2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЗИРҲЛИ ТЕХНИКАЛАР МОДЕРНИЗАЦИЯСИ

Дала-ўқув майдонларида зирҳли техникаларга кўп бора дуч келамиз. Аксарияти атрофга қуюн тарқатиб, тўзғитиб, ўз ўрнида кўзларимизни қувнатиб ўтиб кетади. Биз бу лавҳани телевидение кўрсатувларига ёки газета саҳифаларига муҳрлаймиз. Бир қарашда барчаси ўз-ўзидан бўлаётгандек. Аслида бунинг ортида қанча машаққат ва муттасил меҳнат турганини тасаввур қилиб кўриш керак.

Тошкент вилоятида жойлашган Зирҳли техникаларни таъмирлаш заводига борганимизда полигонда ёнимиздан зипиллаб ўтиб кетадиган жанговар техникаларнинг шу ҳолатга келгунича қанча босқичлардан ўтишига, инжиқликларига ва уларни бартараф этишга сарфланаётган вақт, маҳорат ва куч-қувватга гувоҳ бўлдик. Қуролли Кучларда зирҳли техникалар эмин-эркин ҳаракат қилиши учун бу муассасада қанчалаб мутахассислар тер тўкаётганди.

– БТР 70 жанговар техникасини модернизация қилишга муваффақ бўлдик. Эндиликда унинг қуввати 235 дан 250 от кучига ўсди. Тўғри, ёқилғи харажати бир оз кўпайди, аммо дала шароитида ҳаракатланиш тезлиги, манёврчанлиги сезиларли ошди. Бундан ташқари, янгича кўринишга келган БТР 70 ҳаракатланиш давомида десантларни тушириш имкониятига эга бўлди. Яъни эшиклари шунга мослаштирилди. Навбат билан барча ҳарбий техникаларни модернизациялаш ҳаракатидамиз, – дейди ғилдиракли техникаларни йиғиш цехи бошлиғи катта лейтенант Жамшид Ҳотамов.

Жон куйдириб ишлаётган ишчи-ходимларни кузатиб, малакали мутахассисларни қандай тайёрлашлари ҳақида сўрадик. Заводда «Устоз – шогирд» анъанаси йўлга қўйилган экан. Ўз йўналиши бўйича ўрта махсус маълумотга эга бўлган мутахассис ҳам маълум вақт оралиғида устозлари кўмагида барча билим ва тажрибаларни ўзлаштиради. Кейин улар навбатдаги ёш кадрлар билан тўплаган кўникма ва тажрибаларини баҳам кўради.

– Мобиль тиббиёт пункти устида ҳам иш олиб боряпмиз. Тўғри, бунга катта миқдорда маблағ керак. Ушбу машина барча ускуна ва керакли асбоб-анжомлар билан жиҳозланади. Унинг ёрдамида дала шароитида биринчи тиббий ёрдам беришдан тортиб, жарроҳлик амалиётигача ўтказиш мумкин. Қуёш батареясидан ҳам фойдаланилади. Қолаверса, электр энергиясини ишлаб чиқарувчи агрегатлар доимий захирада сақланади, – дейди подполковник Шариф Абдураҳмонов.

Шу сингари кўчма қўмондонлик штаб пункти ҳам фойдаланишга шай ҳолда турганини билдиришди. Келгусида бу каби имкониятлар барча округлар, ҳарбий қисм ва муассасаларда жорий қилиниши режалаштирилган. Шундай эзгу мақсад йўлидаги Зирҳли техникаларни таъмирлаш заводининг барча ходимларига тинчликни таъминлашдек улуғ ишга қўшаётган ҳиссаларида толмас куч-қувват тиладик.

Абдулла ЎКТАМҚУЛОВ

 

Информеры