2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ИННОВАЦИОН ҲИМОЯГА ЭГА

Британиянинг «Женерал дайнэмикс ЮК» компанияси мутахассислари томонидан яратилган «Арес» номли зирҳли транспортёр «Аякс» типидаги истиқболли зирҳли жанговар машиналар туркумига тааллуқли бўлиб, машинанинг биринчи тажриба нусхаси 2014 йилнинг 4 сентябрида Ньюпорт шаҳрида бўлиб ўтган НАТО саммити доирасида ҳарбий экспертлар эътиборига ҳавола этилган.

Янги транспортёр бортлар ва туб қисмнинг инновацион модуль ҳимоясига эга бўлиб, бир неча қатламли композит зирҳ билан кучайтирилган. Экипаж аъзолари (2 киши) ва десант (4 киши) машинанинг ички қисмидаги махсус илма ўриндиқларга жойлашади. Транспортёрнинг тўлиқ пайвандланган пўлат корпуси 7,62 мм.ли ўқотар қуроллар зарбидан, 14,5 мм.ли зирҳтешар-ёндирувчи ўқлардан ҳимояланишни таъминлайди.

«Арес»нинг асосий қуроли – 12,7 мм.ли пулемёт билан жиҳозланган масофадан бошқарилувчи модуль бўлиб, у Исроилнинг «Рафаэль» фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган ва корпус олд қисмининг ўнг томонига ўрнатилган. Транспортёр ва унинг асосида яратиладиган бошқа машиналар учун мазкур қурол тизими стандарт ҳисобланади. Шунингдек, машинани олиб қўйиладиган бульдозер ағдаргичи ҳамда ҳаракат йўналишида аниқланган портловчи предметларни белгилаш тизими билан жиҳозлаш ҳам кўзда тутилган. «Арес»нинг жанговар оғирлиги ишлаб чиқариш вариантларига боғлиқ равишда 28 - 45 тоннани ташкил этиши мумкин.

Информеры