2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҚУЛОҚЧИН БОЛАНИ «ҚУЛОҚСИЗ» ҚИЛЯПТИ(МИ?)

– До-осто-он-у-у...

Бу хитоб «Тангалик болалар» фильмидан эмас. Кино бош қаҳрамони бувисининг чақирганини гарчи олисда бўлса-да эшитади, аммо қулоғи наушник билан банд ўзимизнинг Достон беш метр наридаги онасининг овозини эшитмаяпти. У мусиқанинг «сеҳр»ига берилиб, алламбало ҳаракатлар билан ўйнамоқда, жазавага тушган одамдек дам-бадам тебранади. Йигитча наушник «жинни»сига айланган.

Ўртоқлари билан учрашди, дегунча ота-онасининг панд-насиҳатлари ўз кучини буткул йўқотади. Кечаги эски мусиқа ўрнини яна янгилари эгаллайди, «зўр»ларидан телефонига юклаб олади. Наушник яна қулоққа илинади. Яхшиямки, уйда кўпни кўрган, турмушнинг аччиқ-чучугини татиб, кексалик гаштини сураётган оқила бувиси бор. Унга набираларининг барча хатти-ҳаракатлари кундек аён. Омонгул ая наинки Достон, балки бошқа невараларига ҳам панд-насиҳат қилишдан эринмайди. «Қулоғингга бу «зулпак»ни яқинлаштирма, ярашмайди, ҳуснингни бузади», дея фикру эътибори кун бўйи иш билан машғул ўғлининг тарбия бобидаги масъулиятига елка тутади. Омонгул ая транспорт ёки кўчада «зулпак»ли ўғил-қизларни кўрганида, худди ўз дилбандидек наушникнинг зарарли оқибатларидан огоҳлантириш, ибратомуз насиҳат ва ҳаёт тажрибасини уқтиришдан чарчамайди. Ҳа, кўпни кўрган нуроний отахону мунис дуогўй бувижонлар бахтимизга бор бўлсин! Достон бувисининг кўмагида бу матоҳдан бутунлай воз кечди. Ҳозир у маҳалладаги ҳунарманддан ёғоч ўймакорлиги сирларини пухта ўрганмоқда. Агар воз кечмаганида нима бўларди?..

Қолипидан кўчган ғишт

Яқинда пойтахтимиздаги техник савдо мажмуаларидан бирига йўлим тушди. Расталар гавжум. Бир-биридан бежирим телефону наушниклар. Энг сўнгги русумдаги техникаларни томоша қилар эканман, харидор йигит ва сотувчининг суҳбати эътиборимни тортди.

– Четда турган наушникни кўрсатиб юборинг. Ишқилиб, овозни паст чиқармайдими? – деди ўсмир товарларга маҳлиё бўлиб.

– Йўқ, бу энг зўри. Басслари қулоқни қоматга келтиради, укам, – дея маҳсулотини мақтай кетди сотувчи.

– Узр, яхши тушунмадим, нима дедингиз?..

– Эҳ, мусиқани баланд эшитавериб, қулоғинг ҳам «етилиб» қолибди-ку, оғайни, – дея шивирлади ҳалиги киши.

Беихтиёр бир воқеа ёдимга тушди. Ўзига тўқ оиланинг тўнғич фарзанди кун бўйи наушникни қулоғидан туширмасди. Бора-бора унда бошланғич синф ўқувчисига хос бўлмаган ғўлдираш одати пайдо бўлди. Ҳаяжонланганида киприкларини пирпиратадиган, одамови бўлиб қолди. Бир куни оила даврасидаги суҳбатда отаси ўғлининг эшитмаётганини пайқади. Онасининг ҳам тинчи бузилди. Шифохонага олиб чопишди. Отолорингологдан ўғлининг эшитиш қобилияти сусайгани, оғир хасталик аломатлари борлигини эшитиб, таҳликага тушишди, кўзига дунё қоронғи кўринди. Воқеа қандай якунланди, дерсиз? Соғлом юрган бола 5-синфдан таълимни заиф эшитувчи болалар махсус-мактаб интернатида давом эттира бошлади. Мана, сизга наушникнинг фожиаси!

Соф инсоний туйғуларсиз ҳаёт...

Психология фанлари номзоди, доцент Муяссар Аҳмедова наушникка табиий ва самимий инсоний туйғулар кушандаси, дея баҳо беради. У ўзаро дўстона алоқаларни мустаҳкамлаб, тоза тилак ва изҳорларни муайян маконда юзма-юз эшитиш лаззатини бермайди.

– Баланд ва давомли шовқин жавоб реакция таъсири сифатида субъектив тиннитус (фақат тингловчининг ўзигагина эшитиладиган жиринглаш ёки паст товуш) ҳодисасини келтириб чиқаради, – дейди психолог. – У жуда хавфли симптом бўлиб, эшитиш жадал суръатда пасайиб боради. Дўстлик, ростгўйлик, ирода, мардлик, ҳурмат сингари ҳиссиётлар ўрнини уларнинг акси эгаллайди. Нутқ ва тафаккур, диққат ва хотира ривожланишида салбий ўзгаришлар рўй беради. Ҳаётдан қувониш кайфияти, руҳан ва жисмонан тетиклик сусайиб, атрофдагиларга нисбатан эътиборсизлик кайфияти туғилади. Мулоқот жараёнида турли имо-ишоралар биринчи ўринга чиқади.

Инсон бир вақтнинг ўзида икки ўлчовли ҳолатда: танаси реал воқеликда, муҳим сезги аъзоларидан бири бўлган эшитиш хусусияти виртуал ҳудудда бўлади. Бундай пайтда мия теварак-атрофда содир бўлаётган воқеликни тўлиқ баҳолай олмайди, идрок этмайди. Наушник бу ҳолатни янада қийинлаштиради. Бу восита икки турга бўлинади. Кичик, яъни таблеткасимон наушник ташқи шовқиндан муҳофаза қила олмайди. Оқибатда фойдаланувчи плеер товушини янада баландлатади. Қулоқни супраси билан тўлиқ беркитадигани эса катта наушник ҳисобланиб, айни пайтда оммавий равишда фойдаланилмоқда. Тингловчи бу қулоқчинни таққанда баланд мусиқа ва кучли басс таъсирида четдан келаётган бошқа овозни мутлақо эшитмайди.

Нутқ ва хотирага ҳужум

ХХ асрнинг 70-йиллари охирида Японияда турли русумдаги плеерлар кашф қилиниши туфайли эшитишнинг заифлашуви муаммоси кенг тарқалди. Наушникда мусиқа тинг­лаш ва карлик орасида боғлиқлик аниқлангач, Евроиттифоқ мутахассислари бу муаммога жиддий эътибор қарата бошлади. 2009 йилдан «Ipode» типидаги плеерда эшитиш меъёри 80 децибелдан ошмаслиги, бу меъёрдан ошганда, эшитиш органига зиён етказиши ҳақида огоҳлантириш жумласи плеер қўлланмасига ёзиб қўйиладиган бўлди.

– Одам қулоғи 16 дан 20 минг герцгача частотали товушни фарқлай олади, – дейди Тошкент тиббиёт академияси «Қулоқ, томоқ ва бурун касалликлари» кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Холида Шайхова. –  Бу товушлар ноғора пардани тебратиб, эшитиш нерви орқали бош мияга ўтиб, эшитиш марказига етиб боради. Соғлом одамда эшитишнинг ёшга доир ўзгариши 30 ёшдан сўнг бошланади. Бу жиддий аҳамиятга эга бўлмай, фақат 55 – 60 ёшда яққол сезилади. Аммо баланд товушнинг узоқ муддатли таъсири кичик ёшда ҳам фожиавий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шифокорлар бу касаллик билан оғриган 30 – 40 ёшдаги беморларнинг кўпчилиги ўсмирлик даврида плеердан фойдаланганини аниқламоқда. Инсон қулоғи давомийлиги қисқа бўлган баланд товушлардан ҳимояланган. Аммо уни аудиоплеердан тараладиган 110 ва ундан ортиқ децибелли товушлардан ҳимоя қилишнинг иложи йўқ. Эшитиш мосламасида овозни пасайтириш қийин, товуш 110 – 130 децибелгача баландлайди. Бу эса эшитиш қобилиятини шикастлайди, мияни карахт қилади. Замонавий наушникларда юқоридаги каби товуш баландлигига осонликча эришиш мумкин. Соғлом одам қабул қиладиган энг паст частота 10 – 15 децибелдир. Шивирлаш 20, одатдаги суҳбат 30 – 35, баланд овозда бақириш частотаси 60 – 65 децибелга тенг бўлиб, бу инсон учун ёқимсиз ҳисобланади. 90 ва ундан ортиқ децибелли товуш эшитиш учун хавфли. Баланд товушнинг давомли таъсири муқаррар равишда хунук оқибатларга олиб келади. Қисқа муддатли шовқин таъсирида ички қулоқнинг тукли ҳужайраси генерацияланади, эшитиш ўткирлиги вақтинча ва кучсиз ҳолда пасаяди. Баланд овознинг мунтазамлиги эса асаб ҳужайраларини жиддий шикастлаб, қайта тикланмайди.

Наушник ташқи эшитув йўлини беркитади ва қулоқ терисида жойлашган олтингугурт ишлаб чиқарувчи безларнинг фаолиятини пассивлаштиради. Натижада ташқи эшитув йўлида олтингугурт тиқини ривожланади, ички қулоққа инфекция тушишига шароит яратади.

Йўлда ҳушёрлик зарур!

Кўча-кўйда, жамоат транспортидаги ёшларнинг кўпчилигида наушник кўрасиз. Қулоқчин «Bluetooth» тармоғи каби қўшимча компонентлар орқали ҳайдовчи диққатини чалғитади, руҳиятига таъсир қилади. У орқали бирор совуқ хабар эшитгудек бўлса, беихтиёр бошқарувни йўқотиб, автоҳалокат содир этиши ҳеч гап эмас.

Мухтасар айтганда, инсониятнинг мўъжаз ихтироси бўлган қулоқчинлар боланинг ақлу закосини юксак ва ҳар томонлама комил этиб тарбиялашга хизмат қилсин-у, «қулоқсиз» қилиб қўймасин.

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ

Информеры