно бўлганим ҳикоя, қисса, шеърлар кейинчалик касалликни даволашда, беморнинг руҳиятини тушунишда яқиндан кўмак берган. Қолаверса, ота-онам оддий одамлар бўлса-да, адабиётни, санъатни қадрлайдиган, кўнгли нозик кишилар эди. Уйимизга онамнинг дугоналари бўлмиш маҳалла аёллари йиғилишганда уларга достонлардан тортиб, ғазалларгача ўқиб берардим. Ҳар бир сатрни тебраниб, киприклари намланиб тинглаган, ҳаё ва андишада бекам бўлган қишлоқ оналарининг ёрқин чеҳралари ҳамон ёдимда.

Шифокор бўлишимга эса 10-синфда ўқиб юрган пайтимда жарроҳлик ҳақидаги китобни ўқиб қолганим сабаб бўлган, десам, янглишмайман. Асарга шу қадар қизиқиб кетганманки, катта бўлсам, албатта, жарроҳ бўламан, деган қатъий қарор қилганман. Шундай қилиб, 1964 йил 15 июлда Тошкентга кириб келганман. Юраги кўкси каби кенг қишлоқ йигитини тасаввур қилинг. Биргина нияти оқ халатли етук шифокор бўлиш эди. Биз жуда ўқимишли авлод эдик. Ишонсангиз, кечаси ҳамхоналарга халақит бермайлик, деб тунда Тошкент давлат тиббиёт академиясининг ҳовлисидаги чироқ ёруғида китоб ўқиб, имтиҳонга тайёргарлик кўрардик. Ҳатто бир гал ётоқхонада жой бўлмай, ижарага хонадон излаб чиққанимизда, бу уйда телевизор бор экан, бизнинг дарс тайёрлашимизга ҳалақит беради, деб бошқа ерга кетганимиз эсимда.

– Бугун тиббиёт қанчалик ривожланмасин, яшаш тарзи яхшиланмасин, дунё бўйлаб умр коэффициенти гоҳ қисқариб, гоҳ мўътадил бўлиб боряпти, назаримда. Инсон умрини узайтириш, узоқ умр кўриш даражасини қандай омиллар билан боғлайсиз?

– Келинг, сизга халқона тилда тушунтирсам. Инсон организмида ўн уч триллиондан ортиқ ҳужайралар бор. Ҳар куни одамда 3 миллиарддан 5 миллиардгача ҳужайра қайта туғилади ва ўшанчаси нобуд бўлади. Бу ички қонуниятга деярли барча ҳужайралар бўйсунади. Лекин айрим «безори»лари бу жараёнда иштирок этишни исташмайди ва ўз ҳолича организмда бош-бошдоқлик қилишади. Иммун кучлари эса уларни «жазолаб» йўқ қилишга киришади. Лекин шу пайтда кутилмаганда ишхона ёки оилангизда нохуш вазият бўлиб, сиз қаттиқ стрессга тушсангиз, иммун тизими юрак, нерв тизимларининг ҳолатини беқарорлаштиришга киришади. Қаровсиз қолган «безори» ҳужайралар эса фурсатдан фойдаланиб, энг ички тўқимага кириб олиб, яшаб қолиш ҳаракатига тушишади ҳамда ҳимоя қобиғига ўралади. Иммун тизими қайтиб келганда эса бу қобиқни ёриб киролмайди. Оқибатда аввал зиғирдек, кейин мошдек, чигитдек, данакдек бўлган ҳужайралардан рак клеткалари пайдо бўлади. Афсуски, ҳозирги тиббиёт уларни илк даврларида аниқлашга ожиз. Бу тўқималар катталашганидагина УЗИ текшируви орқали аниқлаб, ташхис қўйилади. Бироқ бу анча кеч демак. Аммо инсон иродаси кучли бўлиб, «Мен учун бу касаллик ҳеч нарса эмас. Мен кучлиман, ҳаммасини енга оламан!» деса, у албатта, ниятига эришади. Аниқроғи, ўз қалбига, руҳиятига берган ишончи туфайли ана шу саратон ҳужайраларининг қобиқларини ёриб киришга қодир. Ҳозирги кунда дунё бўйлаб юрак ишемик, инсульт, қандли диабет каби касалликларнинг кўпайиши натижасида кишида ўртача умр кўриш коэффициенти пасайиб бормоқда. Аслида тиббиёт нуқтаи назаридан инсон 160 – 180 йил яшай олади. Лекин турмуш ташвишлари, касалликлар сабаб шу ёшга етиб боролмайди. Айниқса, ҳозиргидек ҳаёт ритми тезлашгани сари одам бу жадалликка моҳиятан кўниколмаяпти. Шунинг натижасида узоқ умр кўриш миқдори қисқариб бормоқда.

– Бизнинг дунёга кўрсатадиган юзлаб буюк аждодларимиз бор. Улардан бири тиб илми билимдони Абу Али ибн Синодир. Олим ҳаётига бағишланган хорижий фильмдан очиғи, кўнглим тўлмади. Чунки унда Ибн Синони гўёки инглиз шогирди этиб гавдалантирган, кўпроқ эътибор унга қаратилган. Нега биз ўзимиз фахрланадиган жойда иккиланамиз, четга суриламиз? Ибн Синодек улуғлар меросини тарғиб қилишда тиббиёт соҳаси вакилларининг ҳам жонбозлиги камдек бугун.

– Ҳа, бу ўзимга энг кўп берадиган саволим, билсангиз. Ибн Синони дунёга қайта таништиришимиз керак, деб ўйлайман. Ахир уни дунё билади-ку, дерсиз. Тўғри, лекин олимнинг бизнинг аждодимиз эканлигини ва Европа олимларининг номи билан юритилаётган бугунги аксарият малҳам чораларини бундан 800 – 600 йил олдин Ибн Сино айтиб кетганлигини исботлашимиз керак. Бу авлодлик бурчимиз.

Масалан, катаракта касаллигини биринчи марта бобомиз операция қилганлигини, кўз анатомиясидаги мускуллар терминларини аввало у ёзганлигини биздан кўра хорижий олимлар жуда яхши билишади. Ёки қорин оғриғидаги колит деган жойнинг тиббий атамалари номларини Ибн Сино аллақачон ёзиб кетган. Лекин бу терминлар жаҳон тиббиёт олимларининг номи билан аталганлигини қандай изоҳлаймиз? Энг ачинарлиси, бу ўз олимларимизнинг монографияларида ҳам учрамайди. Яна қутуриш касаллигини олайлик. Ибн Сино бу касалликни шундай таърифлаганки, ҳозир бунга бирон изоҳ қўшиш мумкин эмас. Олим ёзган маълумотда унга биринчи ёрдам кўрсатиш қандай бўлишини, жароҳатни сўриб ташлаб, беморга қуён миясининг ширасини ичириш кераклигини, жароҳатга ўша итнинг жигарини боғлаш кераклигини айтган. Лекин 600 йил ўтиб, Луи Пастер қуённинг миясидан қутуришга қарши вакцина ишлаб чиқарди. Чунки қуённинг жигарида антителалар борки, бу қутуриш касаллигини йўқ қилишда ёрдам беради. 2017 йилда Москвада чиқарилган қутуриш касаллигига оид китобда касалликнинг охири ўлим, даво чораси йўқ, дейилган. Бироқ бобомиз ўз вақтида даволанса, ҳатто клиник даражаси авжига чиққанда ҳам беморни қутқариб қолса бўлади, деган. Тажрибасида бўлганки, буни исботлаб, ёзиб қолдирган. Тош касаллигини олайлик. Унинг клиник манзараси ҳақида тўлиқ маълумотлар бор. Рентген бўлмаган бир шароитда шундай ноёб ташхислар қўйган, қовуқ соҳасини илк бор операция қилган бобомизнинг номи билан нега бирор терминда ишлатмаймиз? Нима учун Ибн Сино усули, деб бирорта ташхисни номламаганмиз? Саволлар кўп. Бундан шу нарса англашиладики, биз учун фахр, хориж олимлари учун қўлланма бўлган «Тиб қонунлари» асари ҳали тўлиқ ўрганилмаганини англатади. Мана шундай ҳақиқатларнинг юзага чиқиши учун Ибн Сино ҳақида бадиий, илмий асар ёзишни бошладим.

– Назаримда, шифокорларга ҳар куни яхшилик қилиш, нажот илинжида келган одамларга ёрдам бериш амали, савоби кўпроқ берилгандек. Айни пайтда бу ажри амални ҳою ҳавасга алмаштираётган, беморнинг аҳволидан кўра, қўлига қараётганлар ҳам афсуски бор...

– Биласизми, шифокорнинг вазифаси беморга аввало Инсон деб қарашида. Олдингизга шифо топиш илинжида келган кишини дастлаб, Сўз билан даволаш керак. Бир озгина танишув, дўстона суҳбатдан сўнг беморнинг яноқлари қизариб, унда тузалишига бўлган ишончи орта боради. Кўзлари чақнаб, тавсияларингизни ўзига малҳам эканлигини англайди. Бу руҳий терапия дейилади. Қолаверса, ҳар бир инсоннинг қалби, кечинмаси бор. Тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, кишини дарров операция столига олишга шошилмайман. Аввал у билан суҳбат қураман. Руҳиятини тайёрлайман, кайфиятини юқори даражага олиб чиққач, ўзи: «Операция қачон, доктор?» дегач, жараённи бошлайман. Бу унинг тузалиб кетиши, жарроҳликдан кейин кўз очишига ишончидан дарак. Тўғри, касбига хиёнат қиладиган одамлар ҳар жойда, ҳар касбда бор. Таъмагирлик – жуда катта гуноҳ. Шифокор шу йўлга кирдими, унинг ишида ривож, еган-ичганида ҳаловат бўлмайди. Чунки оёққа турган одамнинг шифохонадан чиқиб кетаётганининг ўзи шифокорга энг катта мукофот. Демак, у ўз ишини уддалай олибди. Яна бир инсонни рози қилиб, уйига кузатибди.

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни айтиб ўтмоқчиман. Бу тиббиёт ходимларининг ойлик маошларини ошириш масаласи. Ўн йил ва ундан ортиқ тиб илмини ўрганиб, бемор билан юзлашгунча шифокор қанча қийинчиликларни кўради. Масалан, жарроҳ операция столига келиб, хаёлини бузмасдан, оиласининг кам-кўстини ўйламасдан жарроҳлик ишини қилиши учун ҳаётида тўкинлик, фаровонлик бўлиши керак. Ана шунда у қўшимча иш қилишга, энг ёмони, таъмагирлик қилишга имкони қолмайди. Яна бир масала мени доим ўйлантиради. Айнан инсон саломатлигига кафил бўлган бўлажак шифокорлар учун тиббиёт олийгоҳларидаги контракт тўловни олиб ташлаш зарур. Чунки бундай тўловларни кўп йиллар давомида тўлашга ҳар қандай оиланинг ҳам имконияти етавермайди. Шунда талаба ҳам пул ҳақида ўйламай, дарсларга фаол қатнашиб, маъруза ва амалиётни пухта ўзлаштиради. Миллат соғлигига масъул бўлган касб эгаларининг виждонан ишлашида, фидойи ва билимли бўлишида уларга зарур имкониятларни яратиб бериш керак.

– Мамлакатимиз тинчлигини асраётган посбонларнинг саломатликларини тиклашда жонбозлик кўрсатаётган ҳарбий шифокорларга қандай тилакларни айтган бўлардингиз?

– Шифокорлик – жуда масъулиятли соҳа. Зиммангизга шу вазифани олдингизми, демак сиз оламнинг гултожи бўлган Инсоннинг соғлиғига кафилсиз. Энди ҳарбий либосдаги шифокорларнинг масъулияти икки карра кўп. Боиси, ўзлари ҳарбий хизматчи бўлишлари билан бирга, улар Ватан тинчлигига қалқон бўлган шарафли касб эгаларининг доим бардам, шижоатли, тетик юришларига масъулдирлар. Ҳарбий шифокорлар ҳар қандай вазиятда Ватан ҳимоячилари билан бирга, тоғдами, сувдами, ўтдами... Уларнинг ўз касбида камол топишига тилакдошман.

– Мазмунли суҳбат учун ташаккур.

Суҳбатдош Наргиза АСАДОВА

 

Информеры