2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«АРМИЯ МЕНИ МАСЪУЛИЯТЛИ БÓЛИШГА ÓРГАТДИ»

Қорақалпоғистонлик санъаткорларни «Саҳро булбуллари» дейишади. Ана шундай истеъдод эгаларининг бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязов билан суҳбатимиз Италия гастроль сафарига жўнаб кетиш вақтига тўғри келди.

– Опера санъатига қизиқишингизга нима сабаб бўлган?

– Аввало, санъатга меҳр қонимда бор. Чунки бобом Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Қорақалпоғистон халқ артисти Зинел Пиязов узоқ йиллар Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқали театрида фаолият кўрсатган ва ўзига хос овоз соҳиби бўлган. Шу сабабли бўлса керак, дастлаб Нукус маданият ва санъат коллежида, сўнг Ўзбекистон давлат консерваториясида таҳсил олдим. Қорақалпоқ заминидан жуда кўп опера хонандалари етишиб чиққан. Кўп эътибор қилганман, биз томонда одамлар аллақандай баланд, йўғон товушда гапиришади. Бу овоз опера талабларига мос. Шунинг учун қорақалпоқларнинг ҳар бирида опера хонандалиги бўйича салгина бўлса ҳам иқтидор бор, деб ўйлайман.

– Биз учун янгилик бўлган опера-шоу ғарб давлатларида классик даражага кўтарилган. Нима дейсиз, опера-шоуга халқимизнинг муносабати қандай?

– олдин операга зерикарли дастурлар деб қараларди. Бу йўналишда концерт бериш фақат операчи ва симфоник оркестр жамоадан иборат бўлса, энди «шоу» тарзида ўтказиш урфга кирган ва ўзини оқламоқда. Агарда халқимизни бу йўналишга қизиқтира олсак, биринчидан, уларга жаҳон санъати ҳисобланган операга меҳр уйғота оламиз, иккинчидан, опера эшитган инсонда мусиқий дид шаклланади.

Шу вақтгача икки марта концерт берган бўлсам, иккаласи ҳам аъло даражада бўлди. Тан олиб айтишим керакки, олдин халқимиз опера деганда ухлаб ўтирадиган аудиторияни тушунарди. Ҳозир қараш нисбатан ўзгарган. Мухлисларимиз концерт давомида рақсга тушди, бирга куйлашди, умуман айтганда, мароқли дам олди, деб ўйлайман.

– 23 ёшингизда Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист, 25 ёшда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонларига сазовор бўлдингиз. ўзингизни омадлилар сафига қўша оласизми?

– Албатта. Омад аслида нима? Бу керак пайтда, керак жойда бўла олиш демакдир. Менимча, бу ишни уддалай оляпман. Сизга бир мисол айтаман. Талабалик пайтимизда ётоқхонада шанбалик ўтказилди. Ҳамма курсдошлар кун бўйи тиним билмай ишлашди. Мен эса бир танловга тайёргарлик билан банд эдим. Шундай бўлса-да, хонамизда бир гиламчани қоқиб келиш учун пастга тушгандим. Бу ҳолатни деканимиз кўрган экан. Ўша куни кечқурун мажлис бўлди. Кун бўйи терга ботиб ишлаган курсдошларим қолиб, асосий мақтовни мен эшитганман (кулади). Ўзимни омадли санъаткор деб ҳисоблайман. Аммо биламизки, омад ўз­ўзидан келмайди. Унинг ортида тинимсиз машаққат бор.

– Ҳаётингизда ҳарбий хизмат даври қандай ўрин тутади?

– Ҳарбий бўлишни орзу қилмаган йигит бўлмаса керак. Мен ҳам болалигимда ҳарбий бўлишни истаганман. Бироқ санъатга қизиқишим устунлик қилди. Йигит киши учун ҳарбий хизматнинг ўрни алоҳида. Армия сафларида йигитлик бурчимни ўтаганимда ўша орзуим амалга ошгандек бўлди. Хизмат давримда аскарлар ўртасида бўлиб ўтган танловларда фаол қатнашдим ва сафдошларим орасида «Саҳро юлдузи» деган номга эга бўлдим. Армия менга масъулиятли бўлишни ўргатди. Яхши биламиз, у ерда тартиб-интизом биринчи ўринда. Ҳарбий хизматдан келганимда анча вақтгача қатъий режимда юрганман. Ишларим қанчалик кўп бўлиб, кеч ухласам-да, эрталаб соат беш-олтида уйғониб олганман. Ўғлим Муслимбек келажакда ҳарбий бўлмоқчи. Мардлар танлайдиган соҳага қизиқиши анча баланд.

– Кечаги ва бугунги кунингизни солиштириб кўрганмисиз?  Кеча ҳамма қатори оддий йигит эдингиз, бугун эса эл таниган санъаткорсиз. Юриш-туришингиз, феъл-атворингиз ўзгардими?

– Менимча, ўша-ўша Женисбекман. Муомалам ҳам, юриш-туришим ҳам ўзгаргани йўқ. Ўша пайтда кимни дўст деб билсам, ҳозир ҳам дўстона муносабатдаман. Бир оз бетгачопарлигим борлиги боис, кўнглимга ёқмаган одамлар билан алоқани узаман-қўяман. Тўғриси, бу феълим менга панд берган пайтлар ҳам бўлган. Болалигимда ҳам кўпчилик тенгдошларим билан келишолмасдим. Кўп жанжаллашардим. юзимдаги сезилар-сезилмас чандиқлар ҳам буни тасдиқлайди (кулади). Лекин нима қилай, феълимни ўзгартиролмайман-да.

– Опера тили бу – итальян тили. Шу тилда деярли 60 фоиз ижод маҳсулингизни кўрсак бўлади. Итальян тилини қанчалик биласиз?

– Хориж саҳналарида асосан итальян тилидаги партияларни ижро этаман. Албатта, бирор-бир тилда қўшиқ ижро этиш, уни чин дилдан ҳис қилиш учун унинг таржимасини яхши билишимиз керак. Айнан опера йўналишида ижод қилганлигим учун итальян тилини ўрганишга ҳаракат қиляпман. Тушунмаган сўзларимни электрон луғат орқали билиб оламан.

– Бу йўналишда ўзбек ва қорақалпоқ тилларида ҳам ижод қилиш мумкинлигини кўряпмиз. Охирги пайтлар бу тилларда янги таронани эшитмадик. Бунга сабаб нимада?

– Тўғри айтасиз. Ҳозирча янги тарона яратишга имкон бўлмаяпти. Чунки ҳозирги авлод композиторлари шаклланмаяпти. Оркестр билан ишлашда бўшлиқ бор ва бу ўз навбатида бизга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Профессионал бастакорларимизнинг ёзганларини ёшлар ҳис қилиши қийин, замонавий мусиқа тилларини тушунадиган бастакорлар етишмаяпти. Яхши ёзилган, халқимиз кўнглига ёқадиган мусиқалар яратилса, биз албатта айтамиз.

– Тажрибангиздан келиб чиқиб, ёш операчиларимизга қандай маслаҳат берасиз?

– Олдинлари опера айтаман, десам, устимдан кулишарди. Чунки бирор касбни танлашда кўпчилик унинг келажаги ва моддий аҳволига қизиқади. Айнан санъатнинг мана шу турини танлайман, деганимда тўсиқларга учраганман. Болаликдан операга қизиқувчанлик мени тарк этмади. Операдан нон топиб бўлмайди, деган эътирозларга қарамасдан, мана шу йўналишни танладим. Баъзи дўстларим эстрадага тортмоқчи бўлишган. Аммо қарорим жиддий бўлган ва умуман афсусланмайман. Чунки бугунги кунда операда ном ва нон топиш мумкинлигини исботлаб бердик. Ёш операчиларга маслаҳат берадиган даражага етдим, дея олмайман. Аммо тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, бу йўналишни танлаган хонанда аввало операга меҳр қўйган бўлиши керак. Ўз устида тинимсиз ишлаши, шу соҳа билимларини мукаммал ўзлаштириши муҳим.

Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА суҳбатлашди.

Информеры