2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ГЎЗАЛЛИКМИ ЁКИ КАСАЛЛИК?

 

Ишхонага кетарканман, табиийки, аввал табиатни, кейин одамларни кузатаман. Татуаж қилинган қошларга, жарроҳлик йўли билан олиб ташланиб, яна осилиб қолган қовоқларга, ҳатто шиширилган лабларга ҳам кўзим ўрганиб қолаётганини ҳис эта бошладим.

Мана сизга натижа! Йўқ, ҳарқалай «оммавий маданият» дегич бир балонинг айрим шакллари – баданига татуировка қилдирган, турли шаклларни чиздирганларга, лабига, қовоғига, киндигига лаш-луш илволганларга кўника олмаётган эканман. Ҳатто  баданларига татуировка чиздирган бир гуруҳ «ташаббускорлар» Тошкентда «Татуировка» фестивалини ўтказиш таклифи билан чиқиб, ижтимоий тармоқларда оммалаштирмоқчи бўлишди. Шукрки, мақсадларига ета олишмади. Чунки улар ҳозирча кўп эмас. Инсон учун омонат қилиб берилган вужудимизни соф сақлашликдан кўра ҳузурли нарса бўлмаса керак. Зеро, Аллоҳ таоло томонидан инъом этилган аъзоларни асраб-авайлаш зарур амаллардандир. Ҳақ таоло инсонни ўта кўркам ва сунъий гўзаллик унга сиғмайдиган даражада чиройли қилиб яратди.

Қуръони каримнинг «Тийн» сураси 4-оятида шундай марҳамат қилинган: «Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик». Бундан ташқари, Имом Бухорий ривоятида Абдуллоҳ ибн Масъуд розиаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилган ривоятларида У зот: «Игна билан баданига сурат чизувчи аёл ва чиздиртирувчини, соч улайдиганни ва улатадиганни, ҳусн учун тишларининг орасини очувчини ва Аллоҳ халқ қилган нарсани ўзгартирувчини лаънатлаган», деб айтдилар.

Бир опам: «Баданга чизилган нақшлар лаънат тамғасидек туюлади менга», деганди. Ибтидоий даврда ҳайвонларни қўрқитиш учун ҳам баданларига татуировка чиздиришган экан. Тавба қилдим-у, бир пайтлар қуллик тамғасидан қочган ва қўрққан одамзот бугун ўзи тушунмайдиган шаклларни баданига чиздириб, нимани исботлашмоқчи? Эътибор берманг, демоқчимисиз? Кундан-кунга бундайлар сафи кенгайиб бораверса, кўрмасликнинг иложи йўқ эканда. Хўш, аслида татуировка қаердан келиб чиққан? Ундан нима мақсадда фойдаланишган?

ТАТУИРОВКАНИНГ ТАРИХИ

Манбалардан маълумки, татуировка «яра», «мўъжиза» деган маъноларни англатади. Баданни зарб билан безаш тарихи 60 минг йилдан ҳам олдинги даврга бориб тақалади. Татуировка – эгасининг жамиятдаги ўрни, қайси жиноий гуруҳга мансуб эканлигидан дарак берган. Қадимги Мисрда бойлар баданларини шундай безатишган. Мумия шаҳридаги эҳром қазишмаларидан қуритилган терининг нақшлари топилган. Мутахассислар фикрича, татуировка XVIII асрда Жеймс Кук томонидан Европага келтирилгандан кейин авж олиб кетган.

Ҳинд фалсафасига кўра, ҳар қандай шахс олий даража эгаси ҳисобланиб, унинг маймундан ажралиб туриши учун танасига махсус суратлар туширилган ва уларнинг ҳар бири ўз маъносига эга бўлган. Масалан, гулларнинг тасвири аёлларда уятчанлик, мулойимлик ва бўйсуниш рамзи ҳисобланади. Эркак танасида эса бу белгилар ноанъанавий йўналишни ифодалайди. Диний рамзлар, хочлар инсоннинг ҳимояга муҳтожлиги ва заифлигидан дарак беради. Юлдузлар, айниқса, саккиз бурчакли юлдузлар шахснинг эркин ҳаётга муҳтож эканлигидан хабар беради. Йўлбарс, гепард (йиртқич ҳайвонлар) тасвири кучни, шафқатсизликни англатади.

Татуировка чиздириш ҳаётда ўз ўрнини топа олмаётган ёшлар орасида кенг тарқалган. Атрофдагиларга ўзининг диний, сиёсий ва фалсафий қарашларини, қизиқишларини намоён қилиш, гўёки кучли эканликларини кўрсатиб қўйиш учун татуировкадан фойдаланишади. Шунинг учун эркаклар кўпинча бутпараст қаҳрамонларни, йиртқич ҳайвонларни танлайдилар. Баъзан танадаги нуқсонларни беркитиш учун ҳам чиздириш ҳолатлари кўп учрайди.

МУТАХАССИСНИНГ АСОСЛИ ­ИНКОРИ

косметолог-эстетист Сожида МУҲИТДИНОВА:

– Танага расм чиздириш қадимда ҳам бўлган. Аммо у пайтларда танага зиён етказувчи турлари бўлмаган. Биз замонавий тил билан атаётган татуировканинг ҳозирги кунда тана аъзоларига зарари кўп. Масалан, инсон организмида моддалар алмашинуви юз беради ва бора-бора қарий бошлайди. Қариган танада ранглар ёйилиб, баданнинг катта қисмини эгаллайди. Йиллар ўтгани сари ранглар асл ҳолатидан ўзгариб, тананинг оқариши, яъни витилиго (пес) ҳолатлари пайдо бўлиб, наслдан-наслга ўтиши мумкин. Яна қон томирлар орқали заҳарланиш ҳолатлари ҳам кўп учрайди.

– Татуировка тананинг қайси аъзоларига кўпроқ таъсир қилади?

– Масалан, рак ҳужайралари ҳар бир инсонда бор. Баъзан унинг ривожланиб кетишига ўзимиз ҳам сабабчи бўлиб қолишимиз мумкин. Баданга расм чизилгандан кейин, ранглар тобора ичкарига сингиб бораверади ва натижада у рак ҳужайраларини «уйғотади». Бугунги кунда татуировка чиздирган кўпчилик инсонлар тери саратонига чалинмоқдалар.

– Татуировканинг енгил кўриниши «растушовка», яъни аёлларимизнинг қошларини сунъий бўяшларини кўп кузатганмиз. Бу уларнинг қошлари тўкилиб кетишига сабаб бўлмоқда. Мутахассис сифатида сизнинг фикрингиз қандай?

– Дарҳақиқат, қошларини кетма-кет сунъий бўятаётган аёлларимизга эътибор берсак, туклари тўкилиб бораётганини кузатишимиз мумкин. Чунки ранг миқдорида зарарли моддалар бўлиб, қошдаги ёғ безлари, тук илдизларини заҳарлайди ва охир-оқибат қош, соч  ва киприкларнинг тўкилиб кетишига олиб келади.

– Лаб чеккаси, қовоқ устига татуировка чиздиришади. Умуман, бу ишдан кейин танани қайта тикласа бўладими?

– Замонавий ускуналарда лазер нурлари орқали теридаги рангларни йўқотса бўлади. Аммо бу инсон соғлиғига жуда зарарли. Татуировка тери остига ранг юбориш орқали амалга оширилади. Натижада ёшга нисбатан тана тез қарий бошлайди ва ёқимсиз кўриниш юзага келади. Татуировка қилдирган қизларнинг лаб, қош-кўзлари бир хил. Асл ­ҳолатидан асар ҳам йўқ. Мутахассис сифатида айтишим мумкинки, табиий гўзалликка ҳеч нарса тенг келмайди. Вақт борида гўзаллигингиз ва саломатлигингиз қадрига етинг, азиз аёллар, қадрли дугонажонлар, ҳурматли эркаклар!

Танасига игна ва бошқа воситалар билан расм чиздирувчи кимсалар Қуръони каримда лаънатланган. Агар банда бу ишидан тавба қилиб, бошқа такрорламаса, гуноҳи кечирилади. Гарчи танасида расм излари қолган бўлса ҳам. Сабаби банда тавба қилишга буюрилган ва бу ишни қилишга унинг имкони бор.

Ислом динида танага татуировка чизишнинг ҳукми қандай? Мазкур масала бўйича Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатига мурожаат қилдик.

– Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу каби ишларни қилувчиларга Аллоҳнинг лаънати ёғилишини баён қилганлар. Агар имкони бўлса бу каби нарсаларни бадандан ўчириб, қилган гуноҳлари учун тавба қилишлари лозим. Валлоҳу аълам.

Демак, юқоридаги оят ва ҳадиси шарифлардан хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, татуировка қилиш ва қилдириш Аллоҳ яратган танани ўзгартириш ҳисобланиб, қаттиқ лаънатланган ва бу ишдан қайтарилган. Қисқача айтганда, Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган ишдир. Бундай ҳолатларни «Аллоҳ таоло яратган хилқатни ўзгартириш ва у ҳаром амал», деб айтиш мумкин.

Азиз  муштарий! Мақолани ўқиб, татуировка ё татуаж қилдириш фикридан қайтсангиз ёки кимнидир бу йўлдан қайтарсангиз, биз ўз мақсадимизга эришган бўламиз. Ўзингизни, омонатга берилган жисмингизни эҳтиёт қилинг!

Шоҳсанам НИШОНОВА

 

Информеры