2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МУЗЕЙНИ ГИД ЁРДАМИСИЗ АЙЛАНАМИЗ

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Моделлаштириш ва симуляция бўйича махсус ­ ахборот технологиялари маркази ва Қуролли Кучлар давлат музейи ҳамкорликда видеогид тизимини яратди.

Охирги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Ҳукуматимиз томонидан Ўзбекистонда бу соҳани ривожлантиришга ва унинг инфраструктурасини тубдан яхшилашга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар амалиётга татбиқ қилинди. Чет элдаги элчихоналаримиз ва дипломатик корпуслар вакиллари томонидан мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини ёритиб берувчи тарғибот-ташвиқот ишларининг самарали олиб борилаётгани натижасида, юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони кескин тарзда ўсмоқда. Шунинг учун ҳам эндиликда, бу соҳага инновацион технологияларни татбиқ этиш масалаларига катта эътибор берилмоқда. Қувонарлиси, дунё миқёсида тан олинган шаҳарларимиз ва у ердаги музейларга, сайёҳлар ташриф буюряпти ва улар сони ортиб боряпти.

Музей экспозицияси Қуролли Кучларимизнинг шонли тарихини ўзида мужассам этганлиги билан ажралиб туради. Сайёҳларга бой ҳарбий-тарихий меросимизни тўлақонли ва қулай тарзда етказиб беришда видеогид тизимининг аҳамияти беқиёс. Негаки эндиликда сайёҳлар гид ёрдамисиз ҳам музейга саёҳат қилишлари мумкин.

– Тизимнинг афзаллиги шундан иборатки, якка тартибда ташриф буюрган сайёҳ музей тўғрисида мустақил равишда маълумот олиш имконига эга бўлади, – дейди музей ходими Зебо Холбаева. – Тизимда музей экспозицияси экспонатлари тўғрисида маълумотлар босқичма-босқич жойлаштирилган. Шу тарзда милоддан олдинги минг йилликлардан бошлаб, то бугунгача бўлган даврдаги ҳарбий тарих билан танишиб чиқади. Яъни музей «WiFi» тизими орқали сайёҳлар шахсий телефони ёки музейдан берилган планшетлар орқали экспонат ёнида жойлаштирилган штирх кодларни теради ва видеогид ўз ишини бошлайди. Бу тизим ҳозирча ўзбек тилида жойлаштирилган, келгусида унга бошқа тилларни ҳам жойлаштириш режада бор.

Экспонатларни тасвирга олиш ва видеоматериалларни тайёрлаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Моделлаштириш ва симуляция бўйича махсус ахборот технологиялари маркази режиссёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шавкат Маҳбубов, шартнома бўйича харбий хизматчи, оддий аскар Фаррух Абдуқодиров томонидан олиб борилди.

Бу тизим Қуролли Кучлар давлат музейи тарихида илк бор амалга оширилди. Видеогиднинг яна бир афзал тарафи, музей ходимлари экспозицияни доимий равишда янгилаб бориш ва экспонатлар устида илмий тадқиқотлар олиб бориш имкониятига эга бўлади.

А. ЖОЛДАСБАЕВА

 

 

Информеры