2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЗОМИНДА БИР КУН

Булутларга ёндош осмонўпар Зомин тоғларига саёҳат уюштириш иштиёқи бизда ҳамма нарсадан устун турарди. Ниҳоят, орзиқиб кутилган онлар яқинлашиб теварак-атрофнинг ям-яшил арчазорга бурканганлигидан баҳри-дилимиз очилиб, кўнгиллар яйраб кетди.

Ҳавонинг тозалиги руҳиятимизга таъсир кўрсатмасдан қолмади. Бир неча кун аввал ёққан ёмғирдан ҳаёт янада жонлангандек. Обиҳаёт бетакрор тароват бағишлайди. Бепоён кенгликларга бахмал гилам ­ ёйилгандай бўлади. Теварак-атроф чирой очиб, унинг гўзаллигини анвойи гуллар белгилаб беради. Гуллар соҳилларни нозик ифорга буркайди.

Тоғ оралиғидаги қишлоқ чўпони сурувни ўзига хос чақириқ билан чорлаб бир жойга тўплагач, уни ёрдамчисига топшираркан, бизга йўлбошчилик қиладиган бўлди. Кўп саргузаштларни бошидан ўтказган қария кўринишдан сабр-тоқатли, дилкаш ва очиқкўнгил бўлиб, юз-кўзларидан нур ёғилиб турарди. Пасту баланд, ўнқир-чўнқир тош йўллар ва нотекис сўқмоқлар унга чўт эмас.

Тоғ чўққиларининг кўпчилиги шу ҳудудда жам бўлган. Чўққилар тик қоялардан иборат. Шунинг учун автоуловлардан тушиб яёв юришимизга тўғри келди. Баландга чиққунча киши тинка-мадори қурийди. Пастда эса анҳор суви тошдан тошга бош уриб шовуллайди. Қишлоқ кафтда тургандек кўзга яққол ташланади. Чор атроф гуллар чамани билан қопланган, унинг гўзаллиги ва латофатидан ҳайратимиз ичимизга сиғмасди.

Табиат – моҳир ҳайкалтарош. Кўплаб харсангтошлар турли нуқтадан турлича кўринади. Мўъжизалардан ҳайратланмасликнинг иложи йўқ. Эски сўқмоқ йўлга чиққанимизда бир қанча жамланган харсангтошлар оралиғида икки қўчқор  шохлашиб тош қотганга ўхшайди. Шундан сўнг бирин-кетин турли жонзотларни эслатувчи антиқа тошлар ҳам эътиборимизни тортди. Айниқса, оғзини очиб турган айиқ, кобра, балиқ, тошбақа кабиларни кўриб ҳайратимиз янада ошди. Ўзимизни худди эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис этдик. Улар кучли шамол туфайли тоғ жинсларининг емирилишидан вужудга келган.

Тик ва баланд тепаликдаги қирққиз ва уч опа-сингил қоялари олис-олислардан ҳам кўзга яққол ташланиб туради. Улар ҳақида халқ ўртасида турли ривоятлар юради. Шўх-шодон қизлар ва опа-сингиллар тақдири беихтиёр хаёлга толдиради ва ўйлатади. Шунингдек, сарғиш-қўнғир тусли сават кўтарган қиз ва она қиёфасини гавдалантирувчи топилмалар гранит тошларда ўз аксини топган. Бу наққош табиат маҳсули бўлиб, ҳеч бир ҳайкалтарош томонидан тарашланмаган ва ишлов берилмаган. Афтидан кучли шамол чанг, шағал ва тош парчаларини олиб келиб ёриқларини кенгайтирганлиги сабаб ана шундай кўриниш ҳосил қилган.

Биз дара бўйлаб саёҳатимизни давом эттирарканмиз, ҳудди пичоқ билан кесилгандек силлиқ харсангтош устидан зилол сув қуюлиб оқаётганлигини кўрдик. Сойнинг торгина қисмида муздек сув тарам-тарам бўлиб пастга оқиб тушаркан метин тошда ариқ ҳосил қилган. Уларни завқланиб томоша қиларканмиз, ҳайратимиз янада ортди.

Теварак-атрофи шох-шабба ва йирик бутазорлардан иборат баланд тепалик остидаги Пешоғар ғори неча-неча асрлар илгари вулқон, табиий офат ва оҳактошларнинг емирилишидан вужудга келган бўлиб, бу қадимий ерости обидасига келиб-кетувчи сайёҳлар қадами узилмайди.

Тоғ йўлларида тоғ эчкиси, бургут, ғоз ва ўрдаклар қиёфасидаги тошлар бирин-кетин кўз ўнгимизда гавдалана бошлади. Бу каби топилмаларни вилоятимизнинг бошқа туманларида ҳам учратиш мумкин. Уларга асло шикаст етказмасдан асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказмоқ лозим.

Хуллас, бир кунлик саёҳатдан бой таассурот олдик. Уларни таърифлашга тил ожиз. Ёқимли об-ҳаводан чарчоқ нималигини билмадик.

 

Муножот РАВШАНОВА,

Ғаллаорол туманидаги 45-умумтаълим мактаби

ўқитувчиси

 

Информеры