2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЎЗБЕКИСТОН ЖАҲОН МИҚЁСИДА БЕШИНЧИ

Хорватия пойтахтида дзюдо бўйича Гран-при туркумига кирувчи йирик халқаро мусобақа ўтказилди. Унда юртимизнинг 13 нафар, жумладан Мудофаа вазирлиги спорт клубининг 6 нафар дзюдочиси қатнашди.

Баҳсларни енгил вазнлилар бошлаб беришди. 60 кг.гача вазн тоифасида татамига чиққан МВСК аъзоси, Рио Олимпиадаси ҳамда жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори Диёрбек Ўрозбоев илк босқичда Вон Жин Кимни (Жанубий Корея) осонлик билан мағлуб этди. Бироқ кейинги даврада қозоғистонлик Даурен Сюкеновга ютқазиб қўйди. МВСК аъзоси Диёра Келдиёрова (-52 кг) ҳам чорак финал остонасигача етиб борди, жумладан, польшалик рақибаси Калетани мағлуб этди. Лекин бельгиялик Сникка қарши баҳсда ундан омад юз ўгирди.

Мазкур мусобақада МВСКнинг яна тўрт нафар вакили – Гулноза Матниёзова (-70 кг),  Ғиёсжон Бобоев (-73 кг), Муҳаммадкарим Хуррамов (-100 кг) ва Бекмурод Олтибоев (+100 кг) ҳам иштирок этди. Афсуски, Загреб Гран-приси бу дзюдочиларимиз учун муваффақиятсиз бўлди. 

МВСК аъзоси Диёрбек Ўрозбоев каби 60 кг.гача вазн тоифасида татамига чиққан ҳамюртимиз Шарофиддин Лутфуллаев Хорватияда мағлубият нималигини билмади. У дастлаб Словения, Туркманистон ва Қозоғистон вакилларини доғда қолдирди, ярим финалда мўғулистонлик Энхтайвандан устун келди. Лутфуллаев финалда Буюк Британия вакили Эшли Маккензини иппон баҳоси билан мағлуб этди ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди ҳамда олтин медаль билан тақдирланиш билан бир вақтда жаҳон ва Олимпиада рейтинги доирасида 700 очкога ҳам эга бўлди. Баракалла!

Энг оғир (+100 кг) вазн тоифасида татамига чиққан Алишер Юсупов ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. У мусобақа давомида Осиё ўйинлари ғолиби кореялик Кимни ҳам мағлуб этди. Алишер бронза медали учун кечган курашда россиялик Ален Цховребовни доғда қолдирди ва шоҳсупага кўтарилиб, терма жамоамиз ҳисобига иккинчи совринни, ўз ҳисобига «Токио – 2020» ёзги Олимпиадаси учун 350 рейтинг очкосини ёзиб қўйди. Шу тариқа Алишер фаолияти давомида илк бор Гран-при турнири медалига сазовор бўлди.

Терма жамоамиз жамғармаси яна битта медалга бойиши мумкин эди. Аммо ярим ва чорак финалгача зафарли одимлаган Муҳриддин Тиловов (-66 кг) ва Мусо Собиров (-81 кг) ҳал қилувчи баҳсларда имкониятни бой беришди ва қимматли рейтинг очколарини жамғариш билан чегараланишди.

Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси нуфузли мусобақа – Загреб Гран-присида биттадан олтин ва бронза медални қўлга киритди. Бу 86 мамлакат орасида бешинчи натижа демакдир.

Расул ЖУМАЕВ

 

Информеры