2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЕВРОПА ТААССУРОТЛАРИ, ВАТАН СОҒИНЧИ

Кўплаб инсонларда дунёни кезиш, кўриш истаги устувор орзулардан бирига айланган. Қадимда ота-боболаримиз карвонларда гоҳ улов, гоҳ пиёда ўзга юртларга йўл олган бўлса, ҳозир ҳайбатли самолётлар истаган диёрингизга бир зумда элтиб қўяди. Моддий имкониятга эга бўлсангиз кифоя. Мен ҳам юрт хизмати сабаб Австрия пойтахти Вена шаҳрида истиқомат қилаётган ўғлимникига отландим. Юрган дарё деганларидек, бир қатор Европа давлатларига қилган саёҳатдан бир олам таассурот билан қайтдим. Словакия, Венгрия, Германия, ўзга юртлар, ўзга олам, ўзга маданият… Ушбу таассуротларимни сиз билан ўртоқлашгим келди. Шуни тан олишим керакки, Ватан сарҳадидан узоқлашганим он, мени ҳар қадамда юрт соғинчи қийнади.

ДУНЁ ЭЪТИБОРИДАГИ ШАҲАР

Икки ойлик сафаримнинг асосий қисми Вена шаҳрида ўтгани сабаб, шу гўша ҳақида кўпроқ тўхталишни лозим топдим. Австрия саноати ривожланган мамлакатлар қаторидан ўрин олган. Давлат ҳудудининг асосий қисми Альп тоғлари билан ўралган бўлиб, ўрмонлардан иборат. Вена ўзининг архитектураси ва барокко услубидаги иморатлари билан дунё сайёҳларини мафтун этиб келаётган замонавий туризм марказидир. Шаҳар XVIII – XIX асрлардан Европа маданияти (айниқса мусиқа маданияти)нинг йирик марказларидан бири ҳисобланади.

Махфий иқтисодчилар бирлашмаси (Economist Intelligence Unit) ўтказган халқаро йиллик тадқиқотларга кўра, дунёдаги инсон яшаши учун энг қулай шаҳарлар рейтингида Австриянинг Вена шаҳри биринчи, Мельбурн шаҳри эса иккинчи ўринга муносиб деб топилган.

Австрия Европа давлатлари орасида биринчилардан бўлиб ушбу тадқиқот рейтингида юқори натижани кўрсатди. Рейтинг жадвалидан дунёнинг 140 мамлакати жиноятчиликнинг олдини олиш, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида эришган ютуқлари ҳамда ижтимоий-сиёсий барқарорлик даражасига кўра ўрин эгаллади. Ва бу эътироф шу кунга қадар ўзгарган эмас.

Вена бағрида кўплаб тарихий бинолар: саройлар, черковлар, таълим даргоҳлари, музей ва кутубхоналарни асраб келаётган шаҳар бўлиб, давлат томонидан унинг классик асл қиёфасини асраб қолишга катта аҳамият берилган. Шу сабаб, шаҳар кўчалари торлиги билан ажралиб турса-да, транспорт қатновида муаммо сезилмайди. Менинг эътиборимни тортган нарса черковларнинг кўплиги бўлди. Шаҳарнинг кўплаб катта-кичик кўчаларида, ҳатто ўрмонлар ичида ҳам баланд черковларга дуч келасиз. Уларнинг қўнғироқ садоси ҳар қадамда қулоғингизга чалинади.

Дунай дарёси бўйида жойлашган Вена чиндан-да гўзал ва сокин. Аҳолиси ҳам шовқин-сурондан йироқ, муомаласи юмшоқ, ўзини тутишида босиқлик, тавозе сезилиб туради. Кўз-кўзга тушди дегунча сизга, албатта, майин табассум ҳадя қилади. Шаҳарда турли миллат вакиллари, муҳожирларни кузатиш мумкин. Сайёҳлар оқими беҳисоб. Кўчалар жуда озода, аммо бирор маротаба кўча тозаловчиларга кўзим тушмади.

Шаҳар ичида осмонўпар бинолар кам, асосан тўрт-беш қаватли уйлар жой олган. Архитектураси замон билан ҳамнафас, қадимги уйлар эса тошдан қурилган. Асрлар давомида шаҳарга неча тур истилочилар келиб кетган бўлса-да, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бинолар, тўғрироғи кичик саройчаларга дахл қилмаган.

Венага кўрк бахш этиб турган сабаблардан яна бири уйлар ва кўчаларни безаб турган анвойи гуллардир. Нафақат шаҳар, балки Вена атрофидаги кўплаб қишлоқлар ҳам гулларга бурканганига гувоҳ бўлдим. Шаҳар марказидаги катта хиёбонда эса атиргулнинг юзлаб ранг-баранг турларига дуч келасиз, ҳайратингиз, ҳавасингиз ошади.

Энг ҳайратланарлиси, шаҳар ичида жойлашган камалак ранглар жо бўлган эртакнамо шаҳарча ва унинг ўртасидаги узоқлардан кўзга ташланадиган ўзгача шаклдаги баланд минорадир. Санъат асари даражасида барпо этилган бу гўша барчанинг эътиборини тортиб, кўзни қувнатади. Бу жой аҳоли ажратадиган маиший чиқиндиларни ёқиб иссиқлик энергияси ҳосил қиладиган корхона эканлигини билгач, унинг архитекторига тасаннолар айтдим.

ВЕНА МУДОФАА ДЕВОРИ

Венага кириб борганимда илк кўрган иншоотим шаҳар мудофаа девори бўлди. Шаҳарни ташқи ҳужумлардан мудофаа қилиш учун император Леополд буйруғига асосан 1704 йилда барпо этилган деворнинг эни ўн метрга яқин бўлиб, ғиштдан қурилган. Думалоқ шаклда яратилган мудофаа деворининг ўз даврида 18 та дарвозаси бўлган ва ҳар бирининг орасига черковлар қурилган. Йиллар давомида ташқи ҳужумлар ва қаттиқ ер силкиниши сабаб, яроқсиз ҳолатга келган. Шундан сўнг, 1894 йилда кўп қисми олиб ташланган. Ўрнига кўчалар барпо этилган. 1893 йили Вена метрополитени қурилган. Айни дамда шаҳар ичидаги Маргарита туманидагина мудофаа деворининг маълум қисми черкови билан сақлаб қолинган.

Словакия, Венгрия давлатлари Австрия билан қўшни бўлиб, қурилиш архитектураси жиҳатидан бир-бирига жуда ўхшаш. Словакия пойтахти Братислава, Венгрия пойтахти Будапешт ҳам Дунай дарёси қирғоғида жойлашган. Дарёда манзил томон ошиқаётган оппоқ кемаларни томоша қилиш қалбингизга ўзгача хотиржамлик бағишлайди. Австриядан Германияга йўл олсангиз 800 км.лик масофанинг асосий қисми ўрмонлар оралаб ўтади. Ёз чилласида ҳам ҳарорат 17 – 25 даража. Ёғингарчилик мўл. Ўрмон ва тўқайзорлар ям-яшил.

 Албатта, ҳар бир саёҳатчи, айниқса қалам аҳли борки, ўзга юртда бўлганида ўз Ватанининг қайсидир томонларини қиёслайди. Мен ҳам Ўзбекистонимнинг ўзига хослигини қайта-қайта кашф қилиб бордим. Кенг кўчалар, замонавий бинолар, бағрикенг, содда халқимиз орасидаги самимий меҳр-оқибатни ўзга юртлардан топиш қийин. Юртимизга серқуёш деб таъриф берилиши бежиз эмас. Хорижда бўлганимда тонгни қарғалар товуши билан қарши олган бўлсам, Ватанга қайтиб субҳидамда сайроқи қушлар навосидан қалбим хотиржам тортди. Шундай диёрда туғилганимга шукроналар келтирдим. Ватанга бўлган муҳаббатим, соғинчим битилган шеърлар қоғозга тўкилди…

Зулфия ЮНУСОВА  

Информеры