2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЎЗБЕКИСТОН – БУЮК БРИТАНИЯ – 32:7

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети стадионида Ўзбекистон Республикаси ҳамда Буюк Британия Мудофаа вазирликлари терма жамоалари ўртасида регби мусобақаси ўтказилди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон регби федерацияси, Буюк Британиянинг юртимиздаги ҳарбий атташеси билан биргаликда ташкил этилган беллашувнинг дастлабки кунида британиялик ҳарбий спортчилар томонидан маҳорат сабоқлари ўтказилди.

Ушбу ўртоқлик учрашувида миллий терма жамоамиз таркиби Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий округлар ҳарбий хизматчиларидан шакллантирилди. Тошкент ҳарбий округи бошқарув аппарати жанговар тайёргарлик бошқармаси жисмоний тайёргарлик ва спорт бўлими бошлиғи майор Давлат Ваҳобовнинг таъкидлашича, 2013 йилдан бошлаб Мудофаа вазирлиги тизимида регби жамоалари тузилиб, мунтазам шуғулланиб келинмоқда. Ҳар бир ҳарбифй округ ўзининг регби терма жамоасига эга ва улар ўртасида кучли рақобат бор. Буни мусобақаларга тайёргарлик жадал суръатда олиб борилаётганида ҳам кўриш мумкин. Уларнинг мамлакат ва Осиё чемпионатларида етакчиликни қўлдан бермаётгани фикримиз далилидир.

– Регби Англиянинг миллий ўйини сифатида ривожланган бўлишига қарамай, мазкур мусобақада вакилларингиз йирик ҳисобда ғалаба қозонди, – дейди Буюк Британия регби жамоаси сардори Абел Матаитини. – Регби жамоа бўлиб ҳаракатланиш, олдинга қўйилган вазифаларни аниқ бажариш, олға интилиш ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг юқори жисмоний тайёргарлигини шакллантиради. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик мустаҳкамланаётгани натижасида икки юрт ҳарбий хизматчилари бирлашиб, ўзаро тажриба алмашаётгани қувонарлидир.

Мусобақа якунига кўра, икки тайм бўйича 32:7 ҳисоби билан Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги терма жамоаси ғолиб бўлди.

Д. РЎЗИҚУЛОВ

 

Информеры