2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

3 АВГУСТДАН 18 АВГУСТГА ҚАДАР

Москва вилоятида жойлашган «Патриот» паркида «АрМИ – 2019» V Халқаро армия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев ва Мудофаа вазирлигининг «Алабино» дала-ўқув майдонидаги мусобақаларда қатнашадиган ҳарбий хизматчиларнинг бир гуруҳи иштирок этди. Маросимда Россия Федерацияси мудофаа вазири – армия генерали Сергей Шойгу нутқ сўзлади. Шундан сўнг иштирокчи давлатлар ўз байроқлари остида майдонга чиқиб келишди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бу йилги армия ўйинларида жами 36 давлат жамоалари иштирок этмоқда. Шунингдек, Франция, АҚШ, Словакия, Туркия ва Мексика давлатлари кузатувчи сифатида қатнашмоқда.

Шу куни «Дўстлар уйи»да Халқаро армия ўйинларида қатнашаётган ҳар бир давлатнинг кўргазмаси бўлиб ўтди. Хусусан, юртимизнинг бой маданий мероси намуналарини ўзида мужассам этган ўзбек миллий либослари, ҳунармандчилик буюмлари меҳмонлар диққат марказида бўлди.

Халқаро армия ўйинларининг «Дала ошхонаси» йўналишида иштирок этаётган ҳарбий ошпазларимизнинг маҳоратига тантаналарда иштирок этаётган меҳмонлар таҳсин айтди. Ўзбек паловига навбатда турганларнинг охирига етолмай қолдик. Улар қўли ширин ошпазларимизга ўз миннатдорлигини билдирди.

18 августга қадар давом этадиган мусобақалар дунёнинг 10 давлатида (Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Монголия, Ўзбекистон ва Россия), жами 21 та дала-ўқув майдонида бўлиб ўтмоқда.

Шунқор БЎРИЕВ, Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

Москва вилояти, «Патриот» парки

 

 

ҚЎШИН РАЗВЕДКАЧИЛАРИ БАҲСГА КИРИШДИ

Ҳиндистоннинг Тар чўлида жойлашган «Жайсалмер» полигонида Халқаро армия ўйинларининг «Қўшинлар разведкаси аълочилари» мусобақасининг илк босқичига қуръа ташланди. Унга кўра, ҳамюртларимиз мазкур босқични бошлаб берадиган бўлди.

Танловнинг очилиш маросимида Ҳиндистон мудофаа вазири ўринбосари генерал-лейтенант Д. Ахуджа ва Россия мудофаа вазири ўринбосари генерал-лейтенант Юнус-Бек Евкуров иштирок этди. Тунда кечган шартда разведкачиларимиз белгиланган талабларни бажариб, ҳарбий вертолётга чиқиш ва ундан сакраб тушиш машқларини бажаришди.

Мазкур йўналишда бу йил мезбон давлатдан ташқари Россия, Хитой, Арманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Белоруссиядан келган разведка жамоалари иштирок этмоқда.

 

ЎЗБЕКИСТОН ЖАМОАСИ – КУЧЛИ УЧЛИКДА

«АрМИ – 2019» доирасида Россияда ўтказилаётган «Содиқ дўст» мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси «Дог биатлон» (якка тартибдаги пойга) ва 300 метрли тўсиқлар йўлагидан ўтиш шартлари бўйича кучли учликдан жой олди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Ўзбекистон терма жамоаси мазкур танловда дебютант сифатида иштирок этишига қарамай якунда 3-ўринни қўлга киритганди. 2018 йилда эса умумжамоа ҳисобида натижаларга эришиш имкони бўлмаган бўлса-да, танловнинг 300 метрли тўсиқлар йўлагидан ўтишда Марказий хизмат итлари питомниги мутахассис ҳарбий хизматчиси Шокир Жўраевнинг «Гита» лақабли хизмат ити 1 дақиқаю 15 сония натижа билан рекорд ўрнатганди. «Гита» 2019 йилда ҳам Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилмоқда.

Олдинда ҳали «Моҳир мерган» ҳамда «Дог биатлон-эстафета» шартлари кутмоқда.

 

«ТАНК БИАТЛОНИ»ДА УМУМЖАМОА ҲИСОБИДА БИРИНЧИМИЗ

«Танк биатлони» мусобақаси борган сари қизғин тус олмоқда. Навбатдаги босқичда ҳам Т-72 Б-3 танкини бошқариш, тўсиқлардан ўтиш, белгиланган нишонларни яксон қилиш ва имкон қадар қисқа муддатда финиш чизиғига етиб келиш вазифаси юклатилди.

Бу гал юртимиз шарафини катта лейтенант Муҳиддин Нуриддинов бошчилигидаги экипаж аъзолари муносиб ҳимоя қилди. Улар аввалги экипажга нисбатан 1.30 дақиқалик фарқ билан финиш чизиғига эртароқ етиб келди. Беллашувда юртдошларимиз умумжамоа ҳисобида ҳамон биринчи ўринда.

– Мусобақада тезлик жамоа ғалабаси учун энг муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади ва бу тезликни назорат қилиш, тўсиқларга яқинлашган пайт ундан тўғри мақсадда фойдалана олиш ўта масъулиятли иш, – дейди экипаж механик ҳайдовчиси кичик сержант Авазбек Мустафоқулов. – «Танк биатлони» жамоавий мусобақа бўлгани боис унда жипслик, бирдамлик ва аҳиллик муҳим аҳамиятга эга. Мен ишонаманки, мана шу жиҳатларнинг барчаси бизнинг жамоада бор.

Нуфузли мусобақада илк бор иштирок этишига қарамай йигитларимиз бор куч-ғайрати, шижоати, билим ва тажрибасини сафарбар этиб, жаҳон аренасида ўз сўзини айтишга интилмоқда.

 

БАЛАНД ЧЎҚҚИЛАРДА ШИДДАТЛИ БАҲСЛАР

«Эльбрус ҳалқаси» мусобақаси Россия Федерациясининг Кабардин Болқория Республикасида бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Ҳиндистон ва Марокко Қироллиги жамоалари ўзаро беллашаётган бўлса, Покистон ва Арманистон вакиллари эса кузатувчи давлатлар сифатида иштирок этяпти.

Вакилларимиз отиш тайёргарлиги бўйича ишончли ҳаракат қилиб, учинчи ўринни қўлга киритди. Россия Федерацияси биринчи, Қозоғистон эса иккинчи ўринни банд этиб турибди. Юртдошларимиз тоғ йўлаги тўсиқлари шартида ҳам учинчи ўринни эгаллаган эди.

Жамоадошларимизга кейинги босқичларда омад тилаймиз.

 

«РЕМБАТ»ЧИЛАРИМИЗ ҲАМ ПЕШҚАДАМ

Россия Федерациясининг Омск шаҳрида армия ўйинлари доирасида «РЕМБАТ» – «Энг илғор таъмирлаш ва эвакуация батальони» мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Унда иштирок этаётган вакилларимиз якка тартибдаги пойга, ҳарбий техника эстафетаси, отиш тайёргарлиги, жамоа сардорлари беллашуви шартларини бажаришади.

Дастлаб «РЕМБАТ» жамоамиз иккинчи босқич бўйича отиш тайёргарлигидан ўтди. Бунда уларга тенг келадиган рақиб топилмади. «Энг илғор ўқчи» номзоди бўйича шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар А. Нажмиддинов ва Р. Худойберганов иккинчи ҳамда учинчи ўринларни эгаллашди. Бу номинацияда 4-ўринни ҳам ҳамюртимиз банд этган.

Рейтинг бўйича ҳозирча ўзбекистонлик ҳарбийлар жами 375 балл билан пешқадам. Россия (309 балл) иккинчи ҳамда Конго (202 балл) учинчи ўринда. Олдинда «Ҳарбий техника эстафетаси» ва «Сардорлар беллашуви» каби шартлар турибди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

 

 

Информеры