2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КЎРГАЗМАЛИ БАТАЛЬОН ТАКТИК ЎҚУВИ

билим ва тажрибани мустаҳкамлашга хизмат қилди

Шарқий ҳарбий округ дала-ўқув майдонларидан бирида режага асосан навбатдаги кўргазмали батальон тактик ўқуви ўтказилди. Унда ҳарбий округ тасарруфидаги ҳарбий қисм командирлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари ўрганувчи сифатида иштирок этди. Машғулотга ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Лутфулла Бузруков раҳбарлик қилди. Подполковник Маҳмуд Юсупхонов командирлик қилаётган батальон шахсий таркиби мазкур кўргазмали батальон тактик ўқуви шартларини иштирокчиларга амалий тарзда кўрсатиб беришди.

Дастлаб ҳарбий қисм ҳудудида шахсий таркибни жанговар шайликнинг юқори даражасига келтириш бўйича ташкил этилган тадбирлар иштирокчилар эътиборига намойиш қилинди. Шундан сўнг ҳарбий қисм маданият марказида батальон тактик ўқувини ташкил этиш ва ўтказишга бағишланган ҳарбий-илмий анжуман ўтказилди. Унда ўқувнинг мақсад ва вазифалари иштирокчиларга етказилиб, масъул офицерлар томонидан Марказий Осиё минтақасидаги ҳарбий-сиёсий вазият, юз бериши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатлар театрининг ўзига хос жиҳатлари ва замонавий урушлар ҳамда қуролли можароларнинг қандай хусусиятларга эга экани, турли табиий ва тиғиз вазиятларда жанговар ҳаракатларни ташкил этиш, бу жараёнда қўшинларнинг ўзаро ҳамкорлиги, таъминот, алоқа, психологик таъсир ва бошқа мавзулардаги маърузалар тингланди.

Ҳарбий қисм ҳудудида ташкил этилган турли ўқув нуқталарида иштирокчилар эътиборига ўқувни режалаштириш ва зарур ҳужжатларни ишлаб чиқиш услубияти, таъминот, жанговар тайёргарликнинг турли йўналишлари бўйича ўқув-моддий базаларнинг ташкил этилиши, ўқувга жалб этилган ҳарбий техника, қурол-яроғ ва ўқ-дорилар ҳақида маълумотлар кўрсатилди.

Батальон жанговар операция ўтказиш учун ҳарбий қисмдан «Тревога» сигналига мувофиқ кўтарилди ва жойлашув жойига етиб келиб жойлашди. Бу ерда шарафли соҳанинг турли хизмат, тайёргарлик ва йўналишларига оид 20 дан ортиқ ўқув нуқталари ташкил қилинган бўлиб, уларга ҳарбий округ бошқарув аппарати масъул офицерлари бириктирилган. Иштирокчилар ўқув нуқталари раҳбарларининг мавзуга оид маърузаларини тинглаш орқали касбий фаолиятга оид билимларини янада мустаҳкамлади.

Бўлинманинг тунги шароитда жанговар операция ўтказиши ўқувнинг амалий қисмини ташкил этди. Бу иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Якунда натижалар таҳлил қилиниб, унда намуна кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ҳарбий округ қўшинлари қўмондони томонидан рағбатлантирилди.

Подполковник Фахриддин НУТФИЛЛАЕВ

Информеры