2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ТОКИО - 2020» САРИ ОЛҒА!

Ўзбекистон сиз билан!

Июль ойида дзюдо бўйича иккита йирик мусобақа – Будапешт ва Загреб Гран-прилари ўтказилди. Халқаро дзюдо федерацияси (ХДФ) ҳам ой охирида спортчилар янги рейтингини эълон қилди. Унга кўра олти нафар дзюдочимиз, жумладан 3 нафар Мудофаа вазирлиги спорт клуби (МВСК) вакили жамғарган рейтинг очколари билан «Токио – 2020» ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмасига эга зонада.

Бу ҳозирча, чунки дзюдочиларни олдинда XXXII ёзги Олимпиада ўйинларининг рейтинг очколари тақдим этиладиган яна бир қатор йирик турнирлар, энг муҳими, жаҳон чемпионати кутмоқда. Ушбу мусобақалар барчасини ўзгартириб, бугунги ҳолатни тамоман аксига ўгириб юбориши мумкин. Спортчиларга эса Олимпиада рейтинг очколарини йиғишнинг сўнгги муддати этиб 2020 йил 25 май белгиланган.

Шундай бўлса-да, мухлисни бугунги ҳолат ҳам бефарқ қолдирмайди, спортчиси рейтингда қанчалик юқори ўринда бўлса, шунчалик фахрланади, ғурурланади. Имкони борича суюкли спортчисига яқинлашишга, бўлажак турнирларда ёнма-ён туриб уни қўллаб-қувватлашга интилади.

Венгрия ва Хорватия пойтахтларидаги Гран-при турнирлари олдидан Испанияда 30 га яқин давлатнинг етакчи полвонлари иштирокида халқаро ўқув-машғулот йиғини ташкил этилди. Мазкур ўқув-машғулот йиғини ва Гран-при турнирларининг аҳамиятли жиҳати шунда эдики, терма жамоалар мураббийлари жаҳон чемпионати олдидан шогирдларининг қандай ҳолатда эканлигини кўздан кечириб олиш имкониятига эга бўлишди. Спортчилар мусобақаларда жаҳон чемпионати ва «Токио – 2020» ёзги Олимпиадаси учун қимматли рейтинг очколарини қўлга киритиш учун беллашишди. Ана шундай нуфузли мусобақалардан сўнг ХДФ томонидан эълон қилинган янги рейтинг, албатта, шунчаки оддий мухлисни ҳам бефарқ қолдирмайди.

Юртимиз дзюдо мухлисларининг эътибори биринчи навбатда Шарофиддин Лутфуллаевга қаратилиши табиий, чунки у Будапештдаги турнирда чорак финалгача етиб борди. Загреб Гран-присида эса ғолиб чиқди. Ҳа, спортчимиз ушбу муваффақиятлари туфайли ўз ҳисобига 900 дан кўпроқ рейтинг очкосини қўшди ва 60 килограммгача вазнлилар рейтингида 4-ўринга кўтарилиб олди. Энди унда 2207 рейтинг очкоси (бу ерда фақат Олимпиада рейтинги назарда тутиляпти, жаҳонники эмас) мавжуд ва пешқадам Роберт Мшвидобадзедан (Россия) 534 очко ортда қолмоқда. Агар рейтингдаги шу ўрин, даража ёки ҳолат 2020 йил 25 майгача сақланса, қолаверса айни кунда рейтингда 490 очко билан 43-поғонани эгаллаб турган МВСК аъзоси Диёрбек Ўрозбоев ҳамюртини қувиб етмаса, Шарофиддин «Токио – 2020» йўлланмасига эга бўлади. Ҳа, бир давлатдан бир вазнда икки нафар ёки ундан ортиқ дзюдочи йўлланма зонасида бўлса, Олимпиадага қайси спортчиси бориш масаласини мамлакат Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) ва федерация ҳал қилади.

Ўзбекистон дзюдочиларининг яна 5 нафари бугунги кунда ХДФ рейтингида ана шундай йўлланма эгаси зонасида, уларнинг 3 нафари МВСК вакилларидир. Хусусан, энг оғир вазнда (+100 кг) беллашаётган МВСК аъзоси Бекмурод Олтибоев 1724 очко билан рейтингда 6-поғонани банд этган. Қизиғи, ушбу вазн тоифасида Загреб Гран-присининг бронза медалини қўлга киритган ва ўз ҳисобига дастлабки 356 очкони ёзиб, рейтингда 49-ўрингача кўтарилган (аввалги рейтингда очкосиз ва қуйи поғонада эди) яна бир полвонимиз Алишер Юсупов ҳам яхши имкониятга эга. Бироқ у ҳозирча Олимпиада йўлланмаси зонасида эмас.

Юқорида таъкидланган «бир юртдан бир вазнда икки спорт бўлса-чи?» масаласи бизда мавжудки, бу яхшилик аломати. Бу, аввало, ушбу спорт тури юртимизда яхши йўлга қўйилганидан далолат. Рейтинг юқори поғоналари маҳоратли спортчиларимиз билан бандми, демак ушбу спорт тури бўйича юртимизда ўсиш, ривожланиш бор. Хуллас, ХДФнинг янгиланган рейтингига мувофиқ 66 килограммгача вазн тоифасида бир йўла икки нафар дзюдочимиз Олимпиада йўлланмаси зонасида, булар – 974 очко билан рейтингда 21-ўринни эгаллаган Сардор Нуруллаев (МВСК аъзоси) ва 919 очко билан 25-ўринни банд этган Шаҳрам Аҳадов. Ушбу вазн тоифасидаги яна бир дзюдочимиз – Муҳриддин Тиловов ҳам яхшигина имкониятга эга: 512 очко билан рейтингда 46-ўрин, аммо йўлланма зонасида эмас, бунинг учун у ҳали анча тер тўкишига тўғри келади.

Ҳамюртимиз Ҳикматилло Тўраев (-73 кг, 1356 очко, 13-ўрин) ва МВСК аъзоси Муҳаммадкарим Хуррамов (-100 кг, 891 очко, 25-ўрин) ҳам рейтингда Олимпиада йўлланмаси зонасида. Таъкидлаш жоиз, Ҳ. Тўраев янги рейтингда аввалги ўрнидан уч поғона пасайди, яъни 10-ўриндан 13-поғонага тушди. Шунингдек, 705 очко билан ўз вазн тоифасида 36-ўринни эгаллаб турган ҳамюртимиз Шарофиддин Болтабоев (-81 кг) ҳам икки поғона пастга шўнғиган.

Аёл дзюдочиларимиздан ҳозирча ҳеч ким рейтингда Олимпиада йўлланмаси зонасида эмас, хусусан МВСК аъзоларидан Диёра Келдиёрова (-52 кг) 665 очко билан 34-ўринни, Гулноза Матниёзова (-70 кг) 600 очко билан 36-ўринни эгаллаб турибди.

ХДФ эълон қилган рейтингдаги ҳолатимиз ҳозирча ёмон эмас. Дзюдочиларимизга бундан кейинги турнирларда янада яхшироқ муваффақиятлар тилаб, «Асло бўшашманг, дунёнинг энг нуфузли мусобақаси – Олимпиада сари олға, келажаги буюк давлат – Ўзбекистон сиз билан!» деб қоламиз.

 

РОССИЯДАН САККИЗТА МЕДАЛЬ

Россиянинг Каспийск шаҳрида бокс бўйича Магомед-Салам Умаханов хотирасига бағишланган XXI халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Ўзбекистонлик боксчилар халқаро турнирнинг 8 та медалига эгалик қилишди. Совринларнинг 3 таси Мудофаа вазирлиги спорт клуби (МВСК) аъзоларига тегишли бўлди.

Дастлабки кун жангларида фақат бир боксчимиз, яъни Бобурмирзо Толибов (-64 кг) ўз вазн тоифасидаги баҳсда мезбонлар вакилига имкониятни бой бериб қўйди, қолган 4 нафар боксчимиз турнирни ғалаба билан бошлашди. Иккинчи куни рингга чиққан боксчиларимиз ҳам зафар қозонишди ва шу тариқа Россияга борган вакилларимизнинг 9 нафари турнирнинг чорак финалигача, 8 нафари эса ярим финалигача муваффақиятли одимлади. Дарвоқе, терма жамоамиз аъзоси Лазизбек Муллажонов (-91 кг) қуръа натижасига кўра баҳсларни ярим финалдан бошлади.

Мусобақанинг ҳал қилувчи баҳсларида 5 нафар боксчимиз олтин медаль учун жанг қилди ва уларнинг 2 нафари чемпионга айланди. Хусусан, ҳамюртимиз Аброр Қодиров (-52 кг) финалда мезбонлар вакили И. Алисолтановни йирик ҳисобда енгиб, олтин медални қўлга киритди. Абдулҳай Шораҳматов (-56 кг) эса финалда ҳиндистонлик рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва турнир ғолибига айланди.

МВСК аъзолари – Отабек Холматов (-60 кг) ва Билолбек Мирзараҳимов (-69 кг) финалгача муваффақиятли жанг қилишди. Отабек ҳал қилувчи баҳсда россиялик Бадрутдиновга, Билолбек ҳам мезбонлар вакили Маҳмудовга имкониятни бой бериб қўйди ва иккиси ҳам халқаро хотира турнирининг кумуш медали билан тақдирланишди. Шунингдек, ҳамюртимиз Саиджамшид Жафаров (-75 кг) ҳам фақат финалда рақибига ютқазиб, терма жамоамиз ҳисобига учинчи кумуш медални келтирди.

МВСК боксчиси Акмурад Ғаффаров (-75 кг) ҳамда юртдошларимиз Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг) ва Лазизбек Муллажонов (-91 кг) ўз вазн тоифаси бўйича жанглар якунида бронза медалини қўлга киритишди.

Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси боксчилари мазкур халқаро турнирнинг 2 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза, жами 8 та медалига сазовор бўлишди.

Р. ЭРМУҲАММАД

 

 

 

 

Информеры