2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ЭНГ ЯХШИ СПОРТЧИ» – МВСК АЪЗОСИ

ёки иккита мусобақадан 11 та медаль

Иордания пойтахти Уммон шаҳрида таэквондо WTF бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати, орадан бир неча кун ўтиб, шу ерда «Эл-Ҳасан кубоги» халқаро мусобақаси ўтказилди. Ўзбекистонлик ўсмир таэквондочилар илк марта қитъа биринчилигида олтин медални қўлга киритишди. Шу жиҳати билан тарихий аҳамият касб этган бу воқеа Мудофаа вазирлиги спорт клуби (МВСК) аъзосига тегишли бўлди. Халқаро мусобақада эса юртимизнинг тўрт нафар вакили қатнашди ва барчаси шоҳсупага кўтарилди.

Осиё чемпионатида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси асосий таркиб билан қатнашди ва якунда 2 та олтин, битта кумуш ҳамда 4 та бронза, жами 7 та медаль жамғарди. Қўлга киритилган олтин медаллардан бири 55 килограммгача вазн тоифасида даянга чиққан ва барча рақибларини мағлуб этган МВСК аъзоси Улуғбек Рашидовга тегишли бўлди. У йигитлар ўртасида «мусобақанинг энг яхши спортчиси» деб ҳам топилди. Бу бежиз эмас. Улуғбек ўтган йили апрель ойида Тунисда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бронза, кузда эса (6 – 18 октябрь) Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳри мезбонлик қилган ўсмирлар ўртасидаги III ёзги Олимпиада ўйинларида кумуш медалга сазовор бўлганди. Шу боисдан ва Осиё чемпионатида яққол ажралиб тургани учун ҳам тобора порлаб келаётган ёрқин юлдузни қитъа­миз таэквондо мутахассислари «мусобақанинг энг яхши спортчиси», дея эътироф этишди. Баракалла!  

Улуғбекнинг муваффақияти ўсмир таэквондочиларимизнинг Осиё чемпионатларида қўлга киритган биринчи олтин медали сифатида ҳам тарихдан жой олди. Ҳамюртимиз Жасур Жайсунов (-68 кг) ҳам ўз вазн тоифасида барча рақибларини мағлуб этиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди ва ўсмирлар терма жамоамиз ҳисобига иккинчи олтин медални қўшиб қўйди.

48 кг.гача вазн тоифасида баҳслашган таэквондочимиз Азизжон Ўктамов финалгача бўлган баҳсларда муваффақият қозонди. Фақат сўнгги баҳсда рақибига имкониятни бой бериб қўйди ва қитъа биринчилигининг кумуш медали билан кифояланди.

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ҳисобидаги 4 та бронза медаль ўз вазн тоифасидаги баҳслар якунида шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олган Абдулазиз Ҳамидуллаев (-63 кг), Марат Мавлонов (-78 кг), Феруза Содиқова (-63 кг) ва Озода Собиржоновага (-55 кг) тегишли бўлди.

Осиё чемпионатида жами 7 та медаль жамғарган ўсмирлар терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллади.

Орадан бир неча кун ўтиб, аниқроғи, 25 – 27 июль кунлари Иордания пойтахтида яна таэквондо (WTF) бўйича мусобақа бу сафар дунёнинг 45 мамлакатидан борган 100 нафардан ортиқ спортчилар иштирокида «Эл-Ҳасан кубоги» халқаро турнири ўтказилди. У ҳам спортчиларимиз учун муваффақиятли кечди. Ўзбекистон шарафини тўрт нафар таэквондочи, жумладан, Мудофаа вазирлиги спорт клуби вакиллари Нигора Турсунқулова (-67 кг) ҳамда Никита Рафалович (-80 кг) ҳимоя қилишди.

МВСК аъзоси, 2018 йилги Осиё ўйинларининг ғолиби Рафалович яқинда Жанубий Кореяда ўтказилган иккита халқаро мусобақада қатнашган ва уларнинг бирида бронза медални қўлга киритган эди. Никита Иорданиядаги «Эл-Ҳасан кубоги» халқаро турнирида ҳам ўз вазн тоифаси бўйича баҳслар якунида бронза медаль билан тақдирланди.

Эркаклар ўртасидаги +87 кг вазн тоифаси бўйича баҳсларда иштирок этган ҳамюртимиз Шоҳруҳ Ражабов ҳам ярим финалгача муваффақиятли одимлади ва финалга ўтиш баҳсида ютқазиб, бронза медаль билан кифояланди.

Халқаро турнирнинг аёллар ўртасидаги баҳсларида қатнашган юртдошларимиз эркакларга нисбатан юқорироқ натижа кўрсатишди. МВСК аъзоси, XVIII ёзги Осиё ўйинларининг бронза медали соҳибаси, ўтган йилги Осиё чемпиони Нигора Турсунқулова (-67 кг) ҳам, юртдошимиз Светлана Осипова (+73 кг) ҳам ўз вазн тоифасидаги баҳсларда финалгача муваффақиятли одимлади. Фақат ҳал қилувчи баҳсда улардан омад юз ўгирди ва иккиси ҳам кумуш медаль соҳибасига айланди. Шу тариқа терма жамоамиз аъзолари «Эл-Ҳасан кубоги» халқаро турнирида қўлга киритган жами 4 та медалнинг 2 таси кумуш, 2 таси бронза медали бўлди.

Ушбу мусобақа спортчиларимиз учун ўз ҳисобларига қимматли рейтинг очколарини қўшиб қўйишгани билан ҳам муҳим аҳамият касб этди.

 

БИТТАДАН ОЛТИН ВА БРОНЗА

Таиланднинг Бангкок шаҳрида бокс бўйича «Қирол кубоги» халқаро мусобақаси бўлиб ўтди. Унда юртимизнинг 7 нафар боксчиси, жумладан, Мудофаа вазирлиги спорт клуби (МВСК) аъзоси Шунқор Абдурасулов ҳам қатнашди.

МВСК аъзоси Ш. Абдурасулов (-60 кг) илк босқичда мезбон боксчи Жунтрон Ружакранга қарши келди. Афсуски, уч раунд якунига кўра ҳакамлар боксчимизни жанг мағлуби деб топишди. Шу куни ҳамюртимиз Иқбол Холдоров (-69 кг) ҳам қозоғистонлик Аятилла Такижановга ютқазиб қўйди. Бошқа икки боксчимиз – Абдумалик Халаков (-56 кг) ва Шукуржон Раҳимов (-64 кг) эса рақибларини мағлуб этди.

Жанглар терма жамоамиз аъзолари учун шу тариқа бошланди, яъни навбатдаги босқичларда ҳам вакилларимизни йўқотиб бордик ва ярим финалга икки нафар боксчимиз етиб келди. Фанат Қаҳрамонов (-75 кг) ярим финалда ҳиндистонлик Кумарга имкониятни бой берди ва бронза медаль билан тақдирланди. Энг енгил (-49 кг) вазн тоифаси бўйича жанг қилган Нодиржон Мирзаҳмедов эса ярим финалда Моҳд Режан Муҳаммадни енгиб, финалда ҳиндистонлик Дипакка тўқнаш келди. Қизиғи, улар шу йил баҳорда Осиё чемпионати финалида ҳам ўзаро рақиб бўлганди. Нодиржон уч ой муқаддам бўлгани каби «Қирол кубоги» финалида ҳам бу рақибини мағлуб этди. Шу тариқа терма жамоамиз мазкур нуфузли мусобақани биттадан олтин ва бронза медаль билан якунлади.

Р. ЭРМУҲАММАД

 

 

 

Информеры