2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЯНГИ ЖАНГОВАР МАШИНАЛАР

Қуролли Кучлар қудратини оширишга хизмат қилади

«Чирчиқ» дала-ўқув майдони батамом янгича қиёфага кирганидан кўпчилик хабардор. У ерда ўтказилаётган оммавий сайиллар, кўргазмали чиқишлар, мусобақаларда юртдошларимиз қатнашяпти. Бора олмаганлари оммавий ахборот воситалари орқали томоша қилиб, газета саҳифаларида ўқишга, суратларини кўришга улгурган.

Ушбу полигонда хориждан харид қилинган энг сўнгги русумдаги «Ejder-Yalchin» жанговар машиналарини топшириш маросими бўлиб ўтди. Зирҳланган техникада ҳамма нарса автоматлаштирилган. Юқори тезлик. Манёврчан. Сиғими кенг. Салобатли. Шахсий таркибни жанг майдонига олиб кириш, душманнинг тирик кучлари ва кичик объектларини яксон қилишга мўлжалланган.

Маросимда мудофаа вазирининг ўринбосари полковник Ойбек Исмоилов, Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Қаҳрамон Эрматов иштирок этди. Сўзга чиққанлар ҳарбий хизматчиларга билдирилаётган юксак ишонч, яратилаётган имкониятлар ва шунга муносиблик ҳисси тўғрисида тўхталдилар. Янги жанговар машиналар юртимиздаги осойишталикни мустаҳкамлашга, жанговар қудратни янада оширишга хизмат қилиши лозимлигини таъкидладилар.

Жанговар машиналар бириктирилган механик-ҳайдовчилар эътибордан мамнун. Айниқса, узоқ йиллардан буён хизмат қилаётган Ватан ҳимоячиларининг ҳаяжони айрича.

– Совуткичи, мониторгача бор экан. Э, бир маҳаллар эскисини эплагунимизча эсимиз кетарди, – дейди улар.

Ҳарбий оркестр садолари остида жанговар машиналарни қабул қилиб олиш, механик-ҳайдовчиларга бириктириш тантаналари росмана байрамона тусда ўтди.

А. НОРҚУЛОВ

 

Информеры