2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЎЗБЕКИСТОН - МЕЗБОН, МУНОСИБ ИШТИРОКЧИ...

«Фориш» тоғ-дала полигонида V Халқаро армия ўйинлари доирасида Ўзбекистонда илк бора ўтказилаётган «Ҳарбий-тиббий эстафета» танловининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, вазир ўринбосарлари, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев, ҳарбий округлар қўмондонлари, Россия мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов, хориж давлатлари ҳарбий атташелари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Шу куни «Фориш» полигони ҳақиқий байрам тусини олди. Жанговар мусиқа садолари остида майдонда саф тортган жамоаларни мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов самимий муборакбод этди. Уларга юксак муваффақият тилади, танловда энг кучли жамоа ғолиб чиқишига ишонч билдирди ва Ватанимизда биринчи маротаба ўтказилаётган «Ҳарбий-тиббий эстафета» танловига старт бериб, уни очиқ деб эълон қилди.

Шундан сўнг Россия мудофаа вазирининг ўринбосари Тимур Иванов сўзга чиқиб, Россия мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгунинг табригини ўқиб эшиттирди.

Дастлаб Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган дефиле йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди. Мудофаа вазирлиги Марказий ашула ва рақс ансамбли томонидан ижро этилган жанговар қўшиқлар, иштирокчи жамоалар шарафига ўн тилда, миллий хусусият ва оҳангларини тараннум этган садолар, рақслар жозибаси тантанали маросимнинг барча меҳмонларини ўйин-кулгига чорлади: халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, умумбашарий қадриятлар, меҳр-оқибат каби туйғуларни туташтирди.

Фурсатдан фойдаланиб, биз танлов иштирокчиларини суҳбатга чорладик.

Нозин МУТАМБАКАМВЕ, зимбабвелик иштирокчи:

– Барчаси жуда ажойиб ва ҳайратланарли. Полигон ҳудудида юртингиздаги вилоятларни тамсил қилувчи стендлар, ундаги ҳар бир ҳудуднинг маданияти, тарихини акс эттирувчи макетлар орқали биз меҳмондўст халқингиз, ўзига хос урф-одатларингиз ҳақида етарлича маълумотга эга бўлдик ва миллат сифатида маданиятингиз нақадар бой эканлигига яна бир карра амин бўлдик. Бугунги тантана ҳам бу мамлакат ҳақидаги фикрларимизни янаям бойитди. Бу менинг Ўзбекистонга биринчи ташрифим. Шундай бўлса-да, полигонга келиб жойлашган кунимданоқ ҳеч қандай бегоналик туйғусини сезмадим. Сермулозамат халқингизга ҳурматим ортди. Бу ерда кўрсатилаётган ҳурмат-иззат ва эътибордан чексиз шодман ва миннатдорман.

Гунтегин МАМАТЗОДА,тожикистонлик иштирокчи:

– Полигонда яратилган шарт-шароитга гап бўлиши мумкин эмас, барчаси аъло даражада. Ташкилотчилик яхши йўлга қўйилган. Мен ўзимни полигонда эмас, балки курортда юргандек ҳис қиляпман. Бу жуда ёқимли. Мана, бугун танловга старт берилди. Айни вақтда полигонга жам бўлган ҳар бир жамоанинг муддаоси – ғалаба. Демак, ғолиблик учун бор куч, билим ва малакамизни сафарбар этамиз. Барча жамоаларга омад ёр бўлсин!

Нуржан КАПЕЗОВ, қозоғистонлик иштирокчи:

– Мазкур танловда иккинчи бора иштирок этяпман. Ўтган йилга қараганда бу йилги танлов шартлари бироз мураккаблашган. Бу эса биз, ҳарбий шифокорлардан янаям кўп ўқиб-ўрганиш, малака оширишни талаб қилади. Шу кунгача тайёргарликни сусайтирганимиз йўқ. «Фориш» полигонида ҳам танлов бошлангунга қадар тайёргарлик кўришимиз учун етарлича шароит яратилган экан. Тўғриси, кутмагандик. Бу маскан менга кўркам табиат қўйнидаги мўъжаз шаҳарчадек таассурот қолдирди. Худди эртакка ўхшайди. Шинам ётоқхоналар, машғулот ва спорт залларини кўриб, кўзингиз қувнайди. Ҳатто сузиш ҳавзаси ҳам бор. Албатта, бунинг учун ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимизни изҳор қиламиз.

Маросим ниҳоясида Фориш осмони узра отилган мушаклар юксак савияда ташкил этилган тантананинг кульминацион якуни бўлди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилги «АрМИ – 2019» мусобақалари рекорд даражадаги иштирокчиларни – 36 давлатдан 217 та жамоанинг 5 мингдан ортиқ ҳарбийларини қамраб олди. Дебютант мамлакатлар сифатида Иордания, Камбоджа, Конго ва Мали республикалари, Куба ва Шри-Ланка ҳарбийлари қайд этилган.

«АрМИ – 2019» ўйинлари жами 32 та танловдан иборат бўлиб, улардан 16 таси Россияда, тўрттаси Хитойда, учтаси Қозоғистонда, Беларусь ва Эронда иккитадан ҳамда Арманистон, Озарбайжон, Ҳиндистон, Мўғулистон ва Ўзбекистонда биттадан танловлар ўтказилади.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА, Алибек ОМОНТУРДИЕВ

Информеры