2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БЕДАНА – МИТТИ ЖОНЗОТ

Баҳор кунлари теварак-атроф янада чирой очади. Гулу чечаклар ифори оламни тутади. Илк бор бойчечак, кейин эса бинафша, заъфарон ва гажакўтлар ўтлоқларни безайди. Беҳисоб лолақизғалдоқлар кўзимизни қувнатади. Ҳа, фасллар келинчаги тоғларда ҳам ўзига хос кечади. Яйловларни ям-яшил гилам қоплайди. Қуёшнинг заррин нурлари остида анҳорнинг биллурдек зилол суви илий бошлайди. Табиатнинг гўзаллигига ошуфта беданалар ҳам  бундай пайтда  сўлим ва бехавотир масканлардан  қўним топади.

Бедана – товуқсимонлар туркумининг  кичик вакили ҳисобланади. Нар қанотларида йўл-йўл оқимтир чизиқлари кўзга ташланиб, устки қисми сарғиш-қўнғир бўлади. Макиёниники бирмунча бошқача: бўйнининг олдинги қисми оқимтир, танасининг икки ёнида қизғиш тусли холлари бўлади. Уларда баҳорнинг илк кунлариданоқ кўпайиши учун жуфтлашиш мавсуми бошланади. Кунлар ўтиб, тухумлардан чиққан оч палапонлар учун ҳашаротлар айни муддао. Палапонлар тез яшовчан ва мослашувчан бўлиб, яхши ривожланади, чидамли. Ҳадемай, бўйлари ота-оналари билан тенглашиб, емиш илинжида тирноқлари билан ерни титкилаб, тез йўрғалайди. Хавф-хатар туғилганда, бир жойда қимирламай туради ва бир зумда буталар оралаб, кўздан ғойиб бўлади. Улар асосан қош қорайганда ва тунда серҳаракат бўлиб, ўсимлик уруғи ҳамда новдалари билан озиқланишади. Ҳашарот ва умуртқасиз майда жониворларни ҳам эътибордан четда қолдирмайди. Майса ўтлари қалин бўлган жойни макон тутади. «Бедананинг уйи йўқ, қайга борса битбилдиқ», деб шуни айтсалар керакда.

Ҳаво очиқ бўлган кунларнинг бирида ота-бола ов тадоригини кўриб, тўрқовоқ, қуш макиёнига ўхшаш товуш чиқарадиган ҳуштак, ёйма тўр кабиларни ҳозирлашди. Улар ўргатилган содиқ ити мўйноқ билан кенг беда майдонига етиб келгач, ортиқча ҳаракат қилмасдан, имо-ишоралар орқали узун таёққа ёйма тўр – матрапни ўрнатди ва четдан кузата бошлашди. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан, тўрқовоқда бедана сайроғи эшитилди. Унга жавобан бу ердан унчалик узоқ бўлмаган жойдан нар қуш сайроғи қулоққа чалинди. Кейин бошқалари ҳам жўр бўлиб қўшилишди. Қизиғи, беданалар сайроғи бир-бириникига асло ўхшамасди. Бир зумда ҳавода яна бир бедана пайдо бўлди. У тўғри матрап – узун таёққа ўрнатилган тўрга ўзини уриб, тузоққа тушди. Ота-бола ўлжани эпчиллик ва эҳтиёткорлик билан қўлга олишди.

Шу куни чинакам бедана ишқибозлари ов қилиш вақти ва миқдорини яхши англаганликлари учун қўлга киритган ўлжалар билангина кифояланиб, ортга қайтишди. Ота-бола табиат шайдолари эмасми, митти жонзотларни овози, ёқимли хониши ҳамда шифобахш тухумлари учун ҳовлида астойдил парваришлашга киришди. Афсуски, атрофимиздаги айрим  нопок кимсалар бедана гўштини даромад манбаи, деб ҳисоблаб, меъёридан зиёд овлаш ниятида беозор қушлар ҳаловатини бузиб келаётганлиги кўнгилларни хира қилади. Истардикки, бу митти қушларнинг сеҳрли овози, хониши ва ҳавода қанот қоқиши хонадонларимизга файз бағишлаб тураверсин. Уларни томоша қилиб, киши ором олади. Қушлар кўзга кўринмас ришта билан  бизни боғлаб туради. Уларни асраб-авайлаш сиз ва бизга ҳам боғлиқ.

Абдулла САИДОВ

 

Информеры