2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТАЖОВУЗ

(иккинчи мақола)

Душман қудратли эмасди...

Иккинчи ярим подшоҳ

Туркистон кутубхонаси айни шаклланиб, фаолияти йўлга қўйилган пайтда, 1882 йили 4 май куни генерал фон Кауфман Тошкентда вафот этади. Унинг ўрнига Русия салтанатининг яна бир машҳур олий даражадаги ҳарбий хизматчиси, Туркистон босқинини бошлаб берган ва унинг кўксига ажал найзасини санчган генерал-лейтенант Михаил Григорьевич Черняев губернатор этиб тайинланади. Шундай қилиб, иккинчи ярим подшо даврида кутубхонанинг ўзгача янги тарихи бошланди.

Тафтиш

Черняев фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ, генерал фон Кауфман шакллантирган маъмурий бошқарув тизимига кескин ўзгартиришлар киритишни бошлаб юборади. Унинг бу хатти-ҳаракатлари барчага ўзини кўрсатиб қўйишга уринишдан бошқа нарса эмасди. Ниҳоят, кўп вақт ўтмай, Тошкентдаги Туркистон оммавий кутубхонасига ҳам эътибор қаратади. Бироқ бу «эътибор» кутубхона учун ҳалокатли бўлади. Генерал Черняев кутубхона фаолияти билан танишиб чиққач, ўзининг яқин маслаҳатчиси «Петербург харобалари» муаллифи В. В. Крестовскийга кутубхона ишларини тафтиш қилиш учун махсус кўрсатма беради. У зиммасига юкланган вазифани қисқа муддатда бажариб, генерал-лейтенант М. Г. Черняевга ҳисобот топширади.

В. В. Крестовский тафтиш натижаларига кўра, кутубхонага ўқувчилар жуда кам келиши, кутубхонани бойитиш учун йилига 400 рубл ажратилиши, бироқ бу маблағга нашр қилинган китоблар харид қилинмаётгани, фақат «арзимас варақлардан иборат» газета ва журналлар сотиб олинаётгани тўғрисида маълумот беради. Аниқланишича, кутубхона ўқувчилари асосан, «Бошсиз чавандоз», «Қора ит», Бакаччо ҳикоялари, Белло, Ксаведе Монтепена, Грегор Самаров каби муаллифлар асарлари ҳамда вақтли матбуот нашрларини мутолаа қилишган. Улар орасида «Дело», «Отечественная Записки», «Вестник Европы» каби журналлар энг кўп ўқилган экан. Рус муаллифларидан Салтиков, Добролюбов, Писарев, Некрасов ва Шиллер (А. Михайлов) асарларини кўпроқ ўқишган. Тургенев, Достоевский, Гончаров, Григоривич асарларига ўқувчилар унчалик эътибор қаратмаган. Лев Толстой, Островский асарларига қизиқиш улардан ҳам кам экан. В. В. Крестовский бу майдонда Пушкин, Гогол ва Лермонтовнинг аҳволи ниҳоятда ачинарли бўлгани, олдинги даврларга тегишли рус мумтоз адабиёти ҳамда рус олимлари асарлари саҳифаларига мутлақо қўл урилмагани  тўғрисида ахборот беради. У Тошкент оммавий кутубхонаси ўқувчилари орасида бошқаларга мутлақо ўхшамайдиган бир тоифа борлиги ва улар асосан, илмий адабиётлар ва ҳарбий соҳага доир китобларни ўқиши ҳақида ёзади. Ўқувчиларнинг бу тоифаси жуда камчиликни ташкил этган экан.

В. В. Крестовский кутубхона китобларга жуда бойлиги, айниқса, Осиё ва Туркистон бўлимида қимматли китоблар борлиги, бироқ уларнинг ўқувчиси йўқлигини алоҳида қайд этади. Унинг фикрича, кутубхонага келувчилар одатда, анъанавий бадиий асарларни мутолаа қилишган ва оқибатда шундай ажойиб илмий даргоҳ оддий қироатхона даражасига тушиб қолган.

Буйруқ

Генерал М. Г. Черняев бу ҳисоботдан кутубхона олий маърифий муассаса сифатида вазифасини бажара олмаяпти, деган хулосага келади ва 1883 йили 1 январдан унинг фаолиятини тўхтатишга буйруқ беради. Қимматли маълумотлар тўпланган, муҳим тарихий аҳамиятга эга бўлган Ўрта Осиё ва Туркистон бўлими кутубхона таркибидан чиқарилади ва Тошкент музейи тасарруфига киритилади. Кутубхонага ажратиладиган маблағ (400 рубл) музей таркибига қўшиб юборилган китоблар сақланадиган бўлимни бойитиб боришга берилади. Бу маблағга Осиё масалалари ва айниқса, Туркистон билан боғлиқ маълумотлар чоп қилинадиган нашрлар ва китоблар сотиб олиниши керак эди.

Туркистон ҳарбий округи кутубхонаси

Кутубхонада тўпланган ҳарбий илм ва тарихига оид 2496 жилд китоб Туркистон ҳарбий округи Бош қароргоҳи кутубхонасига ўтказилади. Олий раҳбарият бу ўзгартиришни китоблардан ҳарбий соҳа мутахассислари, олий ҳарбий ўқув юртига ўқишга киришга тайёрланаётган номзодлар фойдаланишлари, китобларнинг яхши сақланиши кафолатланиши билан изоҳлайди. Оммабоп 514 жилд китоб Тошкент ҳарбий госпиталига топширилади. Туркистонда ҳарбий соҳадаги марказий кутубхоналар шу тариқа шаклланиб қолган эди.

1882 йил 31 декабрь

Рус ва хорижий мумтоз адабиёт вакиллари асарлари Туркистондаги рус мактаблари Бош назорат бўлимига тақдим қилинади. У китобларни зарур, деб ҳисоблаган мактаблар кутубхоналарига тарқатиши керак эди.

Турли соҳаларга оид аралаш туркумдаги ва «енгил-елпи» ёзилган асарларни ўқишни ёқтирадиган ўқирманлар эҳтиёжини тўла қондириш учун китобларнинг қолган қисмини Тошкентдаги хусусий тадбиркорларга тегишли иккита умумий қироатхонага сотишга буйруқ берилади. Савдо ишлари қонуний амалга оширилиши ва сотувдан тушган маблағ Тошкент оммавий музейи тасарруфига топширилиши лозим эди.

Мазкур масалалар генерал М. Г. Черняевнинг Туркистон оммавий кутубхонасини тарқатиб юбориш ҳақидаги 1882 йил 31 декабрь куни эълон қилинган №312-сонли  буйруғида тўлиқ акс этганди. Ушбу буйруқдан кейин генерал кутубхонадаги китобларни белгиланган тартибда бўлимларга ажратиш ва тарқатиш учун комиссия ташкил қилади. Буйруқни мукаммал тарзда амалга ошириш ишлари жадал бошланиб кетади.

Кутубхона ва тадқиқотчилар

Тошкентдаги Туркистон оммавий кутубхонаси шу тариқа тарқатиб юборилди ва фаолиятини тўхтатди. Кутубхонанинг ёпиб қўйилиши барча зиёлиларнинг таъбини хира қилади. Тошкент жамоатчилиги бу аҳмоқона ишдан ҳайратда эди. Мазкур нохуш ҳолат 2 йилдан ошиқ давом этади. Катта қийинчиликлар билан бир неча йиллар мобайнида ташкил қилинган бой кутубхона бир генералнинг битта телбанамо буйруғи билан йўқ қилинади. Ўша даврда яшаган баъзи муаллифлар: «Бу маърифат даргоҳи Туркистонда шундай туркумдаги ягона кутубхона эди», – деб ёзади. 

Кутубхонанинг ёпиб қўйилиши жамиятнинг маърифий эҳтиёжини қондириш масаласида катта муаммолар келтириб чиқаради. Русия салтанати мутахассислари томонидан Туркистон ўлкаси ва аҳолисини истибдод занжирида тутиб туриш учун олиб борилаётган тадқиқотлар қийин ва мураккаб вазиятда қолди. Генералнинг аҳмоқона бу хатти-ҳаракати илмий тадқиқотчилар фаолиятига кучли зарба бўлди. Тадқиқотлар натижаларини бир жойга тўплаш ва унумли фойдаланиш имкониятлари барбод қилинди.

Дума ва генерал

Туркистон оммавий кутубхонаси тарқатиб юборилишининг хунук таъсири шаҳар бошқарув думасининг айрим вакилларини ҳам қаттиқ хавотирга солади ва ғазаблантиради. Улар думага тарқатилган кутубхонани шаҳар жамоатчилик бошқаруви ихтиёрига ўтказишни сўраб губернаторга мурожаат қилиш таклифи билан чиқишди. Бу таклифга 1870 йили 16 июнда қабул қилинган қарорнинг 2-моддасидаги 4-бандида музей, театр ва кутубхоналар шаҳар жамоатчилиги бошқаруви тасарруфида бўлиши асос қилиб кўрсатилган эди.

Таклифда оммавий кутубхона тарқатилиб юборилиши муносабати билан ундан фойдаланиш имкониятлари йўқолгани ва шаҳар бошқаруви бу турдаги алоҳида мустақил муассасани ташкил қилишга қодир эмаслиги таъкидланади. Туркистон оммавий кутубхонаси давлат мулки бўлишидан ташқари, жамоатчилик бойлиги ҳам экани, уни давлатнинг мутлақ мулки сифатида йўқ қилиб юборишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги  айтилади. Бундай муассасани ташкил қилиш, асраш ва қўллаб-қувватлаш жамият барча вакилларининг бурчи ва зиммасидаги вазифаси экани кўрсатиб ўтилади.

Тошкентдаги биргина хусусий кутубхона оммабоп китоблар савдоси билан шуғулланарди. Бу кутубхона ҳатто энг китобсевар бир ўқувчи эҳтиёжини қондиришга ҳам қурби етмасди.

Таклиф муаллифлари думага оммавий кутубхонани ўз қарамоғига ўтказиб, шундай муҳим ва ажойиб муассасани бутунлай йўқ бўлиб кетишдан асраб қолишни сўрашди. Таклифда кутубхонанинг шаҳар жамоат бошқарув тасарруфига ўтказилиши мазкур ташкилот ва жамоатчилик маблағига ҳеч қандай зарар келтирмаслиги кўрсатиб ўтилади.

Ушбу мазмундаги таклиф 1882 йили 22 декабрда шаҳар думаси мажлисида кўриб чиқилди. Дума кутубхонани қарамоғига олишга қарор қабул қилди ва уни ўлканинг олий бошқарувчисига етказиш учун олти нафар вакил танлаб олди.

Думанинг кутубхона масаласидаги қарори ўша кунлариёқ генерал Черняевга маълум бўлганди. У кутубхонани тарқатишга қаттиқ бел боғлаганди. Думага нисбатан қаҳрли муносабат билдиргач, бу масала қайта кун тартибига қўйилмади.

Тарож

1883 йили 1 январдан Туркистон оммавий кутубхонаси ёпилади ва унда сақланаётган 13 040 жилд китоб турли йўналишдаги бўлимларга ажратилади. Бу иш тўққиз ой давом этади ва якунида 2496 жилд ҳарбий илм ва тарихига оид китоб Туркистон ҳарбий округи Бош қароргоҳи кутубхонасига топширилади. Рус ва хорижий муаллифлар 846 жилддан иборат асарлари нашрлари Туркистон ўқув даргоҳлари Бошқармасига туҳфа қилинади. Оммабоп 514 жилд китоб Тошкент ҳарбий госпиталига топширилади.

Комиссия музей сақловхонасига берилиши мўлжалланган 9184 жилд илмий китоблар, Осиё ҳақида қимматли маълумотлар берувчи асарлар ва вақтли матбуотда эълон қилинган мақолалар тўпламини махсус ёғоч қутиларга жойлаб, бино таъмирлангунга қадар генерал губернатор девонига топширилди. Бу ишлар Туркистон оммавий кутубхонасининг талон-тарож воқеаси.

Манзара

Ўқувчига бу манзарада жаҳолат ва маърифатнинг қизғин курашини кўришга фақат, тарихий сатрларгина кўмак беради. Уни бошқа ҳолатда кўриб, томоша қилиб бўлмайди. Биз бу манзарани «Тажовуз» деб атадик. У ўнлаб рангли тасвирлари билан босқинчилар қирғинларини мадҳ қилган Василий Верешагин тўпламига кирмаган. Генерал-губернатор М. Г. Черняев Туркистонда бир қанча жоҳилларча амалга оширган тадбирлар оқибатда унинг ўзига зарар келтирди. Ахийри, ўзи қазиган чуқурга ўзи қулади. Русия салтанатида ҳам унга нисбатан салбий муносабатлар пайдо бўлди ва 1884 йили эгаллаб турган губернаторлик вазифасидан олиб ташланди. У 1898 йили 4 август куни Могилёв губернасида туғилган жойи Тубиши қишлоғида вафот этади. Қудратли бир тажовуз шу тариқа барҳам топди.

Бу пайтда Туркистон оммавий кутубхонаси Тошкентда қайта тикланиб, яна фаолиятини бошлаган эди.

 

Абдусаттор ЖУМАНАЗАР,

ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги  Шарқшунослик

институти катта илмий ходими.

Информеры