2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ОРОЛДАГИ «ЎЛИМ ШАҲРИ»

ёхуд борса келмас макони

(биринчи мақола)

Орол денгизининг нима учун қуриб қолгани борасида турли тахминлар бор. Халқимиз орасида Орол денгизи атроф-муҳитининг бузилишида Собиқ Иттифоқнинг қўли бор, деган гаплар юрарди. Бу бежизга эмас. Орадан йиллар ўтди, бу сирлар секин-аста очилмоқда. Хизмат сафари билан Орол денгизида бўлганимизда, мазкур жумбоқли орол ҳақидаги маълумотлар янада қизиқишимни оширди.

Возрождение ороли – «Ўлим шаҳри»

Возрождение – тикланиш, деган маънони англатади. Аммо бу ерлик аҳоли нима учундир «Ўлим шаҳри» дейишади. Манбаларда келтирилишича, бу манзил ўтган асрнинг охирги эллик йили мобайнида дунёдаги энг махфий ҳудудлардан бири ҳисобланган. Ҳатто у ерда хизмат қилган ҳарбий хизматчилар ўзларини қаердалигини билишмаган. Дунё харитасида номи қайд этилмаган, аммо Орол фожиасининг сабабчиларидан бири деб гумон қилинаётган Возрождение ороли ҳақида интернет тармоғида ҳам шу вақтгача маълумотлар кам эди. Аммо сўнгги Оролда ўрганиш ишлари олиб борилганлиги натижасида сирли шаҳарнинг жумбоқлари очилмоқда.

Орол денгизи қорақалпоқ халқининг энг катта йўқотишларидан бири бўлди. Денгиз сув тошқини билан кўзни қувонтирган даврларида 300 га яқин ороллар бўлиб, уларнинг энг йирик учтаси Барсакелмес, Кўкорол ва Возрождениедир. Айнан Возрождение ороли ўтган асрнинг 40-50-йилларидан бошлаб биологик қуролларни синовдан ўтказадиган ҳудудга айлантирилади. Бу ерга ҳарбий хизматчилар ва махсус мутахассислардан бошқа, бегона кишиларнинг кириши қатъиян ман этилади.

Мўйноқдан анча узоқда жойлашган, атрофи чўл билан қопланган ташландиқ шаҳарга назар ташлар эканмиз, чет эл киноларидаги хосиятсиз, руҳлар макон этган совуқ жойлар шу ерда суратга олинган дейсиз. Бўм-бўш ва вайронага айланган кўп қаватли бинолар таъбни хира қилади. Иссиқ шамол эсиб, нохуш ҳид димоғингизга тиқилади. Бундай ташландиқ ерлар кўп бўлиши мумкин, аммо оролнинг «Ўлим шаҳри» деб аталишига етарли асос бор. 1975 йилдан бошлаб Собиқ Иттифоқда биологик қурол ясаш ва синов билан шуғулланадиган «Биопрепарат» ташкилотида раҳбар лавозимида фаолият юритган, ҳозирги кунда АҚШда шифокор, олим, иммунология ва инфекцион касалликлар бўйича кўп йиллик тажрибага эга мутахассис Қанатжан Алибековнинг инглиз тилида «Biohazard» номли китобини варақлар эканман, бир муддат ўша даврга тушиб қолгандек бўлдим. Бу битиклар Орол денгизининг аянчли тақдири ва хотиралар, фактлар ҳамда таърифлаб бўлмайдиган ҳиссиётлардан иборат эди...

«Орол денгизидаги Возрождениеда олимлар биологик қуроллар синовларини ўтказишади. Ходимларга ҳатто ўз оилаларига қаерга ва нима учун кетаётганликларини айтиш мумкин эмасди. Возрождение ороли Аралск қўмондонлик пунктида тадқиқот ва синов комплексига мўлжалланган «давлат ичидаги ёпиқ давлат»ни ташкил қилди. Денгиз ташқи дунё билан боғлайдиган ягона йўл эди. Орадан йиллар ўтди, тажриба учун олиб келинган ҳайвонларга ҳавас қилган вақтимиз ўтиб кетди. У вақтларда зах сувни ичиб тирикчилик қилардик, ҳайвонлар эса ҳеч ким кўрмайдиган апельсин, олма, ҳатто банан ва бошқа янги мевалар билан озиқланар эди. Тадқиқот гуруҳларига кирган олимлар ҳам бу мўл-кўлчиликка узоқдан ҳайрон бўлишарди. Биз тажриба учун олиб келинган маймунларни Совет Иттифоқининг ягона бахтли аҳолиси деб ҳазиллашардик. Ҳайвонларнинг овқатларини истеъмол қилган одамларни ишдан олишарди ёки оғир меҳнат ишларига сургун қилишарди. Ҳозир эса унинг ягона аҳолиси калтакесаклардир. Тупроқ турли хил кимёвий моддалар билан заҳарланган, шунинг учун деярли ўсимлик бўлмайди. Лабораториялар олтита эскирган бинода жойлашган. Оролда яшовчиларининг сони баъзан юз элликтага етарди. (Бу фақат менинг кўрганларим), уларнинг орасида техник ходимлар ва бир гуруҳ ҳарбийлар ҳам бор, улар нафақат бизни ҳимоя қилишлари, балки ҳайвонларга ҳам ғамхўрлик қилишлари керак. Оролда махфий тарзда қурилган учиш-қўниш йўлаги ҳам бор эди.

Бир вақтлар Орол денгизи дунёдаги тўртинчи энг катта ички сув ҳавзаси эди, аммо 60-йилларнинг бошларидан у аста-секин қурий бошлади. Денгизга оқиб тушадиган дарёлар суви суғориш каналларига бурилди... Муваффақиятсиз ўйланган мелиорация қурғоқчиликка олиб келди. Кислотали ёмғир, касалликлар... Афсуски, биз Собиқ Иттифоқ туфайли ушбу минтақанинг атроф-муҳитини йўқ қилишда ҳам иштирок этдик».

«Сибирь куйдиргиси»

Оролда ярим аср давомида бактериологик қуроллар синовдан ўтказилган. Препаратлар намуналари Степногорск, Киров, Екатеринбург каби шаҳарлардаги биокимёвий лавораториялардан етказиб турилган. Ҳайратланарлиси бу каби синовлар бактериялик аэрозолнинг атмосферага тарқалиш кўламини тадқиқ қилиш учун Возрождение оролининг устки ҳаво қаватида ҳам юритилган. Шундай пайтлар орол атрофида, асосан жанубий қисмида юриш жуда хавфли бўлган. Тажриба ўтказилган пайтларда атроф яшил рангда туманлашиб кетган. У ҳақида Қанатжан Алибеков шундай ёзади:

«Оролдаги фавқулодда вазиятлар 1970 йилларда бошланади. Шу йилларда менинг раҳбарлигимда Степногорск шаҳрида ясалган «Сибирь куйдиргиси»нинг дунёдаги энг кучли штаммини ушбу оролда синовдан ўтказдик. 1972 йилда орол яқинида бўлган иккита балиқчи тўсатдан вафот этди. Шифокорлар унда ўлат бактерияларини аниқлашди. Аслида бу лабораториямиздаги синовлар натижасида тоза ҳавони заҳарли бактерияларга тўлдиришимизнинг дебочаси эди. 70-80-йилларда синов полигонининг шимолида яшайдиган кемирувчилар орасида ўлатнинг ўта юқори даражада тарқалиши кузатилди. Тажрибалар асосан очиқ майдонда ўрнатилган катта қозиқлар атрофида бўларди. Бир куни ўша қозиқларга ўнтача маймунларни боғлаб, уларнинг тепасидан «Сибир куйдиргиси»ни келтириб чиқарадиган биологик «бомба»ни сочдик. Шундай қилиб, махсус ўлчов асбобига юқумли штаммларнинг очиқ осмонда қандай қилиб тарқалишини, қанча вақтда тажриба-маймунларга етишини ва уларга қандай таъсир қилиб, қандай ўлишигача ёзилиб олинди. Маймунлар тепаларида «бомба» ёрилганида аввалида нима бўлганини билмай, кейинчалик безовталаниб қозиқ атрофида айланиб югура бошлади, сўнг оғизларини қўллари билан босиб, бошларини оёқлари ўртасига яшириб, кўп ўтмай жон таслим қилди. Манзара жуда жирканчли ва аянчли эди. Бу ерга келганимдан пушаймон эдим. Биз «Гиппократ қасами»ни ҳар кун бузар эдик. Экспедиция таркибидаги ёш олим аёл касалланиб қолди. Шаҳарга келгандан кейин унинг касалига чечак диагнози қўйилди. Кўп ўтмай касали тузалди, аммо касаллик 9 нафар кишига юқди ва улардан 3 нафари, жумладан укаси ҳам вафот этди».

«Сибирь куйдиргиси» дунёдаги энг хавфли антракс қуроли бўлиб, 10 килограмми 300 минг одам яшайдиган битта шаҳарни бир тунда қириб ташлаши мумкинлиги ҳақида айтилади. Возрождениеда эса 24 та вагон антракс кўмилган. 1999 йилда New York Times газетаси ушбу кўмилган антракс қуроли бутун дунё аҳлини бир неча бор йўқ қилиб юборишга қодирлиги, денгиз суви қуриб кетиши натижасида, орол келгусида ярим оролга айланса, у ердан кемирувчилар ва қушлар орқали касаллик тарқаб кетиши мумкинлиги ҳақида бонг уради. 1988 йил май ойида эса орол яқинидаги чўлда 50 минг бошдан иборат катта сайғоқ подаси 1 соат ичида нобуд бўлганлиги қайд этилади. Бир мунча вақт ўтгач, маҳаллий аҳоли денгиздан кўплаб ўлик балиқларни тортиб олади. Ҳеч ким нима бўлганини тушунмайди.

«1988 йил Россиянинг Свердловск шаҳри қошида ишлаб чиқарилган юзлаб тонна «Сибирь куйдиргиси»ни келтириб чиқарувчи қуроллар зангламайдиган махсус контейнерларга жойлаштирилади ва устига хлорли оҳак қуйилади. Кейинчалик минглаб километр йўл босиб Возрождение оролига кўмилди. Бизнинг тажрибаларимиз халқаро можарога сабаб бўлди. Шу вақтлар СССР инқирозга юз тутаётганлилиги боис бу ишларни тўхтатишнинг вақти келганди... 1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан кўп ўтмай, шифокорлар Марказий Осиёнинг баъзи минтақаларида вабо эпидемияси ҳақида хабар беришди. Ушбу воқеалар бизнинг фаолиятимиз билан боғлиқлигини исботлаш мумкин эмас, аммо эҳтимол кўпроқ.«Оролда полигон фаолияти тўхтатилгандан кейин Пентагон мутахассислари ва бошқа илмий экспедициялар томонидан бир неча бор тадқиқотлар ўтказилган. Лекин шу кунгача тадқиқот олиб борган қатор экспедициялар хулосасига кўра, ҳудудда эпидемиологик хавф кузатилмаган».

Ташландиқ шаҳарни кузатиб, шунга амин бўлдикки, бу ерда яшаш учун барча шароитлар яратилган. Мактаб, боғча, турар жой бинолари, бекатлар, ошхона, катта омборхоналар, шунингдек, қамоқхона ҳам бор. Эътиборимизни шаҳарнинг ўртасидаги катта қозонхона тортди. Чунки бу ерда крематорий печ ҳам бўлган. Тажриба ўтказилган ҳайвонлар шу ерда ёқиб юборилиб, жасадларнинг кули махсус жойга кўмилган. Баъзи маълумотларга кўра, касаллик юқтирган одамлар ҳам шу ерда ёқиб юборилган. Аммо шаҳар мародёрлар томонидан яхшигина талон-торож қилинган. Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган «Орол бўйини обод этайлик» лойиҳаси асосида Возрождениега яқин жойда, Шағала массивида қудуқлар қазилиб яшил оазис барпо қилинмоқда.

Оролдан қайтар эканмиз, ҳамроҳларимнинг хаёллари ҳам менга ўхшаб Возрождениеда қолгандек туйилди. Машина ойнасидан қарар эканман, авваллари шаҳар атрофи денгиз билан ўралган, ям-яшил дарахтлар, гўзал табиат кўз олдимга келди.

(Мақоламизнинг кейинги сонларида Возрождение оролини кўзи билан кўрган Мўйноқли балиқчилар суҳбатлари, «Сибирь куйдиргиси»нинг ҳозир оролда бор ёки йўқлиги, денгизнинг қуриб кетишининг асл сабаблари ҳамда Орол тақдири ҳақида ўқишингиз мумкин).

Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА

Информеры