2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АТТЕСТАЦИЯ ВА УНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

Кейинги пайтларда Мудофаа вазирлиги қўшинларида контракт бўйича хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар томонидан вазирлик Кадрлар бош бошқармасига аттестация ва уни ўтказиш билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Уларга бу борада тўлиқ тушунча улашиш мақсадида аттестация ва уни ўтказиш тартиби хусусида батафсил маълумот берамиз.

Аттестация (фр. attestation, лот. attestātion, инг. sertification, promotion, reference – гувоҳнома) – ходимлар билим даражаси ва малакаси ҳамда ишчанлик сифатларини аниқлаш усулларидан биридир. Ушбу ҳаракат қонун ҳужжатларида белгиланган муддат ва тартибларда иш берувчи томонидан тузилган комиссия (аттестация комиссияси) томонидан амалга оширилади. Аттестация ходимлар малакаси, меҳнат самарадорлигини аниқлашга хизмат қилади.

Аттестация комиссияси – давлат органлари ва бошқа ташкилотларда ходимларни навбатдаги аттестациядан ўтказиш мақсадида иш берувчи буйруғига кўра ташкил этиладиган комиссия. Аттестация комиссиясининг ваколатлари ва иш юритиш тартиби аттестация комиссияси тўғрисидаги низом (буйруқ) билан белгиланади (бу низом (буйруқ) ташкилотнинг ўзлари томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади). Аттестация комиссияси аъзолигига юқори малакали ва обрў-эътиборли ходимлар жалб қилинади. У ерда ходим ҳақидаги қарор кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий бўлинмаларда контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар билан аттестация ўтказишнинг ўзига хос тартиб-қоидалари мавжуд.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 14 январдаги қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги Низом»нинг 22-бўлимида ҳарбий хизматчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби белгилаб қўйилган. Низом талабларидан келиб чиққан ҳолда 2012 йил апрель ойида мудофаа вазирининг контракт бўйича ҳарбий хизматчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги буйруқ лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Мудофаа вазирлиги тизимида контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг аттестацияси қуйидаги мақсадларни кўзлаган ҳолда ўтказилади:

ҳарбий хизматчиларнинг хизмат фаолияти ва хизматда эришган натижаларини холис баҳолаш;

ҳарбий хизматчиларнинг эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги (лойиқлиги)ни белгилаш;

ҳарбий хизматчиларнинг касбий ва ахлоқий-ишчанлик сифатларини объектив баҳолаш;

интизом ҳамда топширилган фаолият участкасига бўлган масъулият ҳиссини мустаҳкамлаш.

Ҳарбий хизматчилар аттестацияси якунларига кўра аттестациянинг мақсадларидан келиб чиқиб тегишли қарорлар қабул қилинади. Ҳарбий хизматчиларнинг аттестацияси ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлиш бутун даври мобайнида даврий равишда амалга оширилиши лозим.

Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига кўра, аттестация қуйидаги тартибда амалга оширилади:

оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибидаги контракт бўйича ҳарбий хизматчилар таркиби билан – амалдаги контракт муддати тугашидан икки ой олдин;

олий ҳарбий таълим муассасаларини битирувчи офицерлар таркиби билан – ўқиш муддати тугаганидан сўнг;

муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган офицерлар таркиби билан – контракт бўйича ҳарбий хизматга аниқлаш (чақириш) вақтида;

офицерлик лавозимларида ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскар ва сержант таркибидаги контракт бўйича ҳарбий хизматчилар билан – «лейтенант» офицерлик ҳарбий унвонига тақдим этилаётган вақтда;

ҳарбий хизматда бўлиш ёш чегарасига етадиган ва ҳарбий хизматда бўлиш ёш чегарасини узайтириш истагини билдирган контракт бўйича ҳарбий хизматчилар таркиби билан – амалдаги контракт муддати тугашидан тўрт ой олдин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимларга тайинланган ҳарбий хизматчилар ушбу лавозим бўйича мажбуриятларини бажаришлари давомида аттестациядан ўтказилмайди.

Бола парвариши учун берилган таътилда бўлган ҳарбий хизматчи аёллар аттестациядан ўтказилмайди, ушбу ҳарбий хизматчилар тоифасининг аттестацияси уларнинг таътилдан қайтганларидан сўнг бир ойлик муддат ичида амалга оширилади.

Шунингдек, Мудофаа вазирлиги раҳбарияти томонидан узоқ муддатли хизмат сафарига ёки хорижий давлатларнинг олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга юборилган ҳарбий хизматчилар тоифаси билан улар хизмат сафаридан қайтганларидан сўнг бир ойлик муддат ичида аттестация ўтказилиши белгилаб қўйилган.

Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар янги контракт тузиш, ҳарбий хизматчининг ахлоқий ва ишчанлик сифатларидан келиб чиқиб паст лавозимга тайинлаш, давлат мукофоти билан тақдирланишга тақдим этиш, шунингдек, контракт муддатини олдиндан бекор қилиш ёки хизматга нолойиқлиги бўйича резервга бўшаётганда мажбурий равишда аттестациядан ўтказиладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг қарорига биноан ҳар қандай тоифадаги ҳарбий хизматчилар билан муддатидан илгари аттестациядан ўтказилиш тартиби жорий этилган.

Аттестация ўтказиш учун ўқув йилига жойларда аттестация комиссиялари тузилиб, уларнинг таркиби, фаолияти ва иш тартиби вазирликлар раҳбарлари томонидан белгилаб берилади. Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, аттестация комиссиялари бирлашмалар ва қўшилмалар бўғинигача ҳамда уларга тенглаштирилган ҳарбий бўлинмалардагина тузилади.

Мудофаа вазирлиги тизимида Марказий аттестация комиссияси вазирликнинг олий аттестация органи ҳисобланади.

Ўқув йили бошланишидан аввал апрель ойининг 20 санасига қадар ҳар бир бирлашма ва қўшилмаларда ўқув йили давомида ҳарбий хизматчиларни аттестациядан ўтказиш муддатларининг белгилаган ҳолда режа жадвали ишлаб чиқилиб, тегишлилиги бўйича бирлашма қўмондонлари ва қўшилмалар командирлари томонидан тасдиқланди. Тасдиқланган режа жадвали билан рўйхатга киритилган барча ҳарбий хизматчилар таништирилиши лозим.

Аттестация ўтказилиш кунидан бир ой илгари уни ўтказиш муддати ва тартиби аттестацияга таклиф этилаётган ҳарбий хизматчиларга аттестация котиби томонидан ўрнатилган тартибда етказилади. Ҳар бир ҳарбий хизматчи аттестацияда иштирок этиш учун тайёргарлик кўриш мақсадида ҳарбий хизматни ўташ даврида амалга оширган ишлари тўғрисида ҳисобот тайёрлаши ва уни аттестация комиссиясига тақдим этиши зарур.

Ҳарбий хизматчиларнинг аттестацияси аттестация комиссияси томонидан аттестациядан ўтаётган шахснинг иштирокида ўтказилади. Айрим ҳолларда истисно тариқасида аттестация комиссияси раисининг қарорига биноан аттестация ҳарбий хизматчининг иштирокисиз ҳам ўтказилиши мумкин (фақатгина ҳақиқий ҳарбий хизматдан резервга бўшатиш масалалари кўриб чиқилаётган ҳолатлар бундан мустасно).

Аттестациядан ўтаётган шахс узрли сабабларсиз аттестация комиссияси мажлисига келмаган тақдирда, комиссия аттестацияни унинг иштирокисиз, унинг бевосита бошлиғи томонидан тақдим этилган материаллар асосида ўтказиши мумкин бўлиб, бу ҳақида аттестацияга келмаганлик сабаблари кўрсатилган ҳолда баённомага киритиб қўйилади.

Аттестация ошкоралик, талабчанлик, принципиаллик, шаффофлик ва хайрихоҳлик тамойиллари асосида ўтказилиши шарт.

Ҳарбий хизматчиларни аттестациядан ўтказиш натижалари бўйича аттестация комиссияси «эгаллаб турган лавозимига лойиқ» ҳамда «эгаллаб турган лавозимига нолойиқ» қарорини қабул қилади.

Ҳарбий хизмат манфаатларидан келиб чиқиб, ҳарбий хизматчидан мақсадли фойдаланиш учун вазирликлар раҳбарларининг қарорларига кўра, аттестация комиссияси қарори билан бир қаторда, тегишли тавсиялар ҳам берилиши мумкин.

Аттестация комиссиясининг қарори баённома билан расмийлаштирилади ва тегишли командир (бошлиқ)лар томонидан тасдиқланади. Агарда командир (бошлиқ) аттестация комиссиясининг қароридан норози бўлса, у норозилигининг сабабларини кўрсатиши ва аттестация комиссиясининг қарорини кўриб чиқиш учун юқори турувчи аттестация комиссиясига юбориши зарур.

Аттестация комиссиясининг тасдиқланган қарорларидан кўчирмалар ҳарбий бўлинмага келиб тушгач, ўн кун муддат ичида кадр органлари (командирлар, бошлиқлар) томонидан ҳарбий хизматчиларга имзо остида етказилади. Хизмат сафарида, таътилда ёки даволанишда бўлган ҳарбий хизматчиларга аттестация комиссиясининг қарорлари улар хизмат жойларига қайтганларидан сўнг уч кунлик муддат ичида етказилади.

Аттестациядан ўтказилаётган шахс аттестация комиссиясининг қароридан норози бўлган тақдирда, қарор унга етказилган кундан бошлаб бир ойлик муддат  мобайнида юқори турувчи инстанция (комиссия)га шикоят билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Қайд этиш зарурки, аттестациядан ўтказилаётган шахснинг шикояти юқори турувчи инстанция (комиссия) аттестация комиссияси томонидан кўриб чиқиш даврида қуйи турувчи аттестация комиссияси томонидан қабул қилинган қарор ва тавсияларнинг ижроси вақтинча тўхтатиб турилади.

Юқори турувчи инстанция (комиссия) ва Марказий аттестация комиссияларининг чиқарган қарорлари якуний ҳисобланиб, улар устидан шикоят қилиш мумкин бўлмайди.

Подполковник Қаҳрамон КАМОЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги

Кадрлар бош бошқармаси бошқарма бошлиғи

Информеры