2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АРМИЯМИЗ СПОРТЧИЛАРИ ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ!

Руминияда байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилди. Унда юртимиз спортчилари ҳам иштирок этди ва ғолиблик шоҳсупасига кўтарилишди. Қўлга киритиФлган медалларнинг барчаси Мудофаа вазирлиги спорт клуби (МВСК) аъзоларига тегишли бўлди.

Байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорт тури хусусида сўз очилганда, мамлакатимиз спорт мухлислари биринчи навбатда офицер Вадим Меньковни тилга олишади. У кўплаб халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлишдан ташқари икки марта жаҳон чемпионлигига эришиб, Ватанимиз довруғини дунёга таратишга салмоқли ҳисса қўшганлиги билан юртимиз спорт мухлислари кўнглидан чуқур жой олган. Қувонарлиси эндиликда мамлакатимизда унинг муносиб издошлари пайдо бўлмоқдаки, буни ўтган ҳафта Руминияда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳам кўрсатди. Ҳамюртларимиз томонидан қўлга киритилган 2 та олтин ва битта кумуш медаль айнан армиямиз спортчиларига тегишли бўлди.

Терма жамоамиз ҳисобидаги биринчи олтин медаль 200 метрга каноэда эшкак эшиш бўйича аёллар ўртасидаги жуфтлик баҳсларида қатнашган МВСК аъзолари – Дилноза Раҳматова ва Нилуфар Зокирова томонидан қўлга киритилди. Ушбу жуфтлик 43.340 сония натижа кўрсатиб, биринчиликда ғолиб чиқди ва «Каноэда эшкак эшиш бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони» деган юксак шарафга муяссар бўлди. Белгиланган масофани босиб ўтишда вакилларимизга нисбатан 0.780 сония кўпроқ вақт сарфлаган Польша (С. Шербинска/ Д. Боровска) жуфтлиги кумуш, 1.644 сония кўпроқ вақт сарфлаган Беларусь (Д. Саланенка/ К. Бобр) жуфтлиги эса бронза медаль соҳибига айланди.

Дилноза Раҳматова ҳамда Нилуфар Зокирова учун ушбу ғолиблик дунё миқёсидаги илк муваффақият эмас. Улар 2015 йилдан буён ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Жаҳон кубоги ҳамда жаҳон чемпионатларининг каноэда эшкак эшиш бўйича яккалик, жуфтлик каби бир неча йўналишлари ҳамда турли масофа бўйича баҳсларида мунтазам равишда қатнашиб келишади ва бир неча бор ғолиб ҳамда совриндорлар сафидан жой олишган. Хусусан, халқаро тоифадаги спорт устаси Нилуфар Зокирова – 2015 йилда Португалияда ўтказилган жаҳон чемпионатининг кумуш ва бронза медалини қўлга киритган; 2016 йилда Францияда ўтказилган Жаҳон кубогининг ғолиби ҳам кумуш медали соҳибаси; 2018 йилда Болгарияда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг 2 та кумуш медали эгаси. Бу борада Дилноза Раҳматованинг муваффақиятлари ҳам қарийб Нилуфарники билан тенг.

Руминияда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида терма жамоамиз аъзолари томонидан қўлга киритилган иккинчи олтин медаль 200 метрга каноэда эшкак эшиш бўйича эркаклар ўртасидаги яккалик баҳсларида юз берди. МВСК аъзоси, 2017 йилги Осиё кубогининг 4 та олтин медали соҳиби Артур Гулиев маррани 38.717 сонияда кесиб ўтиб, жаҳон чемпиони бўлди. Кейинги ўринларни испаниялик Пабло Грана ҳамда болгариялик Ангел Кодинов эгаллади. 200 метр масофани кесиб ўтиш бўйича Артурга нисбатан Пабло 1.122 сония, Ангел эса 1.230 сония кўпроқ вақт сарфлади. Эслатиб ўтамиз, Артур бир қатор мусобақаларда Вадим Меньков билан бирга, яъни жуфтлик ҳосил қилиб ёки учлик ва тўртликларда ҳаракатланиб, совриндор бўлган. Энди яккалик баҳсларида Вадимнинг издоши эканлигини намойиш этмоқда. Баракалла!

Жаҳон чемпионатининг сўнгги куни ҳам терма жамоамиз учун муваффақиятли бўлди. Аввалига 200 метр масофа бўйича ғолибликни нишонлаган МВСК вакилларидан иборат Д. Раҳматова/ Н. Зокирова жуфтлиги мусобақанинг сўнгги куни 500 метр масофага ўтказилган пойгада 2-ўринни эгаллаб, кумуш медални қўлга киритди. Улар белгиланган масофани россиялик К. Курах/ Д. Харшенко жуфтлигидан кейин босиб ўтишди, аниқроғи мусобақа ғолибларидан атиги 0,778 сонияга ортда қолишди. Кучли учликни Венгрия терма жамоаси (С. Кисбан/ Г. Брагато) жуфтлиги якунлаб берди.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мазкур жаҳон чемпионатини 2 та олтин ва битта кумуш, жами 3 та медаль билан якунлади. Бу умумжамоа ҳисобида жаҳон миқёсида бешинчи натижа демакдир.

Ватан шон-шавкати, халқ ору ғурури учун курашганлар ҳеч қачон ҳаётда кам бўлмайди, улар доим эл-юрт ардоғида. Жаҳон чемпионатида мамлакатимиз спорт шарафини муносиб ҳимоя қилиб, Ватан байроғини кўкка кўтарган ҳолда тараннум этганлар анъанага биноан Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Мудофаа вазирлиги вакиллари, юртимиз спорт жамоатчилиги ва журналистлар томонидан тантанали равишда кутиб олинди.

Жараёнда Ватан байроғи кўтарилди, юртимиз мадҳияси янгради. Ёшларнинг муваффақияти спорт жамоатчилиги томонидан улуғланди ва улар янада улкан зафарлар сари чорланди, ўзбекона тўнлар ёпилди, эсдалик учун суратлар олинди, совғалар улашилди.

Расул ЖУМАЕВ

 

Информеры