2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЯМАН ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

Яман республикаси 1990 йилда икки кичик давлатШимолий Яман араб республикаси (ЯАР) ва Жанубий Яман халқ демократик республикаси (ЯХДР) бирлашганидан сўнг ташкил этилган. Бирлашувга қадар ЯАР армияси асосан Ғарб давлатларида, ЯХДР эса Шарқ мамлакатларида ишлаб чиқарилган ҳарбий техника ва қуроллар билан таъминланган.

Таъкидлаш жоизки, кичик давлатлар бирлашганига қарамай, Шимол ва Жануб ўртасидаги ўзаро зиддиятлар давом этган ва бу 1994 йилда фуқаролар урушига олиб келган. Ушбу тўқнашувлар мобайнида ҳар икки давлат Қуролли Кучларига қарашли жанговар техника ва қуролларнинг каттагина қисми (шу жумладан, 20 га яқин МиГ-21Ф, Су-20, Ми-25, Ил-14 русумли қирувчи ва штурмчи самолётлар) йўқ қилинган. Бунинг устига, 2011 йилдан буён мамлакатда ИШИД террорчилик ташкилоти билан боғлиқ бўлган экстремистларга қарши кураш тинимсиз давом этиб келмоқда. Арабистон ярим оролидаги қўшниларидан фарқли равишда, Яман деярли нефть захираларига эга эмас. Шу сабабли ҳам мамлакатга қарашли кўп сонли армия (ҳозирда шахсий таркибнинг умумий сони 66 700 кишини ташкил этади) асосан эскирган ва деярли яроқсиз ҳолга келиб қолган ҳарбий техникага эга. 90-йилларнинг иккинчи ярмида Россия, Украина, Беларусь, Чехия ва Польшадан фойдаланишда бўлган жанговар техникаларни харид қилиш бўйича атиги бир неча шартнома тузилгани ҳам мамлакатнинг муайян молиявий қийинчиликларга эгалигидан далолат беради.

Яман республикаси Қуролли Кучлари Қуруқликдаги қўшинлар (60 минг киши), Ҳарбий ҳаво кучлари (3 минг киши), Ҳарбий денгиз кучлари (1,7 минг киши) ва Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари (2 минг киши)дан ташкил топган. Шунингдек, мамлакатда ички хавфсизлик ва тартибни сақлаш учун бошқа қуролли қўшилмалар ҳам тузилган бўлиб, улар таркибига Халқ мудофааси кучлари (17,5 минг киши), Миллий хавфсизлик вазирлигига қарашли қисмлар (50 минг киши) ва турли қабилаларнинг қуролли отрядлари (20 минг киши) киради. Ҳарбий харажатлар учун ажратиладиган маблағ миқдори 942 миллион доллар. Мамлакат армияси чақирув бўйича бутланади ва ҳарбий хизмат муддати 24 ойни ташкил этади.

Қуруқликдаги қўшинлар

Яман Қуролли Кучларининг асосий ва энг кўп сонли тури ҳисобланувчи Қуруқликдаги қўшинлар таркибида жами 44 та бригада бўлиб, улар орасида пиёдалар (16 та), бронетанк (8), механизациялашган (6), ҳаво десанти ва коммандос (2), артиллерия (4), ракета (2), махсус вазифаларни бажарувчи (1), зенит артиллерияси (4) бригадаси ва ҳукумат гвардияси (1) бор. Қўшин тасарруфида турли русумдаги жанговар ва енгил танклар, оператив-тактик ракеталарни ишга тушириш қурилмалари, жанговар пиёдалар машиналари, зирҳли транспортёрлар ва жанговар разведка машиналари, дала артиллерияси тўплари ва миномётлар, танкка қарши кураш воситалари, бараварига ўт очувчи ракета тизимлари, зенит-ракета комплекслари, танкка қарши ракеталарни ишга тушириш қурилмалари ва бошқа қуроллар бор (инфографикага қаранг). Юқорида айтиб ўтилганидек, танк ва зирҳли техника парки анча катта, аммо асосан эскирган машиналардан иборат. Улар орасида 2000 йилда Россия ва Беларусдан харид қилинган ва кейинчалик модернизация қилинган Т-72Б ва Т-72АГ русумли танклар нисбатан янги ҳисобланади.

Ҳарбий ҳаво кучлари

Яман армиясининг бу турдаги қўшинлари ҳам бригадаларга ажратилган бўлиб, улар таркибида 6 та авиацион ва 6 та ҳаво ҳужумидан мудофаа бригадаси бор. Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли жанговар техника таркибидан Россияда ишлаб чиқарилган МиГ-29, МиГ-21, МиГ-21МФ, Су-22МЗ, МиГ-23БН ва F-5 (АҚШ) русумли қирувчи ва бомбардимончи, «Цессна-208» ва «Бич-350» типидаги енгил разведка самолётлари, турли русумдаги транспорт ва ўқув-машқ самолётлари, шунингдек, Ми-24Д типидаги зарбдор, Ми-8, Ми-17 ва Ка-32С русумли кўп мақсадли ва транспорт, UH-1H, АВ-212, АВ-204/206 (АҚШ) типидаги вертолётлар жой олган.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ихтиёрида С-75, С-125 ва «Квадрат» типидаги зенит-ракета комплекслари билан таъминланган 29 та дивизион (160 та ишга тушириш қурилмаси) бўлиб, уларнинг аксарияти эскирган.

Ҳарбий денгиз кучлари

Яман Ҳарбий денгиз кучлари, бир қатор араб давлатларидаги сингари, Қуролли Кучларнинг кам сонли ва нисбатан заиф тури ҳисобланади. Қўшинга қарашли кемаларнинг катта қисми анча эскирган ва деярли яроқсиз ҳолга келиб қолган. Ҳозирга келиб, жанговар сафда «Tarantul-1» русумли 2 та соқчи кема, Хитойда ишлаб чиқарилган «Huangfen» типидаги 3 та ракета катери, «Yevgenia» типидаги 5 та тралчи кема (Россия), «Виджилант» (Франция), «Сана» (Голландия), «Бэй» (Австралия) ва бошқа типдаги 22 та соқчи катер, «Ropucha» ва «Люблин» русумли 2 та десант кемаси, «Деба» русумли 3 та катер (барчаси Польшадан харид қилинган), Т-4 типидаги 1 та кичик десант кемаси, шунингдек, 3 та ёрдамчи кема (танкер), 20 га яқин кичик патруль катери ва 6 та тралчи катер бор.

Информеры