2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАР ЖИҲАТДАН ПЕШҚАДАМ!

V Халқаро армия ўйинлари доирасида «Фориш» тоғ-дала полигонида старт олган «Ҳарбий-тиббий эстафета» танловининг дастлабки – АК-74 автомати ҳамда ПМ пистолетидан 100 ва 25 метр масофадаги нишонларга қарата ўқ отиш бўйича «Индивидуал маҳорат» шартида иштирокчи ўн бир мамлакатнинг эркак ва аёллар жамоалари ўз мерганлик маҳоратларини намойиш этди. Жараённи бевосита кузатиб турган «Vatanparvar» тафсилотларни баён этади.

Ҳар икки отиш ҳудудларида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги масъул офицери подполковник Машҳур Аглаев бошчилигидаги арбитр ва техник ходимлар шахсий таркиби иштирокчиларга халқаро танлов низоми талаблари асосида йўриқномалар бериб, отиш амалиётининг меъёрларга биноан хавфсиз ва адолатли ўтишини назорат қилиб борди.

– АК-74 қуролидан белгиланган вақт мобайнида қў­йилган вазифани кўнглимдагидек бажардим, – дейди ватандошимиз сержант Ойдиной Убайдуллахўжаева. – Жамоалар ғолиблик учун куч синашадиган ушбу нуфузли мусобақада масъулият, билдирилган ишонч, жисмоний ва руҳий тайёргарлик ҳамда касбий маҳорат ўз сўзини айтади. Биз, мусобақа кечадиган полигонларнинг ҳар қарич ерида ғолиблик учун курашамиз! Меҳмон жамоа­ларга ҳам омад тилайман!

«Ҳарбий-тиббий эстафета» танловининг барча қатнашчи жамоаларидан тайинланган Мудофаа вазирлиги тиббий таъминот бошқармаси бошлиғи – тиббий хизмат полковниги Носиржон Фозилов бошчилигидаги ҳакамлар ушбу шартнинг шаффоф ва одилона баҳолаб борилишини таъминлаб берди.

– Дастлабки синовдан яхши ўтдик. Натижалар адолатли баҳоланди. Шартнинг барча босқичлари ошкора амалга оширилди. Танлов низомига кўра, дастлабки кўникма ҳосил қилиш ва йўналишни чамалаш учун берилган беш жанговар патронни нишонга отиб, қўлимизни ўргатдик; шундан сўнг, асосий баҳсга киришдик, – дейди Зимбабве Қуролли Кучлари шарафини ҳайдовчи эркаклар жамоаси ўртасида кечган жанговар қуролдан ўқ отиш шартида ҳимоя қилган капрал Регис Мубвумба. – Ушбу шарт

адолатли тарзда, ҳакамларнинг қатъий назорати остида ўтди. Мен, ушбу танловда иштирок этиб, айнан Ўзбекистон тупроғига ташриф буюрганимдан ниҳоятда мамнунман.

Тўсиқли йўлакдан ўтиш машқи...

«Ҳарбий-тиббий эстафета» танловининг иккинчи шарти – «Индивидуал маҳорат» баҳсида эркаклар ва аёллар ўртасида тўсиқли йўлакдан ўтиш машқи бўйича яккалик кураш бўлиб ўтди.

Унда 11 мамлакат вакиллари куч синашиб, граната улоқтириш, АК-74 қуролини нотўлиқ қисмларга ажратиш, эстафета ҳудудини бир бор айланиб ўтган ҳолда, махсус туннель, турли мураккаб тўсиқлар ҳамда белгиланган оғирликдаги қутиларнинг жойини кўчириш, шунингдек, БТР жанговар техникасининг остидан эмаклаб ўтган ҳолда АК-74 қуролини тўлиқ қисмларга йиғиш ва йўлак бўйлаб югурган кўйи финиш чизиғидан ўтиш каби босқичларни бажарди.

Жўяли гап шуки, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ушбу шартда ҳам пешқадамликни қўлга олиб, билдирилган ишончни оқлади!

Жамоаларни қўллаб-қувватлаб турган мухлислар эстафета йўлагидан одимлаётган иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашиб турди.

– Айни дамда Озарбайжон шарафини ҳимоя қилаётган ҳарбий хизматчилар, йигитларимиз эстафета йўлагида. Улар шартларни яхши бажаришмоқда. Машғулотлар давомида камроқ хатоликларга йўл қўйиш учун тер тўкканмиз. Ўйлайманки, бу ўз самарасини беради. Барча жамоаларга омад тилайман, – дейди қардош мамлакат вакили, тиббий хизмат лейтенанти Гулнар Гуссейнова.

Алибек ЖАББОРОВ

Информеры